Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 3-4 июнь кунлари Ўзбекистон – Россия халқаро соғлиқни сақлаш форуми бўлиб ўтди.
Форумда муштарак мақсадлар йўлида тиббий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бир қатор муҳим масалалар муҳокама этилди.
Анжуманда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар, кадрларни тайёрлаш, қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш, биргаликда илмий-амалий анжуманлар, маҳорат дарсларини ўтказиш, илмий тадқиқотларни олиб бориш, нейрохирургия, педиатрия, хирургия, кардиология, онкология йўналишларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўп қиррали муносабатлар самарасида бугун Бухоро давлат тиббиёт институти Россия Федерациясининг нуфузли университет ва тиббиёт муассасалари билан юқори даражада ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мана уч йилдирки Европа ва Россия олийгоҳлари билан қўшма ҳамкорликда йўналишлар ташкил этилган. Мингга яқин талабалар бугун “қўш диплом” учун таҳсил олмоқда.

Форумда тиббий таълимни трансформация қилиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш, соҳани рақамлаштириш ва тизимга янги технологияларни жорий этиш каби масалаларга бағишланган секция йиғилишлари ўтказилди. Унда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ректори, профессор Шуҳрат Тешаев маъруза қилди. Йиғилганларга Бухоро ва Россия ҳамкорлигининг тарихи, бугунги куни, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Мулоқотлар чоғида Бухоро давлат тиббиёт институти вакиллари қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, мутахассислар малакасини ошириш бўйича 9 меморандум имзолади.
Зариф Комилов,
ЎзА