Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбeкистон – Россия таълим форуми: ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
14:44 / 2022-10-27

Ҳамиша кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон – Россия III таълим форуми бўлиб ўтмоқда. Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтаётган ушбу нуфузли халқаро форумда Ўзбекистон ва Россиянинг 200 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, ишлаб чиқариш компаниялари вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этмоқда.

Дастлаб форум доирасидаги ялпи мажлисда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамда Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг форум иштирокчиларига табриги йўлланди. Ялпи мажлис давомида мамлакатимиз олий ўқув юртлари билан Россия ишлаб чиқариш секторлари ўртасида интеграцияни йўлга қўйиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Форум доирасида икки мамлакат таълим ташкилотлари, етакчи компаниялари ўртасида фан, таълим, ишлаб чиқариш интеграциясини йўлга қўйиш, шунингдек, муҳандислик-технологияси, энергетика, кимё саноати соҳаларида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш, илмий ва инновацион фаолиятдаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш юзасидан музокаралар ўтказилди.

Шундан сўнг форум иштирокчилари шўъбалар доирасида иш олиб борди. Шўъба йиғилишларида таълимнинг жамият ва давлат ривожидаги ўрни, узлуксиз таълим тизимини самарали ишлашини таъминлаш бўйича икки давлат тажрибалари хусусида сўз юритилди. 

Биз, Андижон давлат университети вакиллари 3-шўъба: “Мактабгача ва халқ таълими тизими учун педагог кадрлар тайёрлаш” мавзусидаги йиғилишда қатнашиб, мактаб ва ўрта махсус таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, мактабгача ва халқ таълими тизими учун педагог кадрлар тайёрлаш, замонавий юқори технологияли лабораториялар ташкил этиш ва технопарклардан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш учун инновацион платформаларни яратиш, икки давлат учун устувор йўналишларда илмий лойиҳаларни амалга оширишни фаоллаштириш масалалари бўйича муҳокамаларда иштирок этдик. 

Форумнинг 1- куни доирасида Россия Федерациясининг Томск давлат университети вакиллари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда Андижон давлат университети ҳамда Миллий тадқиқот Томск давлат университети ўртасида амалга оширилиб келинаётган ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида “Атроф муҳитдаги микропластик” лойиҳаси иштирокчилари консорциумини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Бундан ташқари, Россия Федерациясининг бир қатор нуфузли олий таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиб, турли илмий лойиҳалар устида ҳамкорликда ишлаш, икки мамлакатнинг фан, таълим, маданият, иқтисод соҳаларини биргаликда ривожлантириш юзасидан келишиб олинди.

Бугунги муҳокамаларда Ўзбекистон томонидан Тошкент давлат транспорт, Тошкент ахборот технологиялари университетлари, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат, Наманган муҳандислик-қурилиш институтлари ректорлари, Россия Федерацияси томонидан Дон давлат техника университети, Москва давлат геодезия ва картография, Новосибирь давлат миллий тадқиқотлар, Қозон федерал университетлари вакиллари иштирок этмоқда.

Унда 2022-2027 йилларга мўлжалланган магистратура дастурларини ишлаб чиқиш, Россия университетлари билан ҳамкорликда “Энергетика”, “Автомобиль транспорти” олий муҳандислик мактаблари фаолиятини йўлга қўйиш, илмий-ишлаб чиқариш маркази билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш бўйича келишувлар тузиш режалаштирилган.

Умуман олганда, ушбу форум икки давлатнинг таълим тизимидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди.



Акрамжон ЮЛДАШЕВ,
Андижон давлат университети ректори, профессор.

ЎзА