Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Шанхайдаги нуфузли импорт кўргазмаси иштирокчилари сафида (+видео)
14:05 / 2025-11-05

Глобал бозорда рақобат ва инновациялар тобора кучайиб бораётган бу даврда, мамлакатлар учун халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва янги бозорларга чиқиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу маънода, ҳар йили Хитойнинг иқтисодий маркази — Шанхай шаҳрида ўтказиладиган China International Import Expo (CIIE) дунё иқтисодиётида ўзига хос платформа вазифасини бажаради. Бу кўргазма хорижий ишлаб чиқарувчилар ва инвесторлар учун Хитой бозори эшикларини очиб беради.

Жорий йилнинг 5–10 ноябрь кунлари Шанхай шаҳрида дунёдаги энг йирик импорт кўргазмаси — CIIE 2025 бўлиб ўтмоқда. Тадбир Хитой Халқ Республикаси Савдо вазирлиги ва Шанхай шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, у халқаро савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва янги инновацион маҳсулотларни Хитой бозорига олиб киришни мақсад қилади.

CIIE — дунёда импортга ихтисослашган ягона халқаро кўргазма бўлиб, у хорижий компаниялар учун Хитой бозори эшикларини кенг очиб беради. Мазкур платформа орқали давлатлар ва компаниялар янги маҳсулот ва технологияларини намойиш этади, инвестициявий ҳамкорлик йўлларини муҳокама қилади ҳамда савдо алоқаларини мустаҳкамлайди.

Бу йилги кўргазмада 150 дан ортиқ давлат ва минтақа, 3 400 дан зиёд компания иштирок этмоқда. Улар орасида дунёдаги етакчи брендлар ҳам бор. Тадбирга 400 мингга яқин меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда.

Кўргазманинг турли зоналари — техника ва инновациялар, автомобилсозлик, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳалари бўйича ташкил этилган.  

Инновация бўлимида сунъий интеллект ва робототехника янгиликлари, автомобиллар павильонида эса электромобиллар ва “яшил” технологиялар намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон ҳам CIIE 2025 кўргазмасида “Made in Uzbekistan” бренди билан қатнашмоқда.  

Миллий павильон орқали тўқимачилик ва ҳунармандчилик маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, туризм ва миллий маданият соҳалари кенг намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон павильони ўзининг миллий дизайни ва замонавий интерьери билан бошқа павильонлардан ажралиб турибди. Меҳмонлар бу ерда нафақат сифатли маҳсулотлар билан танишмоқда, балки ўзбек халқига хос меҳмондўстлик ва маданият муҳитини ҳам ҳис этмоқда.

Халқаро кўргазмада Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари ҳам иштирок этиб, Хитой, Белоруссия ва Ҳиндистон каби давлатлар билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилмоқда. Натижада, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти соҳасида 20 минг доллардан зиёд келишувларга эришилди.

CIIE 2025 нафақат Хитой, балки бутун жаҳон иқтисодиёти учун муҳим платформа ҳисобланади. У савдо алоқаларини ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш ва янги бозорларга чиқиш имкониятини яратади.

Ўзбекистоннинг мазкур кўргазмадаги иштироки эса мамлакатимиз маҳсулотларини жаҳон бозорига танитиш ва янги халқаро ҳамкорлик йўналишларини очишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.

<iframe width="905" height="509" src="https://www.youtube.com/embed/DQwJgMJpFDA" title="O‘zbekiston Shanxaydagi nufuzli import ko‘rgazmasi ishtirokchilari safida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳайё Тошқораева,

Искандар Исматов, ЎзА