English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон –Россия: тадбиркорлик соҳасида ҳамкорлик кенгаяди
19:39 / 2024-05-29

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги вилоят делегацияси ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришни кўзда тутган Россия Федерациясига амалий ташрифининг навбатдаги манзили Пермь ўлкаси бўлди.

Дастлаб Россиянинг алкоголли ичимликлар саноати учун полимер қопламалар ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланган “НОРД ПАК” компанияси фаолияти билан яқиндан танишилди. 

Маълумотларга кўра, компания 2005 йилда ташкил этилган. Ўзининг тўлиқ ишлаб чиқариш циклига эга. Россиянинг марказида жойлашган мазкур ишлаб чиқариш қуввати ўз маҳсулотларини Россиянинг барча ҳудудларида, ғарбий чегаралардан Узоқ Шарққача, шунингдек, Беларусь ва Қозоғистондаги асосий истеъмолчиларига етказиб беради. 

Делегация томонидан Қоракўл газ-кимё комплекси негизида ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган маҳсулотлар ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Мазкур компания фаолиятини Бухорода ҳам ташкил этиш ва уни кенгайтириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди. 

Шундан сўнг делегация вакиллари Пермнинг жаҳон миқёсидаги “Ер қаъридан оқилона фойдаланиш” илмий-таълим маркази иш фаолияти, замонавий технологиялар орқали ердан унумли фойдаланиш методикаси билан яқиндан танишишди. Бухоро вилоятидаги тўқимачилик корхоналаридан чиқаётган оқова сувларини тозалаш бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан музокаралар олиб борилди. 

“ВИПАХ” компаниясининг ақлли видеокузатув тизимлари, видео серверлар, видео таҳлил модуллари фаолияти ва технологияси ўрганилди. 

Ташриф доирасида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Пермь ўлкаси ҳукумати раисининг ўринбосари, Перм ўлкаси саноат ва савдо вазири Алексей Чибисов билан музокара ўтказди. 

Мулоқот аввалида ташриф учун ўз миннатдорлигини билдирар экан, Алексей Чибисов Пермь ўлкаси ва унинг бугуни, савдо–иқтисодий салоҳияти, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишлар, такомиллаштирилаётган саноат инфратузилмаси ҳақида батафсил маълумот берди. 

Ўз навбатида самимий қабул учун миннатдорлигини изҳор қилган Ботир Зарипов пермлик ишбилармон сармоядорлар яқин ойларда Бухорода ўз бизнес лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириб, вилоят иқтисодиётининг янада барқарорлашишига баҳоли-қудрат ҳисса қўшишига ишонч билдирди. Пермь мутасаддилари ва тадбиркорларини Бухорога таклиф этди. 

Шу куни “PermExpo” конференция ва кўргазмалар марказида ўтказилган “Пермь тадбиркорлар куни” кўргазмасида Бухоро вилоятининг савдо ва иқтисодий салоҳияти, хорижий ҳамкорлар, бизнес доира вакиллари билан амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида батафсил ахборот берилди. 

Шунингдек, Пермдаги йирик бизнес доира вакилларининг тадбиркорлик фаолиятини Бухоро вилоятида бошлаш ва кенгайтиришга қаратилган қатор учрашувлар ўтказилди. 

Навбатдаги учрашув гидроизоляция полимер геомембраналар материаллари ишлаб чиқариш бўйича етакчи саналган “Кредо-пласт” компаниясида бўлди. Бу ерда тоғ - кон саноати иншоотлари, ИЭС ва ГРЭСда чиқиндиларни йўқотиш иншоотларини қуришда ушбу корхона маҳсулотларининг ишлатилиш техникаси ўрганилди ҳамда мазкур корхона билан ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди. 

Бухоро вилояти расмийлари ва ишбилармонларидан иборат делегация Россия Федерациясига амалий ташрифи давомида Москва шаҳрида ҳам бўлиб, Бухоро вилояти учун қатор манфаатли учрашувларда иштирок этишди, ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечиришди. 

Делегация вакиллари дастлаб “Парвоз Хумо Равнақ Транс” пахта-тўқимачилик кластерининг Москва шаҳридаги савдо уйи фаолияти кўздан кечирди. 

Шу куни Ботир Зарипов Калмикия Республикаси раҳбари Бату Хасиков билан учрашди. 

Учрашувда Бухоро ва Калмикия Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 
Хусусан, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Удмуртия Республикаси раҳбари ўринбосари Д.Сунцова билан кечган мулоқотда ҳам ҳудудлараро ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболлари кенг муҳокама қилинди. Бу борада амалий саъй-ҳаракатларга киришиш юзасидан қатор таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланди. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири