Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон-Россия: 1 октябрдан кунига 9 миллион куб метр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланмоқда
12:38 / 2023-06-19

Аввал хабар берилганидек, жорий йилнинг 16 июнь куни XXVI Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ҳамда республикамиз газ-транспорт тизимини ушбу газни қабул қилишга тайёрлаш бўйича “йўл харитаси” имзоланган эди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, ушбу газ олди-сотдиси бўйича шартнома “UzGastrade” АЖ ва “Газпром экспорт” МЧЖ ўртасида 2 йил муддатга тузилган бўлиб, уни ишончнома асосида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ва “Газпром” ОАЖ бошқаруви раиси А.Миллер имзолади.

Таъкидлаш лозимки, шартнома тўлиқ тижорий шартларда ишлаб чиқилиб, республикамиз истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йилдан-йилга ошиб бораётган эҳтиёжини қисман қондириш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган чора-тадбирлардан биридир. Шартнома доирасида жорий йилнинг 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланмоқда. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион куб метрни ташкил этади.

Табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикамиздаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келишилган. “Йўл харита”га мувофиқ, аввал табиий газ “Ўрта Осиё – Марказ” магистраль газ қувури орқали Қозоғистондан транзит билан Россияга юборилгани ва эндиликда газнинг реверс режимида (тескари оқимда) Ўзбекистонга етказилишини, шунингдек, республикамиз ҳудудида янги газ ўлчаш станцияси қурилишини ҳисобга олган ҳолда, белгиланган тадбирларни жорий йилнинг сентябрь ойига қадар якунлаш режалаштирилган.

Жумладан, “Йўл харитаси” доирасида республикамиз газ-транспорт тизимидаги 3 та газ ҳайдаш ускунаси янгиларига алмаштирилади ва 11 та турли русумдаги газ ҳайдаш ускунасида мукаммал таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари бажарилади. 22 километрлик янги магистраль газ қувурлари қурилади ва 56 километрлик газ қувурлари таъмирланади.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА.