Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Россия: янги иш ўринлари яратилади
14:48 / 2024-12-18

Татаристон Республикаси Раиси Рустам Миннихановни Бухоро халқаро аэропортида Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов ва бошқа мутасаддилар кутиб олди. Меҳмонлар “Бухоро саноат ривожлантириш мажмуаси” махсус саноат паркида амалга оширилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирди.

Қайд этиш лозимки, Когон тумани “Зирабод” массиви ҳудудида танланган минг гектар майдонда амалга оширилаётган лойиҳа натижасида Бухоро вилоятига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, юқори технологияларга асосланган замонавий саноат қувватларини ишга тушириш, ички ва ташқи бозорлар учун рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратилишига эришилади. Татаристон ушбу объектни барпо этишда консалтинг ёрдамини кўрсатмоқда. 

Биринчи босқичда 300 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. Бу вилоят иқтисодиётига йилига 250 миллион доллар қўшилган қиймат, 2 мингта иш ўрни, 250 миллиард сўм солиқ тушуми ва 100 миллион доллар экспорт беради. 

Айни пайтда умумий майдони 93 минг квадрат метр бўлган иккита йирик ишлаб чиқариш биносида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Объект 2025 йилнинг иккинчи чорагида фойдаланишга топшириш, бунда полимер қувурлари ва ПEТ толаси ишлаб чиқариш режалаштирилган. 

Рустам Минниханов Ботир Зарипов билан бирга ҳудудни инфратузилма билан таъминлаш бўйича бажарилаётган ишларни муҳокама қилди. Шу ерда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Мулоқотда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар доирасида ҳудудлар ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди. 

Шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланаётгани, савдо-иқтисодий алоқалар фаоллашаётгани, ўзаро делегациялар ташкил этилаётгани алоҳида таъкидланди. Жорий йилда Ўзбекистон Президентининг Қозонга икки марта ташриф буюрганлиги ўзаро ҳамкорликнинг юқори даражасидан далолат беради. 

Музокаралар чоғида “Бухоро саноат ривожлантириш мажмуаси” махсус саноат паркини янада ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Саноат паркининг бўлажак резидентлари учун малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. 

– Ушбу қўшма лойиҳалар мамлакатларимиз ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшилаётган яхши ҳиссадир. Биз уларни давлатлараро ҳамкорлик манфаати йўлида энг юқори даражада амалга оширишимиз керак, – деди Рустам Минниханов. 

Меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида бўлди ва Қуръон тиловат қилинди. Рустам Минниханов мажмуада амалга оширилаётган ишларга ҳам юқори баҳо берди. Шунинг билан Татаристон Раисининг Бухорога ташрифи якунланди. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.