Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон - Россия қўшма корхонасининг биринчи босқичи ишга тушди
18:23 / 2023-11-28

2022 йили Москвада бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги II минтақалараро ҳамкорлик форумида Ўзбекистон Президенти видеомурожаат билан чиқиб, Россияниг “Национальная резервная корпорация”си билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида бунёд этилаётган агрологистика комплекси лойиҳаси ҳақида тўхталиб, ушбу мегалойиҳага алоҳида эътибор қаратган эди.

Бугун давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббуси  билан Шароф Рашидов туманида барпо этилган Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси – “BMB-NRC Agrologistics” агрологистика мажмуасининг биринчи босқичи ишга туширилди.  

Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматларининг расмий вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги, Инвестициялар, саноат ва савдо, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, Жиззах вилояти ва Шароф Рашидов тумани ҳокимликлари, “BMB Holding” компанияси раҳбарияти, “O’zsanoatqurilishbank”, Ўзкарантин”, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимларининг инвестициялар бўйича ўринбосарлари, Давлат божхона қўмитаси масъуллари, шунингдек, россиялик ҳамкорлар делегацияси, “ВЭБ.РФ” раҳбарлари, “Росселхознадзор” агентлиги вакиллари, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси дипломантлари иштирок этди.  

Тадбирнинг расмий очилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланди.

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, барча тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси “BMB-NRC Agrologistics”  агрологистика комплексининг биринчи босқичи ишга туширилиши билан самимий қутлаб, Жиззах вилояти ҳудудида Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигидаги 30 дан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритаётганини, бугун фаолиятини бошлаётган ушбу корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия ва бошқа хорижий давлатларга тезкор ҳамда тўсиқларсиз экспорт қилишга мўлжалланганлиги, корхона икки мамлакат ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.

Сўнггра икки мамлакат номидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳамда Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари Алексей Оверчуклар онлайн тарзда сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида ишонч ва мустаҳкам дўстона алоқаларга асосланган ҳамкорлик йўлга қўйилгани, ўзаро манфаатли мулоқотлар давом этаётгани ва турли соҳалардаги истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини қайд этиб ўтди.  

Таъсисчилар томонидан “BMB-NRC Agrologistics”  агрологистика комплексининг рамзий калити тантанали равишда топширилди.

Тадбир давомида Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин онлайн алоқа орқали ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, РФ Давлат думаси қўмита раиси ўринбосари Сергей Лисовский, “BMB-NRC Agrologistics”  агрологистика комплекси таъсисчиларидан бири “ВМВ холдинг” кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқуловлар ҳам сўзга чиқиб, қўшма корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида фермер ва деҳқонларнинг оладиган даромади 2 баробар ортишини, жараён эса 4 баробар осонлашишини таъкидлади.

[gallery-14807]

Агрологистика мажмуасининг бошланажак фаолияти, унинг қувватлари, экспорт салоҳияти ва жўғрофияси, хизмат турлари, шунингдек, яратилган бошқа имконият ва шароитлари ҳақида сўз кетганда, шуни таъкидлаш жоизки, “BMB-NRC Agrologistics” комплекси ўзига хос ноёб мажмуа бўлиб, унда мамлакатимиз минтақаларида етиштирилган турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш, божхона, банк ва санитар ҳужжатларини “Ягона дарча” тамойили асосида расмийлаштириш, транспорт, логистика хизматларини кўрсатиш каби амалиётлар жорий этилган. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, экспортёрларимиз шу ернинг ўзида доимий равишда фаолият кўрсатадиган “Россельхознадзор”нинг аккредитацияланган лабораторияси сертификатлари билан Россия ва бошқа мамлакатларга тўғридан-тўғри экспортни йўлга қўйиши мумкин.

Бундан ташқари, қўшма корхонанинг яқин вақт ичида бошланиши режалаштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини сублимацион тарзда қуритиш ва шок усулида музлатишни назарда тутувчи умумий қиймати 225 миллиард 100 миллион сўм бўлган навбатдаги босқичлар қурилиши пойдеворига тамал тошини қўйиш маросими ҳам ўтказилди.  

Тадбир доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг қишлоқ хўжалиги йўналишидаги 150 дан ортиқ йирик корхонаси вакиллари томонидан ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини намойиш этувчи кўргазма ташкил этилди. Экспозицияларни кўздан кечириш чоғида экспортёрлар ва импортёрлар ўртасида амалий мулоқотлар бўлиб ўтди. “В2В” форматида шерикчилик алоқаларини ўрнатиш бўйича қатор келишувларга эришилди. “BMB-NRC Agrologistics” агрологистик комплексида фаолият юритувчи барча хизматлар мутахассислари эса шу ернинг ўзида оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар берди.  

Корхонанинг расмий очилиш маросими иштирокчилари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мажмуа ҳудудида боғ яратиш мақсадида кўчат экиш акциясида иштирок этди.

– Туманимиз ҳудудидаги 40 гектар ер майдонида барпо этилган ушбу агрологистика комплекси 3 босқичли модул кўринишида амалга оширилади ва ҳар бир босқичнинг тўлиқ қувватда ишга тушган ҳолдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш қуввати йиллик 270 минг тоннани ташкил этиб, барча босқичлар тўлиқ ишга тушганда 810 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, сиғими 10 минг тонналик совуткичли камераларида сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш орқали экспорт қилиш имконини беради, – дейди Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев. – Ушбу “BMB-NRC Agrologistics” Ўзбекистон- Россия қўшма корхонасининг ўзига хос томонларидан бири нафақат туманимимиз ва вилоятимиз, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги деҳқон, фермер ва агрокластер вакиллари учун яратилган улкан имкониятдир. 

Мазкур замонавий мажмуанинг умумий лойиҳа қиймати 709 миллиард 71 миллион сўм бўлиб, комплекс қурилиши уч босқичли модуль кўринишида амалга оширилиши режалаштирилган. Шунингдек, бу ерда 10 минг тонна сиғимга эга бўлган музлаткичли камералар ва омборлар мавжуд бўлиб, лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач, 810 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имконини беради. Комплексда қад кўтарган дастлабки модулда эса йилига 270 минг тоннагача маҳсулотларни қабул қилиш имкони яратилган.

Энг муҳими, ҳозирнинг ўзидаёқ 180 нафар доимий, 400 нафардан зиёд мавсумий иш ўрни яратилмоқда. Мажмуа тўлиқ қувватда ишга туширилгач, 1 минг 410 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади.

Ўтган давр мобайнида лойиҳа доирасида 484 миллиард 62 миллион сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига агрологистика комплексининг тўлақонли фаолият юритиши учун зарур инфратузилма яратилди. Хусусан, Божхона қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг ҳудудий филиаллари, фитосанитар ва санитар-эпидемиологик сертификатлаштириш учун ПЗР тести ва лаборатория жиҳозлари ўрнатилди.  

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари