Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Россия таълим форуми: Таълим ва фан истиқболи йўлида янги қирралар
20:48 / 2021-11-17

Сўнгги йилларда таълим соҳасидаги мамлакатлараро алоқалар тез суръатларда ўсиб бормоқда. Айниқса, юртимизда олий таълим тизимини янги ривожланиш босқичига кўтариш, халқаро олий таълим ютуқларини ўзлаштириш ва таълим сифатини дунё стандартлари даражасига олиб чиқишга эришиш йўлида дадил қадамлар қўйилди.

Бу борада халқаро таълим форумлари, дунёнинг энг ривожланган давлатлари олий ўқув юртлари ўртасидаги лойиҳалар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Зеро, олий таълим тизимидаги халқаро ҳамкорлик уфқларининг кенгайиши мамлакатда илм-фан ривожи ва кадрлар салоҳиятининг ўсишига асос бўлади.

Жорий йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Россия Федерациясининг Москва шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон-Россия таълим форуми” ҳар икки мамлакат олий таълим тизими тараққиётини юксалтириш, ҳамкорликда илм-фан ривожини белгилашга қаратилгани билан аҳамият бўлди. 

Ўзбекистоннинг 100 нафардан зиёд олий таълим муассасалари ректорлари сафида иштирок этар эканмиз, бутунлай янги формат, замонавий ракурсда ташкил этилган форумнинг юксак савияда бориши, ўз моҳиятини тўлақонли намоён этишига гувоҳ бўлдик.

Олий таълим тизимида Россия-Ўзбекистон халқаро муносабатлари изчил йўлга қўйилган. Хусусан, бугунги кунда Россия олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар сони 40 минг нафардан ошган бўлса, Ўзбекистонда 10 дан ортиқ Россия университетларининг филиаллари фаолият кўрсатади. Бу эса Ўзбекистон-Россия алоқаларида таълим, фан, айниқса, олий таълим тизимида мустаҳкам алоқалар ўрнатилганининг белгисидир.

Таъкидлаш керакки, иккинчи маротаба ўтказилган халқаро таълим форуми икки мамлакат ўртасида таълимнинг барча босқичларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокамаси учун ўзига хос платформа вазифасини ўтади. Форум пухта ишланган дастур асосида олиб борилгани эътиборга молик. 

200 нафардан зиёд форум иштирокчилари ўртасида ўтказилган ялпи мажлис, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш, шўбалардаги чиқишлар ва таълим, илм-фан, кадрлар тайёрлаш ва рус тилини ўқитиш масалалари бўйича муҳокамалар жараёни қизғин ўтди.

Унда ўз маърузаси билан иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов ХХI асрда олий таълим тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилиши муҳим бўлган масалалар ҳақида тўхталар экан, мазкур форум олий таълим муассасалари ўртасидаги самарали мунозара, тажриба алмашиш ва университетлараро тўғридан-тўғри ҳамкорликни давом эттириш бўйича истиқболли қадамлар учун асос бўладиган муҳим воқелик эканлигини таъкидлади.

Вазирнинг “Ҳозирда биргаликда кадрларни самарали тайёрлаш олий таълимнинг кўплаб таълим дастурлари доирасида амалга оширилмоқда. Жорий 2021/2022 ўқув йилида мазкур қўшма таълим дастурлари бўйича қабул квотаси 4530 нафарни ташкил этди. 

Бунда 2019 йилга нисбатан квоталар ҳажми сезиларли даражада 150 фоизга ошганини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Бу кўрсаткичлар ҳамкорлигимизнинг юқори суръати ва ҳажмидан далолат беради” деган сўзларида форум моҳияти ва мақсади ўз ифодаси топди.

Форум давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш борасида қатор ҳужжатлар, таълим ва илм-фан соҳасидаги қўшма лойиҳа ва дастурларни йўлга қўйишга оид расмий келишувларга эришилди.

Эътироф этиш керакки, мазкур форумнинг асосий мавзулари сифатида белгиланган кадрлар тайёрлаш соҳасида Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигининг асосий йўналишлари, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий ҳамкорлик, икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари тизимида рус тили ва гуманитар лойиҳалар ҳақида тўлақонлик таҳлиллар берилди ва истиқболли режалар таклифи ўртага ташланди.

Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон-Россия таълим муносабатларида интеграциялаш тажрибаси ва истиқболлари, хусусан, мактабгача, мактаб таълимидаги долзарб масалалар, илк таълимдан олий таълимгача бўлган жараённинг халқаро талабларга мувофиқлик тамойиллари устида фикр-мулоҳазалар алмашишга эришдик.

Мазкур нуфузли форум Ўзбекистоннинг 30 дан ортиқ етакчи олий ўқув юртлари учун ниҳоятда самарали ва муваффақиятли қадам бўлди. Хусусан, Фарғона давлат университети ва Россиянинг энг илғор университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари ва қўшма таълим дастурини ишлаб чиқиш бўйича меморандум имзоланди. Бу эса ўз навбатида бизнинг мамлакатда илм-фан, таълим тизимидаги имкониятларимиз қулочини янада кенгайганини кўрсатади. 

Шунингдек, россиялик ҳамкасбларимиз билан ўзаро мулоқотлар чоғида Фарғона давлат университетининг чет тиллари, физика-математика, филология, педагогика-психология, мактабгача таълим каби йўналишларидаги юксак илмий салоҳияти, мазкур факултетлардаги илмий ўсиш кўрсаткичлари уларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. 

Шу аснода профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашинуви, малака ошириши, икки томонлама илмий фаолият олиб бориши, ёш ва иқтидорли олимларимиз учун турли йўналишлардаги қўшма илмий анжуманларини ташкил этиш каби ўнлаб масалаларда келишувга эришдик.

Россиянинг етакчи университетлари фаолияти, уларнинг илмий-инновацион структураси билан танишиш, мавжуд ислоҳотлар тизимини ўрганиш асосида Ўзбекистон олий таълимида ҳам ҳар жиҳатдан ўрнак ва андоза олишга арзигулик тизим шаклланаётганига урғу берилди.

Энг асосийси, форумда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги халқаро ҳамкорликнинг ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва мунтазам давом эттиришда таълим ва илм-фан соҳаларидаги муносабатлар, кадрлар тайёрлаш соҳасидаги пухта ўйланган режалар ҳар икки мамлакат ҳаётидаги барча тармоқлар ривожига ҳисса қўшишига алоҳида эътибор қаратилди. 

Форум давомида сўнгги беш йил ичида мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олий таълим тизимига қаратилган алоҳида эътибор ўз самарасини бераётгани, Ўзбекистон олий таълимда юксак тараққиётга юз тутгани эътироф этилгани барчамиз учун фахрланарли ва масъулиятли бўлди.

Ишонамизки, мазкур форум юртимиз олий ўқув юртларида таълим дастурлари бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ўқув жараёнларига инновацияларни олиб кириш, кадрлаш тайёрлаш борасида университетлараро янги лойиҳаларни яратиш кўламини оширишга муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори,

профессор