Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон россиялик сайёҳлар учун ТОП-10 йўналиш қаторига кирди
14:50 / 2025-07-02

Туризм — мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва маданий бойлигини дунёга кўрсатишда муҳим восита. Ўзбекистон каби тарихий ва табиий бойликларга эга мамлакат учун туризм салоҳиятини тўғри намойиш этиш айни муддао ҳисобланади.

Туризм қўмитаси кўмагида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан 2025 йил 30 июндан 5 июлгача Москва шаҳридаги “Домодедово” халқаро аэропортининг рўйхатдан ўтказиш ҳудудлари ҳамда учишни кутиш залларида ўрнатилган 120 та реклама мониторида мамлакатимизнинг сайёҳлик ва маданий салоҳияти ёрқин ва мазмунли тарзда намойиш этилмоқда.

Ёрқин видеороликлар кун-у тун дунёнинг турли бурчакларидан келган миллионлаб сайёҳлар ва Россия аҳолисини Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, бетакрор меъморчилиги ҳамда мамлакатимизни сайёҳлар учун алоҳида жозибадор қиладиган барча жиҳатлари билан таништирмоқда.

Шу каби реклама тадбирлари туфайли бугунги кунда Ўзбекистон россиялик сайёҳлар учун ТОП-10 йўналиш қаторига кирди. Уларни мамлакатимизнинг қадимий тарихи ва бой маданий мероси ўзига жалб этмоқда.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Домодедово” халқаро аэропорти Москва шаҳрининг йирик ва асосий аэропортларидан бири ҳисобланади. Унинг йўловчилар оқими ҳар йили 15 миллион кишидан ошади.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА