Ўзбекистон атом энергетикаси соҳасида янги босқичга қадам қўйди. Мамлакатимиз “Росатом” давлат корпорацияси билан кичик модулли реакторлар қуриш бўйича экспорт шартномаси имзоланган дунёдаги илк давлат бўлди. Бу ҳақда яқинда Обнинск шаҳрида бўлиб ўтган “Obninsk NEW” халқаро ёшлар ядро форумида маълум қилинди.
Мазкур тадбирнинг ушбу шаҳарда ўтказилиши бежиз эмас. Чунки дунёдаги илк атом электр станцияси 1954 йили айнан Обнинскда ишга туширилган.
Бугунги кунда дунёда атом реакторлари қурилиши бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Охирги йилларда Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Франция каби қатор давлатлар ўз миллий атом дастурларини фаол ривожлантирмоқда. Аммо экспорт лойиҳалари сони бўйича Россия етакчилик қиляпти.
“Obninsk NEW” халқаро ёшлар ядро форумида “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёв қайд этганидек, ҳозирги вақтда жаҳонда 27 та халқаро атом реакторлари қурилиши лойиҳаси амалга оширилмоқда. Улардан 24 таси айнан “Росатом” иштирокидаги лойиҳалар ҳисобланади.
Дунёда атом энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар орасида Ўзбекистон кичик модулли реакторлар бўйича экспорт шартномаси имзолаган илк давлат сифатида алоҳида ажралиб турибди. 2024 йил май ойида Жиззах вилоятида 330 МВт қувватга эга кичик қувватли атом электр станциясини (КҚАЭС) қуриш бўйича шартнома тузилган эди. Жорий йилнинг 20 июнида эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзатом» агентлиги ва Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси ўртасида мамлакатимизда катта қувватли АЭС қурилиши имкониятларини ўрганиш юзасидан ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Ушбу ҳужжат АЭС ҳудудида кичик ва катта қувватли энергоблокларни бирлаштириб жойлаштириш имкониятини назарда тутади.
– Биз Ўзбекистон билан кичик реакторлар етказиб бериш бўйича дунёдаги илк экспорт шартномасини имзоладик. Ҳозирги кунда битта майдонда ҳам кичик, ҳам катта реакторларни жойлаштириш имконияти ўрганилмоқда. Бу ўзбек дўстларимизнинг жуда қизиқарли ёндашувидир. Улар ишни кичик қувватли реакторлардан бошлашга қарор қилишди. Айни пайтда бу Ер юзидаги кичик модулли реакторлар бўйича ягона экспорт шартномасидир, – деб таъкидлади Лихачёв.
Унинг сўзларига кўра, бундай бирлашган модель орқали асосий юклама катта қувватлар ҳисобидан таъминланади, энергияга талаб ошган пайтларда эса кичик генерациялар орқали ўрни қопланади. Станциянинг умумий инфратузилмасидан ҳам катта, ҳам кичик блоклар биргаликда фойдаланиши эвазига қурилиш ва эксплуатация жараёнларида ресурслар тежалишига эришилади.
Шартноманинг имзоланиши ва қурилиш ишлари бошланишидан анча аввал Ўзбекистон миллий мутахассисларни тайёрлаш тизимини шакллантира бошлаган. 2019 йилда Тошкентда НИЯУ МИФИнинг илк хорижий филиали иш бошлаган. Жорий йилда эса мазкур филиал бакалавриатнинг учинчи битирувчилар гуруҳига диплом топширади.
–АЭС ишга тушган пайтга келиб, биз фақатгина станцияларимизда амалиёт ўтайдиган мутахассисларни тайёрлабгина қолмай, бу борада тўлиқ шарт-шароитларни ҳам яратиб берамиз. Балки Ўзбекистонда ҳам назарий, ҳам амалий кўникмага эга бўлган, тўлиқ шаклланган миллий атомчилар касбий жамоаси пайдо бўлади, - дея қайд этди “Росатом” раҳбари.
Қисқача айтганда, “Obninsk NEW” форуми атом соҳасида фаолият юритаётган турли мамлакатларнинг ёш мутахассисларини бир мақсад атрофида жамлади. Россия атом саноатига 80 йил тўлиши муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар доирасидаги ушбу форум Ўзбекистоннинг стратегик мақсадлари билан ҳам уйғунлашди. Мамлакатимизда “яшил” энергетика кластерини ривожлантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада атом энергетикаси технологик мустақиллик ва барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим омили сифатида қаралаётгани эътиборга молик.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА