English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон сайловларни демократик тамойиллар асосида ўтказишга пухта замин яратмоқда
12:15 / 2024-10-23

Тошкентдаги “Renessans Hall” мажмуасида Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги ўз ишини давом эттирмоқда.

Ушбу ҳафталикнинг хорижлик иштирокчиси, Туркия Президенти ҳузуридаги Туркия фаровонлик жамғармаси ассоциацияси, Истанбул молия марказининг Ҳуқуқий масалалар ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Ҳасан Али Кулак Ўзбекистондаги сайлов жараёнлари ва ўзгаришлар ҳақида ўз фикрини билдирди:  

– Сайловлар демократиянинг пойдеворларидан бири бўлиб, нафақат фуқароларнинг сиёсий ҳаётда иштирок этишини ва ҳокимиятнинг ҳисобдорлигини кафолатлайди, балки иқтисодий ривожланиш билан ҳам узвий боғлиқдир. Улар иқтисодий сиёсатни шакллантиришда, манбаларни тақсимлашда ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.  

Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида демократик тамойиллар, қонун устуворлиги ва мулк ҳуқуқини мустаҳкамлашга қаратилган жиддий ислоҳотлар назарда тутилган. Ушбу ўзгаришлар хорижий инвестицияларни жалб этишга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Янгиланган Конституция эркин ва адолатли сайловларни таъминлайдиган ҳамда сиёсий барқарорликка хизмат қиладиган демократик сайлов тизимига содиқликни мустаҳкамлайди. Шунингдек, у қонун устуворлиги тамойилини кучайтиради, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини кафолатлайди ва суд ҳокимиятининг мустақиллигини оширади.  

Бундан ташқари, Конституция мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишни кучайтиради, инвесторлар учун кўпроқ хавфсизликни таъминлайди ва ҳам ички, ҳам ташқи инвестицияларни рағбатлантиради. Ушбу конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг янада очиқ, башорат қилинадиган ва хавфсиз инвестиция муҳитини яратишга интилаётганидан далолат беради. Бу эса хорижий сармояларни жалб қилиш ва иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш учун ғоят муҳимдир.  

Сайловлар сиёсий партияларни ўз иқтисодий фаолиятини баҳолашга мажбур қилади ва муқобил стратегияларни таклиф этиш заруриятини туғдиради. Иқтисодий тенденциялар сайловчиларнинг афзалликларига сезиларли таъсир кўрсатади, бу эса сиёсий партияларни аҳолининг иқтисодий кутилмаларига мос келадиган сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ундайди.  

Хусусан, Ўзбекистондаги партиялар аҳолининг даромадини яхшилаш, кам таъминланганларни ва ижтимоий ҳимояга муҳтожларни қўллаб-қувватлаш каби ташаббусларни сайловолди дастурларида илгари сурмоқда. Бу эса одамларнинг сайловларга бўлган эътибори ҳамда масъулиятини оширади.  

Н.Зиёдуллаева, ЎзА