Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Сингапур бизнес-форуми бўлиб ўтди
18:17 / 2023-05-24

Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида 24 май куни Ўзбекистон – Сингапур ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқубнинг мамлакатимизга ташрифи давомида ташкил этилган ушбу форум икки давлат тадбиркорларининг бизнес алоқаларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.  

Нуфузли анжуманнинг очилиш маросимида Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев иштирок этди.  Шунингдек, Ўзбекистон ва Сингапурнинг тегишли вазирлик ва идоралари, саноат бирлашмалари, йирик компаниялари раҳбарлари ҳозир бўлди.

Бу каби тадбирлар ҳар икки давлатдаги инвестициявий муҳит ҳақида батафсил маълумот улашиш, ишбилармонларнинг учрашувларини тез-тез ташкил этишга келишиб олишда муҳим платформа саналади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президент Ҳалима Яқубнинг таклифига биноан жорий йилнинг январь ойида давлат ташрифи билан Сингапурда бўлган эди. Ушбу учрашувдан сўнг мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама фаоллашди, келишувлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожида янги даврни бошлаб берган ушбу тарихий ташриф якуни бўйича 3,8 миллиард долларлик инвестициявий лойиҳалар портфели шакллантирилди.

[gallery-12028]

Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги ташқи савдода ижобий ўзгариш кузатилди. Ташқи савдо ҳажми йил бошидан буён ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда, қарийб олти баравар ўсди. Инвестициявий ва саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда. Мамлакатимизда Сингапур капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони сўнгги етти йилда 3,5 баравар кўпайди.  

Хусусан, Сингапурнинг йирик компаниялари билан “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика саноати, таълим, туризм, инфратузилмани ривожлантириш ва давлат компаниялари активларини хусусийлаштириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди. Бугунги кунда улар самарали амалга оширилмоқда.  

Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб инвестициявий, савдо-иқтисодий ва саноат кооперацияси соҳаларидаги ҳамкорлик устувор эканини қайд этди. Олий даражадаги ўзаро ташрифлар якунларини юқори баҳолади.  

Тадбир доирасида таълим, транспорт, шаҳарсозлик, молия соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган панел муҳокамалари ҳам бўлиб ўтди.  

Бизнес-форум якуни бўйича икки мамлакат ишбилармон доиралари учун манфаатли бўлган қатор йўналишлар бўйича инвестициявий шартномалар ва савдо битимлари имзоланди.  

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА