French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Сингапур: Давлат хизматчиларини тайёрлаш тизимидаги ҳамкорликнинг янги босқичлари
20:18 / 2023-05-24

Сингапур ҳар жиҳатдан намуна оладиган давлат, унинг давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳасидаги бой тажрибасини ўрганиш ва янги Ўзбекистонда қўллаш олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларга мос келади. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Ли Куан Ю номидаги давлат сиёсати мактаби ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.

Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ҳам бўлди.

Ҳалима Яқуб хоним Сингапурда давлат хизматчилари ва рақамлаштириш соҳасида кадрларни тайёрлаш жараёни тизимли  равишда ташкил қилингани, “Ақлли миллат” ташаббуси доирасида давлат даражасида рақамли трансформациянинг драйвери бўлишга қодир кадрларни тайёрлаш масаласи каби долзарб мавзулардаги тажрибалари ҳақида сўзлаб берди.

Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов меҳмонларга Академиянинг янгиланган стратегик тузилмаси, ўқув дастурлари, илмий  фаолияти ва истиқболли вазифалар бўйича маълумот берди.

Тадбирда Ли Куан Ю номидаги давлат сиёсати мактаби профессори Эдуардо Арарал Сингапурдан онлайн тарзда сўзга чиқди ва икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, жумладан, давлат хизматчиларини ўқитишдаги ўқув, услубий ва ташкилий-техник масалаларга доир мулоҳазаларини билдирди.

– Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар жаҳон экспертларининг ҳам нигоҳида бўлиб турибди, – деди профессор Эдуардо Арарал. – Хусусан, ўзим ҳам мазкур ўзгаришларни ҳайрат билан кузатяпман. Самарали бошқарув ва кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга тўғри ёндошув бўйича Сингапур давлати билан тажриба алмашиш бўйича ўрнатилаётган ҳамкорлик алоқаларини қўллаб-қувватлайман.

[gallery-12032]

Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари ва докторантлари иштирокидаги мулоқот давомида Ҳалима Яқуб Сингапурнинг биринчи аёл Президенти сифатида замонавий лидер аёл қиёфаси ҳақидаги саволга жавоб берар экан, ўзининг тажрибалари ҳақида тўхталди.  Сингапурдаги “Миллий китобхонлик ҳаракати” беш йиллик дастури тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, миллат миқёсида китобхонликни тарғиб қилиш борасидаги  фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Маълумот учун: Сингапурнинг биринчи Бош вазири ва ушбу мамлакат “иқтисодий  мўъжизаси” муаллифи Ли Куан Ю шарафига номланган мактаб давлат сиёсати ва халқаро муносабатлар соҳасида кадрлар тайёрлаш, илмий ва сиёсий тадқиқотлар ўтказишга ихтисослашган. Ушбу мактаб бир неча йиллар давомида халқаро рейтингларда етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда.

Икки давлат ўртасидаги дастлабки келишувга биноан йил давомида юртимиздан 200 нафарга яқин давлат хизматчилари Сингапурда давлат бошқаруви, давлат сиёсати, давлат хизмати, инсон ресурсларини бошқариш ҳамда халқаро алоқалар ва глобал муаммолар йўналишларида малака ошириш ва стажировкадан ўтиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сингапурга давлат ташрифи доирасида Сингапур миллий университети ҳузуридаги Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабига ҳам борган эди.

Саидмурод РАҲИМОВ, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА