Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон санъатининг тирик солномаси
13:16 / 2023-07-20

Ўзбекистон Бадиий академияси марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон санъат усталари асарларининг ретроспектив кўргазмаси очилди.

“Бизнинг мерос” туркумидаги Ўзбекистон рангтасвир ва ҳайкалтарошлик санъати усталарига бағишланган кўргазмада 200 дан ортиқ асарлар тақдим этилди.   

Кўргазмада қайд этилганидек, бу йил рассом С.Колибановнинг 125 йиллиги, рассомлар М.Калонтаров ва А.Лунёвнинг 115 йиллиги, рассом-академик М.Саидов таваллудининг 100 йиллиги нишонланади. 1960-1970 йиллар авлодининг машҳур рассомлари - В.Жмакин, Л.Резников, Н.Ковинина-Скорикова, К.Эминов, В.Волков, Е.Мелников 95 ёшга, рассомлар Қ.Носиров, П.Тохиров ва Б.Токмин 90 ёшга, шунингдек, ҳайкалтарошлар В.Дегтярев ва  П.Ивановлар 85 ёшга тўлган бўлар эди.   

Мазкур кўргазмада асарлари Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондларида сақланадиган юбиляр рассомлар асарлари тақдим этилмоқда. Экспозицияда бир нечта асаргина шахсий коллекциялардан олинган.  

[gallery-12818]

Ўзбек санъат усталарининг ушбу кичик гуруҳи турли миллат вакилларидан ташкил топган. Уларнинг ижодий ютуқларини намойиш этиш, рассомлар ва санъат ихлосмандларининг янги авлодини Ўзбекистон санъати тарихидаги энг қизиқарли давр билан таништириш мақсад қилинган. Бу усталарнинг ҳаёти ва ижодида миллий маданият, миллий тарих, халқ ҳаётига қизиқиш сингиб кетган ва бу ўз навбатида, уларнинг асарларида умуминсоний, миллатлараро қадриятлар хусусиятларини очиб бериш имконини берди. Асарлари кўргазмадан жой эгаллаган ҳар бир рассом ўзига хос тасвирий ва пластик ечимга эга ёрқин индивидуал ижодкордир.   

Тақдим этилган асарлар орасида жанрли ва тарихий рангтасвирлар, портретлар ва натюрмортлар, моҳирона яратилган кўплаб пленэр асарлар бор бўлиб, томошабинлар рассомларнинг ижодий лабораториясини кўриш имконига эга бўлади.    

Экспонатларнинг вақт оралиғи ўтган асрнинг 40 йилларидан 2000- йилларгача. Бу Ўзбекистон санъатининг тирик солномаси бўлиб, унда ўтган даврнинг ўзига хос пафоси – ёрқин идеалларга, “дунёни қутқарувчи гўзалликка” умид ва ишонч руҳини ҳис қилиш мумкин. 

Гарчи баъзи асарларнинг мавзулари ўтган давр билан боғлиқ бўлса-да, жанрли асарлар рассомларининг юқори профессионаллигини таъкидлаш керак. Буларнинг барчаси эътибор, ўрганиш, хотира ва ҳурматга лойиқдир.  

Кўргазма 20 августгача давом этади.  

 

Гулноза Бобоева,

Ойбек Пардаев(сурат) ЎзА