English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон сифат инфратузилмасида туб ўзгаришлар бошланди
12:52 / 2026-02-19

Маълумки, жорий йилнинг 16 февраль куни давлатимиз раҳбарининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни илғор халқаро амалиёт асосида жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат мамлакатимизда техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини тубдан янгилаш, уни халқаро талаблар ва бозор иқтисодиёти тамойилларига мувофиқ равишда қайта шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фармонга мувофиқ, соҳада ортиқча ва самарасиз маъмурий назорат амалиётидан босқичма-босқич воз кечилиб, хавф-хатар таҳлилига асосланган замонавий бозор назорати механизми жорий этилади. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектлари учун тенг ва шаффоф шароит яратиш, маҳсулот ва хизматлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Ислоҳотлар доирасида миллий сифат инфратузилмасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аккредитация, стандартлаштириш ва метрология тизимларида ташкилий-ҳуқуқий ўзгаришлар амалга оширилиб, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш кўзда тутилган.

Жумладан, Халқаро тарози ва ўлчашлар бюроси билан ҳамкорликда калибрлаш имкониятларини кенгайтириш, янги миллий мувофиқлик белгисини жорий этиш ва тадбиркорлар учун қўшимча қулайликлар яратиш устувор вазифалар сифатида белгиланди. Бу чора-тадбирлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга замин яратади.

Ушбу ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, кутилаётган натижалар ва соҳадаги устувор вазифалар ҳақида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров билан суҳбатлашдик.

–  Мазкур фармон мамлакатимизда техник тартибга солиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни замонавий бозор иқтисодиёти талабларига мослаштириш ҳамда миллий маҳсулот ва хизматлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган, – дейди Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров. – Қарорга мувофиқ, ортиқча ва самарасиз маъмурий назорат амалиётидан босқичма-босқич воз кечилиб, хавф-хатар таҳлилига асосланган бозор назорати механизми жорий этилади. Шунингдек, стандартлаштириш, аккредитация ва метрология соҳаларида институционал ўзгаришлар амалга оширилиб, миллий сифат инфратузилмаси иштирокчиларининг мустақиллиги таъминланади.

Хусусан, Ўзбекистон аккредитация маркази фаолияти Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилиб, аккредитация тизимининг бетарафлиги мустаҳкамланади. Шу билан бирга, Халқаро тарози ва ўлчашлар бюроси томонидан эътироф этилган калибрлаш имкониятларини кенгайтириш, янги миллий мувофиқлик белгисини жорий этиш ва тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш белгиланган.

Мазкур қарор техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини шаффоф, самарали ва халқаро стандартларга тўлиқ уйғун тизимга айлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Қарорга асосан, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини халқаро амалиётга мослаштириш, ортиқча маъмурий назоратдан воз кечиб, замонавий бозор назорати тизимига ўтишдир. Энди маҳсулотлар хавф-хатар таҳлили асосида назорат қилинади. Бу эса тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

– Миллий сифат инфратузилмасида қандай ўзгаришлар бўлади?

– Ўзбекистоннинг халқаро сифат инфратузилмаси индексидаги ўрнини камида 20 поғонага яхшилаш, Халқаро тарози ва ўлчашлар бюроси томонидан эътироф этилган калибрлаш имкониятларини 2,5 баробарга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, халқаро даражада тан олинган аккредитация хизматлари улуши 80 фоизга етказилади.

Фармонга асосан юқорида ҳам айтганимдек, энди Ўзбекистон аккредитация маркази Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилади. Бу аккредитация тизимининг мустақиллигини таъминлайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази фаолияти тугатилиб, функциялари қайта тақсимланади. Ўзбекистон стандартлар институти эса асосий стандартлаштириш институти сифатида қайта ташкил этилади.

– “Conformity Uzbekistan” белгиси ҳақида ҳам тўхталсангиз.

– 2027 йил 1 январдан техник регламентлар объекти бўлган маҳсулотлар учун янги миллий мувофиқлик белгиси – “Conformity Uzbekistan” жорий этилади. Мувофиқликни баҳолаш хавф-хатарга асосланган ёндашув асосида амалга оширилади. Айрим маҳсулотлар эса мажбурий сертификатлаш рўйхатидан чиқарилади. Бу тадбиркорлар учун енгиллик яратади.

2026 йил 1 апрелдан аккредитация хизматлари бўйича ажратмалар 2 фоизга туширилади. Хусусий сектор фаол иштирок этаётган соҳаларда давлат лабораториялари ташкил этилиши чекланади. Шунингдек, экспорт бозорларида талаб этиладиган хорижий стандартлар асосида мувофиқликни баҳолашга рухсат берилади.

– Халқаро стандартларга ўтиш жараёни қандай кечади?

– 2026-2028 йиллар давомида тармоқлар босқичма-босқич халқаро стандартларга ўтади. Масалан, 2026 йилдан тўқимачилик, электротехника ва автомобилсозлик; 2027 йилдан нефть-газ ва металлургия; 2028 йилдан энергетика ва кимё тармоқлари тўлиқ халқаро стандартлар асосида ишлайди.

Шунингдек, 2027 йилдан ўлчаш воситаларини қиёслаш амалиёти ўрнига верификация тизими жорий этилади. Саноатда маҳсулот сифатига таъсир этувчи ўлчаш воситалари мажбурий калибрлашдан ўтказилади. Халқаро тарози ва ўлчашлар бюроси базасида эътироф этилган калибрлаш йўналишлари бўйича лабораториялар аккредитациядан озод қилинади.

– Кадрлар масаласига ҳам эътибор қаратиладими?

– Давлат органлари ва йирик корхоналарда сифат менежерлари институти жорий этилади. Уларнинг фаолияти “Сифат бўйича кўмакчи” электрон платформаси орқали мувофиқлаштирилади. Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали соҳа учун устувор равишда стипендиялар ажратилади.

Бу қарор техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини замонавий, шаффоф ва халқаро стандартларга мос тизимга айлантиради. Натижада миллий маҳсулотлар рақобатбардошлиги ошади, экспорт салоҳияти кенгаяди ва истеъмолчилар хавфсизлиги кафолатланади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА