Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида
23:03 / 2021-02-25

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, шунингдек, асосий мақсадли кўрсаткичларга эришишни таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ–6024-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини унинг устувор йўналишлари ва тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлари ва кўрсаткичларидан келиб чиқиб, ҳар уч йилда тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантириш стратегиялари орқали босқичма-босқич амалга оширилиши белгилаб қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Сув хўжалиги вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Стратегия мамлакатнинг сув ресурсларини барқарор бошқариш ва ирригация секторини такомиллаштиришни қамраб оладиган бир қатор инфратузилмавий, сиёсий, институционал ва салоҳиятни ривожлантириш чораларини ўз ичига олади, унинг доирасида:

ирригация тизими каналларининг бетон қопламали қисми 35 фоиздан 38 фоизгача ошиши, ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,63 дан 0,66 гача ошиши;

сув таъминоти даражаси паст бўлган суғориладиган майдонлар 526 минг гектардан 424 минг гектаргача камайтирилиши;

Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларидаги 518 та насос агрегати ва 807 та электродвигатель замонавий энергия тежамкорларига алмаштирилиши, уларнинг йиллик электр энергияси истеъмоли 7,6 миллиард кВт.сдан 7,15 миллиард кВт.с гача камайтирилиши;

сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш 308 минг гектардан 1,1 миллион гектаргача, шу жумладан томчилатиб суғориш технологияси 121 минг гектардан 822 минг гектаргача етказилиши;

шўрланган майдонлар 1 926 минг гектардан 1 888 минг гектарга, шу жумладан ўртача ва кучли даражада шўрланган ерлар 581 минг гектардан 532 минг гектаргача қисқартирилиши;

ер ости сув сатҳи муаммоли ҳолатда (0–2 метр) бўлган суғориладиган ер майдонлари 988 минг гектардан 900 минг гектаргача камайтирилиши;

қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган жами 232 минг гектар суғориладиган ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилиши;

дарё ва сойларда 6 та гидрологик пост қурилиши ва қайта тикланиши, 6 та гидрологик пост рақамли технологиялар асосида автоматлаштирилган ускуналар билан жиҳозланиши;

“Smart Water” (“Ақлли сув”) рақамли технологияси асосида сувнинг ҳисоби юритиладиган сув хўжалиги объектлари сони 18 576 тагача етказилиши;

60 та йирик сув хўжалиги объекти рақамли технологиялар асосида автоматлаштирилган бошқарувга ўтказилиши;

Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 1 688 та насос станциясидаги 5 231 та насос агрегатининг электр энергияси истеъмоли ва сув сарфи ҳисобининг мониторинги “онлайн” режимда олиб борилиши;

мавжуд мелиоратив кузатув қудуқларининг 2 100 тасида рақамли технологиялар орқали мониторинг олиб борилиши;

сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида жами 124 та лойиҳа амалга оширилиши, суғориш учун сув етказиб бериш харажатларининг 9 фоизи сув истеъмолчилари томонидан қопланиши таъминланади.

3. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур қарор билан тасдиқланган Стратегия ва унда белгиланган тадбирларнинг прогноз кўрсаткичлари ўз вақтида бажарилишини таъминласин.

Бош вазир ўринбосари Ш.М. Ғаниев икки ҳафта муддатда мазкур қарор доирасида 2021 йил учун назарда тутилган прогноз кўрсаткичларидан келиб чиқиб, амалга оширилиши лозим бўлган аниқ чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин ва ижросини таъминласин.

4. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.М. Бобоев), Молия вазирлиги (Қ.Х. Тапаров), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари:

Стратегияга 2 ва 13-иловаларга кўра амалга ошириладиган тадбирлар келгуси йиллар учун асосий кўрсаткичларни аниқлаштириб ва янгилаб борган ҳолда 2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини шакллантириш жараёнида инобатга олинишини;

Стратегияга 1–1а, 3–6, 8–10, 12, 14 ва 17-иловаларга кўра 2021-2023 йиллар учун белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун талаб этиладиган маблағлар қўшимча равишда ажратилиши келгуси йиллар Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.

5. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари:

Стратегияга 2, 3, 13 ва 14-иловаларга мувофиқ тасдиқланган прогноз кўрсаткичлари доирасида ирригация-мелиорация тадбирларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда энергия ва ресурсларни тежайдиган технологиялар қўлланилишини назарда тутсин;

ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига маҳаллий пудрат ташкилотларини кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратсин.

6. 2021 йил 1 октябрга қадар этилен полимерлари (ТИФ ТН коди 3901) ва пропилен полимерларини (ТИФ ТН коди 3902) олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси белгилансин.

7. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Л.Ш. Кудратов) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.И. Норқулов) ва Энергетика вазирлиги (Ш.Х. Ходжаев) билан биргаликда республикада ишлаб чиқарилаётган полиэтилен маҳсулотининг экспортини 40 минг тоннага қисқартириш эвазига унинг ички бозорда биржа савдолари орқали сотилаётган қисмини ошириш чораларини кўрсин.

8. “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ (З.Б. Бадриддинов) полиэтилен ва полипропилен маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи хорижий компанияларни биржа савдоларига жалб қилиш чораларини кўрсин.

Бунда, “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖга ушбу бандда назарда тутилган маҳсулотларни биржа орқали сотувчи хорижий компаниялар (норезидент) учун савдоларга қатнашишда закалат суммасини киритиш талабини бекор қилиш ҳамда биржа комиссион йиғимларидан озод қилиш тавсия этилсин.

9. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси (А.Д. Вахабов) Бош прокуратура (Ш.Ж. Рахимов), Ички ишлар вазирлиги (С.А. Нишанбаев) ва Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев) билан биргаликда сув танқислиги шароитида экинларни кўллатиб суғориш ва сувни зовурга ташлаб қўйишнинг ҳар бир ҳолатини фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаб, сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш, сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузганларга нисбатан кескин чоралар кўриб борсин.

10. Белгилансинки, 2021 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида ҳар йили суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари доирасида объектларни таъмирлаш-тиклаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан вилоятлар маҳаллий бюджетларига ўтказилади.

2020 йилда ташкил этилган эксперимент ижобий натижа берганлиги сабабли “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 13-моддасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси суғориладиган ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилашга оид тадбирлар доирасида объектлардаги таъмирлаш-тиклаш ишларига доир харажатлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан молиялаштирилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

11. “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти (У.М. Мустафоев) 2021 йил 1 июлга қадар Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги барча насос станцияларига автоматлаштирилган электр ўлчов асбоблари ўрнатиш ишларини якунласин.

Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда сув хўжалиги тизими ташкилотлари ҳисобидаги юқори кучланишли электр подстанциялари ҳамда электр узатиш тармоқлари электр энергияси етказиб берувчи “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти балансига икки ой муддатда штат бирликлари билан бирга тегишлилиги бўйича ўтказилишини таъминласин.

12. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (М.И. Рўзметов), Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги (Ф.К. Умаров), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (К.А. Юлдашев) ва “Ўзбеккосмос” агентлиги (Ш.М. Қодиров) билан биргаликда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш, мониторинг олиб боришда ахборот-коммуникация технологиялари, геоахборот тизимлари, масофадан зондлаш технологияси ва учувчисиз учиш қурилмаларидан кенг фойдаланилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.К. Кўчимов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Д. Хаджаев):

Мактабгача таълим вазирлиги (А.В. Шин), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Х. Шерматов) ва Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев) билан биргаликда аҳолининг сувни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан самарали ва тежамли фойдаланишни ташкил этиш борасидаги ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш мақсадида, оммавий ахборот воситалари орқали мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактабларида ҳамда аҳоли ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил қилинишини;

Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев) билан биргаликда ушбу қарорда белгиланган тадбирларнинг ижроси натижасида эришиладиган ютуқларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига:

Стратегиянинг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

амалга оширилган ишлар тўғрисида вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимларининг ахборотларини ҳар чоракда Сенат, Қонунчилик палатаси ва тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида эшитиб борилишини таъминлаш тавсия этилсин.

15. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев) Молия вазирлиги (А.Я. Хайдаров), “Ўзгидромет” маркази (Ш.Х. Хабибуллаев), Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (Б.Ф. Исламов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар кейинги йилларда сув таъминоти ва сувдан фойдаланишни таҳлил қилган ҳолда 2021 йил ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, тегишли қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

16. Бош вазирнинг ўринбосари Ш.М. Ғаниевга тасдиқланган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларининг манзилли рўйхатларига уларнинг қиймати ва қуввати доирасида, зарур ҳолларда қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

17. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев), “Ўзгидромет” маркази (Ш.Х. Хабибуллаев), Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (Б.Ф. Исламов):

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (К.А. Юлдашев) билан биргаликда 2021 йил 1 июлга қадар сув ва сувдан фойдаланишга доир маълумотлар базалари ҳамда мониторинг тизимларининг рақамли технологиялар асосида такомиллаштирилишини ҳамда сув ресурсларининг автоматлаштирилган идоралараро ахборот тизимининг босқичма-босқич ишга туширилишини таъминласин;

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (А.И. Максудов) билан биргаликда 2021 йил 1 майга қадар сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш тамойилларини жорий қилиш бўйича ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 майдаги ПҚ–4709-сон қарори билан тасдиқланган Божхона божларидан озод этилаётган четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари рўйхатига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

19. Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р. Хамраев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни;

2023 йил 1 сентябрга қадар Стратегия доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижалар бўйича батафсил ахборотни, шунингдек, 2021-2023 йилларда йўл қўйилган камчиликларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2024-2026 йилларга мўлжалланган стратегияси лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

20. Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериб борилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

      Президенти                                                                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 24 февраль