Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон шарафини юксалтирган сирдарёлик чемпион
12:12 / 2025-12-12

7–14 декабрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида "Дубай-2025" Ёшлар Пара Осиё ўйинлари ўтмоқда. Қитъамизнинг 35 мамлакатидаги 1500 нафарга яқин атлетлар 11 та спорт турида куч синашаётган нуфузли мусобақада Ўзбекистон 6 та йўналиш бўйича 124 нафар спортчи билан иштирок этмоқда.

Шу иштирокчилар орасидан сирдарёлик пара пауэрлифтингчи, Гулистон шаҳар спорт мактаби тарбияланувчиси, юртимиз терма жамоаси аъзоси Зиёда Боқижонованинг зафарли чиқиши алоҳида эътирофга лойиқ бўлди.

У 55 кг вазн тоифасидаги беллашувларда рақибларини ортда қолдириб, 91 кг натижа билан олтин медални қўлга киритди. Бу ғалаба нафақат спортчимизнинг, балки Сирдарё вилояти спортининг ҳам юксак ютуғи сифатида аҳамият касб этади.

Зиёданинг юксалишида унинг фидойи мураббийси Дилорам Раҳимованинг ҳиссаси катта.

– Зиёдахон бу муваффақиятга осонликча эришгани йўқ. Унинг ҳар бир ютуғи ортида тинимсиз ҳаракат, машаққатли меҳнат ва спортга бўлган чексиз муҳаббат ётади. Бугунги ғалаба барчамизни қувонтирди. Ёшлар учун яратиб берилаётган имкониятлар эса бундай зафарларнинг асосий омилидир, –  деди мураббий.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири