Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Россия: Олий таълимдаги ҳамкорлик истиқболлари
10:42 / 2021-05-27

Бухорода “Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси олий таълим муассасалари ректорларининг 3-минтақалараро конференцияси” бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов, Россия Федерацияси Президентининг хорижий давлатлар билан минтақавий ва маданий алоқалар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Антон Рибаков, Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирининг ўринбосари Дмитрий Афанасьев, Ростов вилоятидаги Дон давлат техника университети ректори Месхи Босарион, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ўртасида тор доирадаги учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда стратегик ҳамкорлик алоқалари кенг кўламда ривожланиб бораётган Ўзбекистон ва Россия мамлакатлари ўртасида илмий-назарий, инновацион ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, халқ хўжалиги учун ёш ва иқтидорли кадрлар тайёрлаш тизимини янада ислоҳ этиш, институт ва университетлар ўртасида ўзаро тажриба, талабалар ва илмий тадқиқотчилар алмашиш йўли билан узвий ҳамкорликни ривожлантириш ва юқори даражага кўтариш борасида фикр алмашилди. Бу борада истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.

Шундан сўнг конференция ялпи иши бошланди.  

Икки давлатнинг юздан ортиқ олий таълим даргоҳи ректорлари, мамлакатлар расмий вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.  

Тадбирни вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ботир Зарипов кириш сўзи билан очди.  

Таъкидланганидек, Бухорода 4 та олий таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Булар Бухоро давлат университети, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти, Бухоро муҳандислик технология институти, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Бухоро филиали. Мазкур таълим даргоҳларида жами 30 та факультет ва 124 та кафедра иш юритмоқда. Уларда таҳсил олаётган талабалар сони эса 40 мингдан зиёд. Шулардан 727 нафари хорижий давлат фуқаролари ҳисобланади. Улар Тожикистон, Туркманистон ва Ҳиндистон каби мамлакатлардан келиб ўқимоқда. Жорий ўқув йилида 6 минг 125 нафар талаба мазкур олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичларини тамомлаб, ўз меҳнат фаолиятини бошлайди.  

Вилоятдаги олий таълим даргоҳлари айни пайтда хорижий институт ва университетлар билан 20 та таълим дастури бўйича яқин ҳамкорлик олиб бормоқда. Мазкур дастурга мувофиқ, 1 минг 271 нафар талаба ўзи танлаган мутахассислиги бўйича илғор чет эл тажрибасини ўзлаштирмоқда. Сўнгги уч йилда бухоролик талабалар илм-фан йўналишидаги қатор хорижий маҳорат синовлари – олимпиадаларда жами 242 та – 168 та олтин, 46 та кумуш, 28 та бронза медалини қўлга киритди.  

Тўрт йил аввал вилоятдаги олий таълим муассасаларида ўқиётганлар сони 16 минг нафарни ташкил қилган. Талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда бакалавриат ва магистратура йўналишлари ҳам 110 тадан 246 тага оширилган. Олий таълимда банд бўлган профессор-ўқитувчилар сони 446 нафардан 639 нафарга етказилгани, 2017 йилда вилоятда атиги 20 та илмий диссертация ҳимоя қилинган бўлса, 2020 йилга келиб улар сони 97 тани ташкил қилгани ҳам юртимизда илм-фанга бўлган қизиқиш ва интилиш ортиб бораётганидан далолатдир.  

Сўзга чиққанлар икки давлат олий таълим даргоҳлари ўртасида ишлаб чиқилаётган Қўшма ҳамкорлик дастурлари юқори малакали кадрлар, халқ хўжалиги учун ёш мутахассислар етиштириб чиқаришда катта аҳамиятга эга эканлиги, чунончи, юртимизда халқ хўжалигининг иқтисодиёт, инновацион ва ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, қўйингки, кичик ва ўрта бизнесдан тортиб, туризмни ривожлантириш, маданий алоқаларни кенгайтиришда беқиёс аҳамият касб этаётганини эътироф этди.  

Қолаверса, қўшма таълим дастури деганда, хориж давлатининг ҳамкор университети ёхуд институти билан ўқув дастурларини бир-бирига мувофиқлаштирган ҳолда талабаларни ягона мақсад йўлида ўқитиш, танланган мутахассисликка мувофиқ, билим ва кўникмаларини ошириш, таълим даври тугаганидан сўнг битирувчиларга ҳар икки олий таълим даргоҳи дипломини бериш назарда тутилади.

Анжуман дастурига кўра, куннинг иккинчи ярмида икки давлат олий таълим муассасалари ректорлари ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш баробарида долзарб вазифа ва масалаларни тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқот шаклида шўъбаларга бўлинган ҳолда муҳокама қилди.

Шўъбаларда Ўзбекистонда олий таълим муассасалари филиалларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги филиалларнинг очилиши ва улар фаолиятидаги долзарб масалалар, икки давлат олий ўқув юртларининг илмий соҳадаги ҳамкорлиги истиқболлари, фанлар доирасида икки даражали ўқув ва тармоқ дастурларини яратиш, илмий-педагогик ходимларнинг малакасини ошириш, илмий-тадқиқот ва ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Анжуман якунида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида малакали мутахассисларни ҳамкорликда тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан 20га яқин шартнома имзоланди.

Конференцияда Ўзбекистонда Россиянинг мавжуд нуфузли олий таълим муассасалари филиаллари фаолиятини янада кенгайтириш, илмий тадқиқот бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш вазифалари белгилаб олинди.  

Анжуман иштирокчилари Бухоронинг диққатга сазовор жойларида бўлди. Меҳмонлар “Ситораи Моҳи-Хоса” мажмуаси, Арк қўрғони, Сомонийлар мақбараси, Пойи Калон ансамбли, Бухоронинг қадимий тоқларига зиёрат уюштирилди.  

 

 

Зариф Комилов, ЎзА