Сўнгги йилларда Ўзбекистонда солиқ тизимини ислоҳ қилиш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва рақамлаштириш жараёнлари изчил равишда амалга оширилмоқда. Бу йўналишда қабул қилинган қарор ва дастурлар иқтисодиётда очиқликни таъминлаш, яширин айланмаларни қисқартириш ҳамда давлат бюджети даромадларини барқарор оширишга хизмат қилмоқда.
Ўтган йил Ўзбекистон солиқ тизими учун муҳим бурилиш даври бўлди. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил якуни билан республика бўйича давлат бюджетига 247,8 трлн. сўм солиқ ва мажбурий тўловлар тушуми таъминланди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 24 фоизга юқори бўлиб, солиқ маъмуриятчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар, рақамлаштириш жараёнлари ва иқтисодий фаолликнинг ошиши билан изоҳланади.
Иқтисодий тараққиёт ва молия вазирлиги таҳлилларига кўра, солиқ тушумларининг барқарор ўсиши давлат бюджети ижросининг мустаҳкамланиши, ижтимоий ва инфратузилмавий дастурларни ўз вақтида молиялаштириш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда солиқ сиёсатида асосий эътибор солиқ юкини оптималлаштириш, солиқ базасини кенгайтириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда иқтисодий фаол субъектлар сони сезиларли даражада ошган, бу эса солиқ тушумларининг ўсишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, солиқ маъмуриятчилигининг такомиллашуви натижасида солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолият юритишга қизиқиши ошди. Солиқ ҳисоботлари тақдим этиш жараёни соддалаштирилди. Бюджет тушумларининг прогнозлилиги таъминланди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2025 йилда солиқ турлари бўйича тушумлар қуйидагича шаклланди. Фойда солиғи 72,3 трлн. сўмни ташкил этган. Ушбу солиқ тури бўйича тушумлар 2024 йилга нисбатан 37 фоизга ўсди. Бу корхоналар фойдадорлигининг ошиши ва ҳисоб-китоблар шаффофлигининг яхшилангани билан боғлиқ.
ҚҚС тушумларининг ўсиши электрон ҳисоб-фактуралар тизимининг тўлиқ жорий этилиши ва айланмаларни рақамли назорат қилиш билан изоҳланади. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 42,4 трлн. сўмни ташкил этган. Бу меҳнат бозорида расмий бандлик даражасининг ошиши ва иш ҳақи фондларининг ўсганини кўрсатади.
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ 25,8 трлн. сўм (28 фоиз)ни ташкил этган. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ҳисобга олиш тизимининг кучайтирилиши ушбу солиқ турида юқори ўсишни таъминлади.
Шунингдек, акциз, ер, мол-мулк, айланмадан олинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича ҳам барқарор ўсиш қайд этилди.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2025 йилда солиқсиз тушумлар 19,5 трлн. сўмни ташкил этди ва бу 31 фоизга ўсишни кўрсатди. Ушбу тоифага дивиденд тўловлари, божхона йиғимлари, жарималар ва бошқа мажбурий тўловлар киради.
Иқтисодий тараққиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, солиқсиз тушумлар улушининг ортиши давлат активларини бошқариш самарадорлигининг ошганини англатади.
Солиқ қўмитасининг таъкидлашича, 2025 йилда солиқ маъмуриятчилигида рақамлаштириш жараёнлари ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
Жумладан, онлайн назорат-касса машиналари тўлиқ жорий этилди. Электрон ҳисоб-фактуралар тизими орқали товар айланмалари назоратга олинди. Солиқ ҳисоботларини автоматик шакллантириш кенгайтирилди. Риск-таҳлил тизимлари орқали текширувлар самарадорлиги оширилди. Натижада инсон омили камайиб, коррупция хавфи пасайди, солиқ тўловчилар билан давлат ўртасидаги ишонч мустаҳкамланди.
Бир сўз билан айтганда, 2025 йилда солиқ тушумларининг 247,8 трлн. сўмга етиши Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланаётганини ва давлат молия тизимининг мустаҳкамланаётганини тасдиқлайди. Мутахассисларнинг фикрича, солиқ сиёсатидаги изчиллик ва рақамлаштириш жараёнлари давом эттирилса, келгуси йилларда ҳам бюджет тушумлари барқарор ўсади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА