Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Россия медиа форуми
20:23 / 2021-11-18

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига ташрифи арафасида 18 ноябрь куни ОАВ соҳаси бўйича Ўзбекистон – Россия иккинчи медиа форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Россия Федерациясининг Рақамли ривожланиш, алоқа ва оммавий коммуникациялар вазирлиги ҳамкорлигида видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилган мазкур тадбир икки мамлакатнинг ахборот соҳасидаги алоқалари кўламини кенгайтириш, медиа соҳаси вакилларининг ўзаро яқиндан танишуви, контент алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.

[gallery-4723]

Медиа форумда Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганига алоҳида тўхталди. Мазкур ўзгаришлар матбуот соҳасида ҳам яққол кўзга ташланаётгани, айниқса, журналистлар, умуман ижод аҳлига эътибор кучайгани, Президент фармони билан Тошкентда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилгани таъкидланди.

– Ҳозирги тезкор замонда ахборотга бўлган эҳтиёж сезиларли равишда ошди, – деди Россия Федерацияси Рақамли ривожланиш, алоқалар ва оммавий коммуникациялар вазири ўринбосари Бэлла Черкесова. – Бундай шароитда хабарнинг долзарблиги ва ишончлилиги жуда муҳим. Шу маънода нохолис ва ёлғон маълумот тарқатилишига қарши курашиш соҳа вакиллари олдидаги муҳим масала ҳисобланади.

Анжуман доирасида медиа соҳаси вакиллари сессияларга бўлиниб “Журналистика, оммавий коммуникациялар ва ахборот технологиялари соҳасида малакали кадрлар тайёрлашда замонавий ёндашувлар”, “Оммавий ахборот воситаларини рақамлаштириш шароитида журналистик таълим: касбий ваколатлар ва қадриятлар”, “Журналистлар малакасини оширишда Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлиги истиқболлари” мавзуларида фикр алмашдилар.

Кейинги шўъба йиғилишида контент алмашиш мавзуси муҳокама қилиниб, аннимацион контентни ишлаб чиқариш ва тарқатиш, телекоммуникациялар орқали қулай имиж шакллантириш, ўзаро контент алмашиш учун “Rutube” видео хостингидан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари хусусида чиқишлар қилинди.

Шунингдек, медиа форум доирасида россиялик мутахассислар иштирокида “Янги ахборот технологияларининг замонавий журналистика ва ОАВ ривожига таъсири”, “Интерактив технологиялар мультимедиа журналистикасини қандай ўзгартирмоқда?”, “Янги технологиялар – янги кадрлар. Медиа ва IT соҳасида кадрлар тайёрлашга замонавий ёндашувлар” каби соҳага тааллуқли ўндан ортиқ мавзуда тренинглар ташкил этилди.

Медиа форум илк бор 2018 йил октябрь ойида ўтказилган эди. Иштирокчилар ушбу воқеа икки мамлакат оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этдилар. Бу галги анжуман эса шубҳасиз, Ўзбекистон ва Россия ОАВ вакиллари ўртасидаги алоқаларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Саидмурод РАҲИМОВ,

ЎзА мухбири