Жорий йилнинг 20 август куни давлатимиз раҳбари Нукус шаҳрида ўтказилган тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқоти чоғида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини таъсис этиш лозимлиги ҳақида ўз таклифларини илгари сурган эди.
2024 йилнинг 27 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Президентимизнинг ушбу таклифи юзасидан қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, бир овоздан тасдиқланди. Орадан тўрт кун ўтиб, яъни жорий йилнинг 31 август куни Президентимиз Ш.Нориевага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини бериш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Мазкур фармонга мувофиқ, мамлакатимизда тадбиркорлик ҳаракатини янги босқичга кўтаришда ўзининг ватанпарварлик, ишбилармонлик ва ташаббускорлик фазилатларини яққол намоён этиб, кўплаб истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келаётган, хусусан, боғдорчилик, кўчатчилик ва гулчилик тармоқларини илғор тажриба ва инновацион усуллар асосида ривожлантириш, ҳудудда томорқачиликни кенг тарғиб қилиш, иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва фаровонлигини юксалтириш, ижтимоий масалаларни ечишда алоҳида фаоллик кўрсатаётган, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, меҳнатсевар ва шижоатли инсонлар этиб тарбиялаш йўлидаги ибратли ишлари учун Шароф Рашидов туманидаги “Гулчи опа томорқа хизмати” кластери раҳбари Нориева Шарофат Эргашевна “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонига лойиқ топилди.

Юртбошимизнинг мазкур фармони эълон қилинган куни Жиззах вилояти ҳокимлиги анжуманлар саройида Шарофат Нориевага ушбу унвон Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев томонидан тантанали равишда топширилди.
Биз Шарофат опа Нориева ҳамда у раҳбарлик қилаётган Шароф Рашидов туманидаги “Гулчи опа томорқа хизмати” кластери билан яқиндан танишиш мақсадида Сўлоқли маҳалласига бордик ва у кишидан интервью олдик.
Шарофат Нориева Шароф Рашидов тумани Олмачи қишлоғида оддий деҳқон оиласида дунёга келди. Оилада 8 жон бўлгани сабаблими, отаси Эргаш бобо хўжалик ишидан бироз қўли бўшадими, дарров кафтдекгина томорқасига чиқиб, ўзи суйган боғдорчилик, онаси Шаҳринисо момо эса гулчилик билан шуғулланарди. “Томорқадан келадиган даромад оз бўлса-да ҳарнада, онаси”, дер эди Эргаш бобо турмуш ўртоғига.
Жажжи Шарофатда гулчиликка, боғдорчиликка меҳр, ўша ўқувчилик йилларидаёқ ота-онасидан ўтган бўлса, ажабмас.

– Жуда ҳам ёш бўлишимга қарамасдан, мен ҳам ҳавас билан ўқишим тугаши заҳоти ота-онамни ёнига шошилар, томорқага чиқиб парвариш қилган гулларимиздан баҳри-дилим очилар, қувонч билан меҳнат қилардим, – дейди Шарофат Нориева ёшлик йилларини эсга олиб. – Фермерликка илк қадамни ўшанда, гул кўчатлари етиштириб, бозорга олиб чиқиб сотган кезларимда ташлаган бўлсам керакда.
Мустақиллик йилларида ҳамма нарса, жумладан, инсонга, инсон омилига бўлган эътибор, хусусийлаштиришга бўлган муносабат тубдан ўзгарди.
–Узун меҳмонхонамиз бўларди, – дейди опа ёшлик йилларини эслаб, – унинг устини очиб, гул кўчатлари етиштиришга ихтисослашган оилавий тадбиркорликни бошладик. Йиллар давомида ота мерос, она мерос касбим – гулчилик, боғдорчилик, кўчатчилик ва, умуман, фермерликнинг бошқа йўналишларини кенгайтираётган бўлсамда, гучиликни ташлашни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Ёшлик чоғларимда “Ота-онам йўлидан бориб, ишларини давом эттираман”, дея ўз- ўзимга сўз бергандим. Мана, худога шукр, шу кунларга етказди. Юртбошимиз бошчилигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунга келиб ўз самараларини бермоқда. Айниқса, мен каби тадбиркорларга жуда катта имкониятлар яратилмоқда. Мустақиллик йилларида гул кўчатлари етиштириш бўйича фермерлик ташкил этиб, 30 та иш ўрни яратдим. 2017 йили ана шу арзимас меҳнатларим эвазига давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирландим.
Бу эътибор кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшиб фермер хўжалигимизни кўп тармоқли фермерликка айлантирдим. Тўғриси, ана шу мукофот ишларимнинг янада ривожланишига катта туртки бўлди, қанот бағишлади, яна қўшимча элликка яқин ҳамқишлоғимни доимий иш ўрни билан таъминладим.
2022 йили “Тадбиркор аёл” кўрик- танловида “Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор аёл” номинациясини қўлга киритиб, Юртбошимиз томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени ва Президент совғаси – “Jentra” автомобили билан тақдирландим. Шу йилнинг ўзида қўлида ҳунари бўлмаган, бирор касбнинг бошини тутмаган опа-сингилларни томорқасини даромад манбаига айналтириш, тадбиркорликка ўргатиш мақсадида 100 нафар хотин-қиз учун бепул ўқув маркази ташкил этдим.
Ҳозир ушбу курсни битириб, томорқачиликни катта даромад манбасига айлантирган қишлоқ аёлларини нафақат туманимизда, балки вилоятимизнинг турли бурчакларидан ҳам кўплаб топиш мумкин.
Қишлоқ хўжалигининг қайси йўналиши бўлмасин, уруғлик – экин ривожи ва мўл ҳосил етиштиришда жуда муҳим ўрин тутади. Авваллари энг сара гул уруғларини Туркия, Недерлания, Италия ва бошқа хорижий давлатлардан жуда қиммат нархларда олиб келар эдик. Энди хориждан гулларнинг оналик кўчатларини олиб келиб экиб, уруғини олиб, кўчатлар етиштираяпмиз. Натижада гул кўчатлари етиштириш бўйича лойиҳамизни тўлиқ амалга оширдик ва ҳозир бизнинг кластеримизда биргина атир гулнинг 200 дан ортиқ тури кўчатлари мавжуд.
Гул кўчатларидан ташқари, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” миллий ҳаракатига ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида турли манзарали, мевали дарахт кўчатлари ва буталарнинг оналигини ҳам хориждан олиб келиб, ўзимизда етиштиришни тўлиқ йўлга қўйганмиз. Бугун-эрта кузги экиш мавсуми бошланади ва кластеримиз бир неча турдаги гул, дарахт ва бута кўчатларини етиштириб беришга тайёр.
Яна бир янги лойиҳамиз – қулупнайчилик бўлиб, 1 гектар ерга қадалган қулупнай кўчатидан 24 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Буни амалда ўз далаларимизда тўлиқ синаб кўрдик. Мана шу ҳосилдор қулупнай кўчатларини ҳам оилаларга бўлиб бериб, ҳосил етилгач, улардан мевани ўзимиз сотиб олиб, ички бозор ва ташқи бозорга ҳам экспорт қилаяпмиз. Масалан, бир оила биздан 500 туп қулупнай кўчати олса, фақат шунинг ўзидан 20-25 миллион даромад қилаяпти.
Қулупнайнинг энг ҳосилдор “браво”, “ион” каби олий навли уруғларини ҳам хориждан олиб келиб, заминимизга иқлимлаштирганмиз. Қулупнайчиликдаги иккинчи лойиҳамиз– биздан 500 туп қулупнай кўчатини олган оилалардаги 500 туп қимматбаҳо ва ноёб саналган “ион”, “браво” каби қулупнай навларидан бир йилда 7 минг тупгача кўчат олиш мумкин. Эрта баҳордан бу лойиҳамизни ҳам амалга оширишга киришамиз.Ушбу лойиҳамизнинг келажаги жуда порлоқ. Чунки ҳозирдан ушбу қулупнай кўчатларининг харидорлари нафақат республикамиз вилоятларидан, балки яқин қўшниларимиз Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлардан ҳам буюртма беришмоқда.
Чорвачилик фермер хўжалигимизда наслли эчкилар парваришланмоқда. Бундан ташқари, туманимиздаги 200 оилага чорва молларимизни тарқатиб берганмиз, улар етиштираётган сут ва гўштни ўзимиз сотиб оламиз.
Ушбу йўналишлардан ташқари, кластеримиз қошида бир қанча иссиқхоналар, гомус ўғити тайёрлаб бериш, АКФА эшик-ромлари тайёрлаш цехи, бир нечта овқатланиш ва бошқа маданий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларимиз ҳам мавжуд.
Қишлоқ аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида банкдан 1 фоизли кредит олиб, энг замонавий шароитларга эга 100 ўринли мактабгача таълим ташкилоти очиб, 20 дан ортиқ фуқарони доимий иш ўрни билан таъминладик. Қолаверса, қишлоқ аҳли фарзандлари шаҳардаги боғчалардан умуман қолишмайдиган таълим-тарбия масканида тарбияланаётганидан беҳад мамнун.
Айни пайтда 114 нафар доимий ишчимиз бор ва уларга яхшигина ҳақ тўлаб, 250-300 нафар мавсумий ишчи кучидан ҳам фойдаланиб келаяпмиз.
Яна бир янги лойиҳамиз – балиқчиликни ташкил этиб, у ерда энг хушхўр саналган балиқ турларини урчитиб, ҳам аҳолига парҳезбоп, шифобахш ва арзон балиқ гўшти сотиш, ҳам чавоқ савдосини йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.
Юқорида тадбиркорликни ривожлантириш борасида айтилган ва айтилмаган лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида лидер-тадбиркор сифатида “Агробанк”дан 2 миллиард 500 миллион сўм кредит олдим. Мақсад – кластеримизни янада кенгайтириб, қўшимча янги иш ўринлари яратиш, халқимиз фаровонлиги ва аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, экспорт миқдорини оширишдан иборат.
Худога беҳисоб шукрки, турмуш ўртоғим ҳамиша ёнимда, менга ҳар бир ишда камарбаста. Бир нафар фарзандим, икки набирам, кўнгли очиқ, меҳнаткаш келиним бор.
“Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари тарқатиб юборилишини эшитиб, турмуш ўртоғим, ўғлим ва келиним билан маслаҳатлашиб, 2 нафар болани қарамоғимизга олмоқчи бўлиб, у ерга бордик. Бизни кўриб, 15 нафари “Бизларни ҳам олинг!”, деб этагимга ёпишиб олди. Уларни уйга олиб келиб, шароитимиз билан таништирдим, турмуш ўртоғим, ўғлим ва келиним ҳам “Ҳаммалари қолаверишсин”, дейишди. Ҳозир улар тарбиямизда, биз уларни ўз фарзандларимиздек, ўғлим ва келиним ўз ука-сингилларидек кўришаяпти ва худога шукрки, улар ҳам бизни ўз ота-оналари, ака-опаларидек кўришмоқда.
Кластер раҳбарлигидан ташқари, Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутатиман, Аграр университетда сиртдан таҳсил олаяпман, “Сўлоқли” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳоким ёрдамчиси сифатида ҳам фаолият юритаяпман. Агар оз бўлсада, халқимизга нафим тегаётган бўлса, мен бундан жуда бахтиёрман.
Президентимизнинг биз тадбиркорларга эътибор ва ғамхўрлиги натижасида ота касбни маҳкам тутиб, уни янада кенгайтириб, оддий “Гулчи опа” оилавий тадбиркоридан “Гулчи опа томорқа хизмати” кластери раҳбари даражасигача кўтарилдим.
Муҳтарам Президентитмиизнинг фармони билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвони билан тақдирланганимни эшитганимда, йиғлаб юбордим. Ўзбекистонда шундай олий даражадаги унвон таъсис этилиб, у биринчи бўлиб мендек қишлоқдан чиққан оддий боғбон қизига берилсаю хурсандчилигимдан қандай йиғламай?
Бу унвон менинг ва бутун кластеримиз аъзоларининг камтарона меҳнатларимиз учун давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз томонидан берилган юксак баҳо, деб ўйлайман. Бу эса бизларни янада кўпроқ меҳнат қилишга, янада кўпроқ иш ўринлари яратишга ундайди. Камбағаллик даражасига тушиб қолган юртдошларимизни бу тоифадан чиқаришда Юртбошимизга камарбаста бўлиб, бор куч ва салоҳиятим билан сидқидилдан меҳнат қилишга ваъда бераман!
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/7cy7lllDHis?si=B_MqOLtdo7ZfbPlf" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео,сурат),
ЎзА мухбирлари