2021-йилнинг 26-август куни Ўзбекистон Республикаси ва Сербия Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Сербия делегациясига Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Неманья Старович, Ўзбекистон делегациясига эса Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов бошчилик қилди.
Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги сиёсий-дипломатик мулоқотни, шу жумладан, турли даражадаги ўзаро ташрифлар ва музокараларни ташкил этиш орқали фаоллаштириш зарурлигини қайд этдилар.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш нуқтаи назаридан соҳавий Ҳукуматлараро комиссияни тузиш, инвестицияларни жалб қилиш ва ҳимоя қилиш, савдо иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимлар тузиш, Сербия компанияларини Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилишди.
Делегациялар маданий-гуманитар ва минтақалараро алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Шунингдек, айрим минтақавий ва халқаро муаммолар, томонларнинг кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро муносабатлари юзасидан фикр алмашилди.
ЎзА