Ватанимиз тарихидаги 3 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
Август ойининг биринчи якшанбаси – Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни. Мазкур сана Президентнинг 2017 йил 2 августдаги фармонига асосан темир йўлларда юк ва йўловчиларни ташиш ҳажмини ошириш, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш борасида охирги йилларда эришилган ютуқларни ҳисобга олиб ҳамда соҳа мутахассисларини қўллаб-қувватлаш мақсадида нишонланиб келинмоқда. Мазкур кунни белгилаш тўғрисидаги Қонун 2017 йил 20 декабрда қабул қилинган.
1191 йил (бундан 834 йил олдин) – машҳур фақиҳ олим Алоуддин Косоний Ҳалабда оламдан ўтди. У шаҳар ташқарисида Макоми Иброҳим Халил мавзесига дафн этилган. Олим ўз замондошлари ва илм аҳллари орасида Малик ул-уламо (олимлар подшоҳи) рутбаси билан маълум ва машхур эди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизеи, Косоний устози Алоуддин Самаркандийнинг “Тухфату-л-фуқахо” номли асарига шарҳ ва ўзининг шоҳ асари “Бадои”ни ёзади ҳамда уни устозига тақдим қилади. Бундан устози жуда хурсанд ва мамнун бўлади. Бунинг муқобилида устози Самаркандий, ораларида турк ҳукмдорлари ҳам бўлган бир қанча бообрў кишиларнинг совчилигида олима ва фақиха бўлган қизи Фотимани Косонийга никоҳлаб беради. Ана шу никоҳнинг маҳри сифатида Косонийнинг “Ас-Санои” асарини қабул қилади. Шу сабабли хам, “устозининг тухфасини шарҳлаб, қизига уйланди” деган гап халқ ўртасида машҳур бўлиб кетган.
1200 йил (бундан 825 йил олдин) – пойтахт Гурганжда Хоразмшоҳларнинг янги султони Қутбиддин Муҳаммад тантанали равишда тахтга ўтирди. Кейинчалик у отасининг тахаллуси – Алоуддин номини ҳам олди. Хоразмшоҳ Алоуддин Қутбиддин Муҳаммад даврида салтанат ҳам ҳудудий, ҳам куч-қудрат жиҳатидан ўзининг юксак чўққисига етган. Хоразмшоҳ ўзига Искандари Соний (Иккинчи Искандар) лақабини ҳам олди ва саройда Зулқарнайн навбаси (шоҳ кириши шарафига мусиқий мадҳия)ни жорий қилди.
1590 йил (бундан 435 йил олдин) – Тошкент ҳокими Дўстим султон, Андижон ҳокими Исфандиёр султон, Ҳисор ҳокими Ўзбекхон ва Самарқанд ҳокими Ибодулла султоннинг элчилари Самарқандда тўпланиб кенгаш ўтказди ва Бухоро хони Абдуллахон сонийга қарши ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузди. Орадан кўп вақт ўтмай, Ибодулла султон Абдуллахоннинг йўқлигидан фойдаланиб, Самарқанд теварагидаги туманларни талон-тарож қилди.
1929 йил (бундан 96 йил олдин) – Ўзбекистон ССР ҳукуматининг қарорига биноан ёлланма меҳнатдан фойдаланган деҳқон хўжалиги, руҳонийлар табақасидан бўлган имом, муллалар, ўз меҳнат қуроллари ёки биноларини вақтинча ёки доимий ижарага берганлар, ўз хўжалигида тегирмон, мойжувоз ва бошқа ускуналардан фойдаланганлар, йилига 600 сўмдан ортиқ даромад қилганлар “қулоқ” (“муштумзўр”) деб эълон қилинди.
Тарихчи Алишер Тойировнинг қайд этишича, шу меъёрга асосан, мустабид совет режимининг бадавлат ва ўрта ҳол деҳқонларни қишлоқ буржуазияси сифатида тугатиш сиёсати – қулоқлаштириш натижасида 1929–1930 йилларда биргина Самарқанд вилоятидан 1614 та хўжалик “қулоқ хўжаликлари” деб баҳоланган. Аммо ҳукуматнинг қулоқ хўжаликларига талаби йил сайин кучайиб, энг оддий деҳқон хўжалиги ҳам “қулоқ” деб тугатила бошланган.
1989 йил (бундан 36 йил олдин) – Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани бульдозерчилари Абдуолим Мўминов ва Абдурашид Кенжаевлар Терак қишлоғида ер текислашаётганларида икки хум танга топиб олдилар. Бу топилма чин маънодаги хазина бўлиб, 3850 дона кумуш тангадан иборат эди. Бу хазина жаҳонгир Амир Темур ҳукмронлик қилган йилларда Турон, Яқин ва Ўрта Шаркдаги турли шаҳарда зарб қилинган танга-пуллар эди.
Тарихчи Дилафрўз Қурбонованинг қайд этишича, бу хазинани бульдозерчилар ўз ихтиёрлари билан район милицияси воситачилигида Яккабоғ туман молия бўлимига топширишган. Молия бўлими раҳбари бу қимматли хазинани ўлка музейига топширмай, унинг асосий қисмини Москвадаги қимматбаҳо буюмларни сақлаш хазинасига жўнатиб юборган.
Тарихчи Ирпон Тўхтиевнинг ёзишича, бу дафинадан олинган икки пудга яқин, яъни 31 кг тангаларнинг бир қисми қўлма-қўл тарқалиб кетган. 1129 дона кумуш танга пуллар аҳолидан йиғиб олиниб, ҳозирги Ўзбекистон тарихи давлат музейининг нумизматика фондига топширилган. Бу дафина икки номинал (қиммат)даги тангалардан иборат бўлиб, мирилар 575 донани, тангалар эса 554 донани ташкил этган. Мирилар, асосан, Самарқандда 1380 ва 1405-йиллари зарб қилинган бўлиб, улар 562 донани, Хоразмда 1388 ва 1404-йиллари зарб этилган мирилар 11 донани ва Мордин шаҳрида зарб қилингани 2 донани ташкил қилган, ушбу икки мирининг йил саналари ўчиб кетган.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашув ўтказди. Учрашувда миллий маданиятимиз, адабиёт ва санъатимизни ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар, уларни ҳал этиш йўллари, бу борада ижодий уюшмалар ва давлат ташкилотлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алимент тўловлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2023–2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мажбурий рақамли маркировкалаш лозим бўлган товарларнинг чакана савдосини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА