Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш орқали иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорликка эришиш устувор йўналишга айланди. Бу жараёнда гидроэнергетика тармоғи муҳим ўрин эгаллайди.
Шунинг амалий ифодаси сифатида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “UzHydroPower” қўшма корхонаси маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтириш ва иқтисодий мустақилликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Куни кеча ташкил этилган пресс-тур чоғида журналистларга завод имкониятлари, маҳсулот турлари ва ишлаб чиқариш жараёни таништирилди.
Завод Хитойнинг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, қуввати 1 кВт дан 40 МВт гача бўлган замонавий гидроагрегатлар, турбиналар ва генераторлар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулот таркибининг 72 фоизи маҳаллий хомашёдан иборат бўлиб, нархи хориждаги ўхшаш ускуналардан арзон. 2026 йилдан экспорт йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Заводда 255 мутахассис меҳнат қилмоқда, яқин келажакда бу кўрсаткич 350 тага етказилади. Ишчи-ходимлар учун замонавий меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилган. Хотин-қизлар ҳам масъулиятли лавозимларда ишлаяпти.
“UzHydroPower” маҳсулотлари аллақачон Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарёдаги кичик ГЭСларда муваффақиятли ишга туширилди. Завод ускуналари ҳозир Чотқол ва Норин дарёсида қурилаётган йирик ГЭСлар учун тайёрланмоқда.
Яқин истиқболда “UzHydroPower” Ўзбекистоннинг гидроэнергетика соҳасидаги етакчи мақомини мустаҳкамлаб, ички ва ташқи бозор талабларини қондириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда энергетик барқарорликка ҳисса қўшиши кутилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/94kgIHu8cMM" title="O‘zbekiston sanoatida gidroagregatlar milliy brendi yaratilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Ёқубов, Анвархўжа Аҳмедов (видео, монтаж), ЎзА