Сўнгги 4 ой давомида мамлакатимиз экспорт салоҳиятини кенгайтириш, экспорт қилувчи ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, рақобатбардош экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг кўпайтирилишини рағбатлантириш юзасидан Президентимиз томонидан олти маротаба экспортга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Мазкур йиғилишларни ўтказишдан мақсад республикамизда ишлаб чиқарилган қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотларнинг хорижий давлатларга экспорти ҳажмини оширишдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этиш, ривожланган мамлакатларга «Made in Uzbekistan» белгиси остида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспорти ҳажмини ошириш мақсадида жорий йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикаси ҳудудидаги биринчи Савдо уйи Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан юритиладиган Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари томонидан чет элда ташкил этилган ташкилотлар реестрига QK-A/1096-сон билан киритилди.
Мазкур Савдо уйи ҳузурида кўргазма зали сифатида доимий фаолият юритувчи «шоу-рум» очиш ҳам режалаштирилган. Унда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг турли маҳсулотлари кенг ассортименти – озиқ-овқат, мева-сабзавот, тўқимачилик-текстиль, ипак, кимё, кулолчилик маҳсулотлари ҳамда заргарлик буюмлари намойиш этилади.
ЎзА