Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги нутқи
13:42 / 2022-09-16

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Сизларни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида чин дилдан қутлайман.

Қадимий ва меҳмондўст Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар раҳбарларини, фахрий меҳмонларимиз ва халқаро ташкилотлар вакилларини шахсан қабул қилиш шарафига муяссар бўлганимдан мамнунман.

Буюк ипак йўлининг қоқ юрагида жойлашган бу муаззам шаҳар минг йиллар давомида миллатлараро мулоқот, ўзаро маданий ва маънавий ҳамкорлик, савдо ва илмий алмашинувлар маркази сифатида хизмат қилиб келган.

Бугунги кунда пандемия ва дунёдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, Самарқанд яна бир бор Евроосиёнинг улкан макони етакчиларини бирлаштиргани, халқаро сиёсат ва иқтисодиёт марказига айлангани қувонарлидир.

Мен анжуманимизда биринчи маротаба иштирок этаётган давлат раҳбарлари – Покистон Ислом Республикаси Бош вазири жаноб Шаҳбоз Шариф, Туркия Республикаси Президенти жаноб Режеп Таййип Эрдоған, Озарбайжон Республикаси Президенти жаноб Илҳом Алиев, Туркманистон Президенти жаноб Сардор Бердимуҳамедовни самимий қутлайман.

Ўзбекистонга хуш келибсиз!

Ҳурматли учрашув иштирокчилари!

Биз ШҲТга раислик давримизда Ташкилотимиз доирасидаги амалий ҳамкорликни фаоллаштириш, унинг салоҳияти ва халқаро нуфузини оширишга интилдик.

Хавфсизлик масалалари билан бир қаторда савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга устувор эътибор қаратилди.

Ташкилот фаолиятининг барча соҳаларида кўплаб ташаббуслар амалга оширилди. Пандемия ва глобал инқироз оқибатларига қарамасдан, Раислик режасини биргаликда тўлиқ амалга оширишга муваффақ бўлдик. 80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларимиз бугун қабул қилинган 40 дан ортиқ ҳужжатда ўз ифодасини топган.

ШҲТнинг барча давлатлари, шунингдек, Ташкилот Котибияти ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитасига раислигимизга фаол ёрдам бергани учун яна бир бор миннатдорчилик билдираман.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан кўплаб таҳдидлар кучайди.

Иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби замонамиз муаммолари барқарор ривожланиш учун жиддий хавф туғдирмоқда.

Ўзаро ишонч, адолат ва ҳамжиҳатликка талаб глобал миқёсда тобора ортиб бормоқда. Шу муносабат билан очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб этилмоқда.

Ташкилотимиз фаолияти шундай мулоқотни амалга ошириш мумкинлигини дунёга намоён этмоқда.

ШҲТ очиқлик ва блокларга қўшилмаслик тамойилларига қатъий содиқлиги туфайли иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаб, халқаро ҳамкорликни муваффақиятли тарзда чуқурлаштирмоқда. ШҲТ таркиби кенгайиб, шериклик муносабатларимиз ривожланиб бормоқда.

Бугун Эрон Ислом Республикасининг Ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланмоқда. Ушбу тарихий воқеа билан Эрон Президенти жаноб Иброҳим Раисийни ва барча ҳамкасбларимизни чин қалбимдан табриклайман.

Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш тўғрисидаги меморандумлар имзоланишини мамнуният билан қабул қиламиз.

Бундан ташқари, биз Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт Давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш борасида процедураларни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилмоқдамиз.

ШҲТнинг географик қамрови кенгаяётгани ўз мисолида самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатларни намойиш этаётган Ташкилотимиз фаолиятининг долзарблигини яна бир тасдиқламоқда.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

ШҲТ ўз тараққиётининг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўймоқда. Зиммамизда ҳамкорликнинг кўплаб устувор вазифаларини биргаликда ҳал этиш масъулияти турибди.

Бизнинг фикримизча, авваламбор, Ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш муҳимдир.

Биз хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига қатъий риоя қиламиз. ШҲТнинг фаолияти кенг ҳамкорликка йўналтирилган бўлиши лозим. Марказий Осиё ШҲТнинг "географик ядроси" мақомини сақлаб қолиши кераклигига ҳам ишончимиз комил.

“Шанхай руҳи” тамойиллари асосида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш яна бир асосий вазифа ҳисобланади. Биз фақат шу йўл билангина ШҲТ минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашимиз мумкин.

Ушбу принципиал ёндашувлардан келиб чиқиб ва бугунги халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ШҲТни 2040 йилгача ривожлантириш стратегиясини тайёрлашга киришишимиз мумкин, деб ҳисоблайман. Ушбу дастуриламал ҳужжат кўп қиррали ҳамкорлигимизнинг барча йўналишларини қамраб олиши, ШҲТни узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб бериши лозим.

Аввало, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш ғоят муҳимдир. Бу масала минтақада барқарорликни таъминлаш ва мамлакатларимиз аҳолиси фаровонлигини оширишнинг асосий шартларидан биридир.

Кўриниб турибдики, кўпроқ иқтисодий барқарорликка эришиш учун минтақавий ҳамкорликнинг ишончли моделларидан фойдаланиш зарур. ШҲТ мамлакатлари ўртасида қисқароқ “таъминот таянчи”га эга ишлаб чиқариш занжирларини яратиш учун амалий ҳаракатларга ўтиш ўта муҳимдир.

Биз ШҲТ мамлакатлари иқтисодиётларининг бир-бирини ўзаро тўлдириб боришдаги афзалликларини ҳисобга олган ҳолда, мавжуд салоҳиятни максимал даражада оширишдан манфаатдормиз. Шу муносабат билан ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини бошлаш асосида саноат ва технологик ҳамкорликнинг умумий маконини шакллантиришни таклиф этамиз.

Унинг асосий вазифаси савдо ва божхона тўсиқларини бартараф этишга, кафолатланган ва барқарор ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларини шакллантириш, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босишга қаратилган қўшма дастурларни рағбатлантиришни кўзда тутади.

Шунингдек, бу вазифа ўзаро сармояларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, уларни биринчи навбатда, инфратузилмани ривожлантириш, рақобатбардош саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасига йўналтириш орқали биз яратган савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг барча механизмларини бирлаштириш ва фаоллаштиришдан иборат бўлади.

Мамлакатларимиз ўртасида кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликни таъминлаш ва амалий ҳамжиҳатликнинг аниқ натижаларига эришиш мақсадида Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказишни таклиф этамиз.

Саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдоримиз. Биз келгуси йилда Самарқандда “Ўзбекистон – ШҲТ” саноат зонаси базасида махсус зоналар администрациялари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказишга тайёрмиз.

Яна бир чора-тадбир сифатида ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказишни, унинг асосида ягона электрон платформа яратишни таклиф этамиз.

Биз қабул қилаётган Минтақалараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ҳам бунга ёрдам беради.

Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.

Шуни тан олиш керакки, мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва импорт қилувчилари бўлишига қарамасдан, ШҲТ доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатликни йўлга қўя олмадик.

Давлатларимиз салоҳияти ички бозорларни бошоқли экинлар, чорвачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, асосий озиқ-овқат турлари ҳамда зарур ўғитлар билан мунтазам таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, биз ушбу муаммони глобал даражада ҳал қилишга ҳисса қўшишимиз керак.

Шу муносабат билан Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Ушбу ҳужжатда мавжуд норматив-ҳуқуқий базани яқинлаштириш, биргаликда тадқиқотлар ўтказиш ва янгиликларни жорий этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутиш муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларига, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантиришга, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, "яшил" ва экспресс-йўлакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш лозим.

Ушбу ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадида келгуси йили Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказишни таклиф этамиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бугун биз ШҲТнинг Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш концепциясини қабул қилмоқдамиз.

Концепциянинг асосий қоидаларини амалиётга татбиқ этиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўллаб-қувватлаши остида Тошкент шаҳрида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этишни таклиф қиламиз.

Шунингдек, саммит доирасида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисида уч томонлама битимнинг имзоланишини ҳам тарихий воқеа, деб ҳисоблаймиз.

Сизларни стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа – Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли коридори қурилишини ҳам қўллаб–қувватлашга чақирамиз.

Ушбу икки лойиҳанинг амалга оширилиши ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш, умуман олганда, Ташкилотимиз маконида барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун кенг имкониятлар очади.

Транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги барча истиқболли лойиҳаларни биз келгуси йили Ўзбекистонда ШҲТ биринчи транспорт форуми доирасида муҳокама қилишимиз мумкин бўлур эди.

Кун тартибидаги экологик муаммолар алоҳида долзарблик касб этмоқда.

Бугун Иқлим ўзгаришига муносабат бўйича қўшма баёнот қабул қилиш орқали ШҲТ ушбу хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашишда бирдамликни намоён этмоқда.

Шу билан бирга, барчамиз учун ҳаётий ўта муҳим бўлган ушбу соҳада амалий ҳамкорликнинг янги механизмлари ва шакллари зарурдир.

Биз ўз таркибида сиёсатчиларимиз, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларимизни бирлаштира оладиган ШҲТ Иқлим кенгашини тузишни таклиф қиламиз.

Бундай формат иқлимга мослашиш лойиҳаларини илгари суриш, чўлланишга ва тупроқ деградациясига қарши курашиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишдаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишга имкон беради.

Бу масала Орол денгизи экологик фожиасининг ҳалокатли оқибатларини бартараф этиш нуқтаи назаридан алоҳида долзарб аҳамиятга эга.

Хавфсизлик соҳасидаги самарали ҳамкорлик ШҲТ ривожланишининг муҳим шартидир. Янги реаллик шароитида мамлакатларимиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаш долзарб масала ҳисобланади.

ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмаси самарадорлигини ошириш, жумладан, хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳлантириш ва  уларга тезкорликда муносабат билдиришга оид шартномаларимиз асосида ушбу тузилманинг фаолиятини такомиллаштиришнинг аллақачон мавриди келган.

Мамлакатларимиздаги вазиятни баҳолаш ва бугунги воқеликни ҳисобга олган ҳолда мажмуавий қарорлар қабул қилиш учун Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгашининг йиллик сайёр йиғилишлари амалиётини йўлга қўйиш муҳимдир.

Радикализмнинг ўсиб бориши хавфли тенденцияга айланмоқда. Ёшларнинг экстремистик ташкилотларга жалб этилишига йўл қўймаслик, турли носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича комплекс амалий чора-тадбирлар қабул қилиниши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Шунингдек, кўп жиҳатдан аллақачон замонавий ҳаётни белгилаётган хавфсиз ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратишни истар эдим.

Фақат кучларни бирлаштириш орқали, бир пайтнинг ўзида, ахборот маконидаги таҳдидларни камайтира борган тақдирдагина биз рақамлаштириш афзалликларидан тўла фойдалана олишимиз мумкин.

Кибержиноятчиликка қарши курашиш учун қўшма платформани яратиш вазифаси тобора долзарб бўлиб бормоқда.

Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтириш ШҲТнинг энг устувор йўналишларидан бўлиб қолиши лозим.

Ушбу масалада яқинда бўлиб ўтган Тошкент конференциясини қўллаб-қувватлаганликлари учун ҳамкасбларимга алоҳида миннатдорлик билдиришни истар эдим.

Мазкур анжуманда афғон делегацияси, кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг, жумладан, ШҲТ вакилларининг иштироки жаҳон ҳамжамиятининг ушбу мамлакат билан ҳамкорлик бўйича мувофиқлаштирилган ёндашувларини ишлаб чиқишга бўлган  интилишини тасдиқлайди.

Шуни таъкидлашни истардимки, афғон халқи яхши қўшничилик ёрдамимизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтождир. Биз ўтмишдаги хатоларни такрорламаслигимиз ва Афғонистонни унинг муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслигимиз лозим.

Санкциялар сиёсатининг кучайтирилиши ва Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати янада яккаланиши муқаррар равишда мамлакат ичида радикаллашувнинг кучайишига олиб келади ва уни террорчилик ташкилотлари учун плацдармга айлантиради.

Шу боис биз Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан илгари қабул қилинган, шу жумладан, аёллар ва болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариши бўйича Кобул билан конструктив алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз.

Бундан ташқари, Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни бизнинг мазкур мамлакатга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида – у ердаги мавжуд транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда, биргаликда таъсис этишни таклиф қиламиз.

Фонд маблағлари ушбу мамлакатдаги ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Маданий-гуманитар алоқалар анъанавий равишда ҳамкорлигимизнинг мустаҳкам асосини шакллантиради. Халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва бир-бирини ўзаро тўғри тушуниш ШҲТ минтақасидаги тинчлик ва кенг қамровли шерикликнинг гаровидир.

Бугун қабул қилинаётган Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича комплекс режа айнан шу мақсадларга қаратилган.

Маданиятлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш тамойилига таянган ҳолда, Ташкилотимиз миллионлаб одамларга маданиятлараро мулоқот ва ўзаро алмашувнинг янги  имкониятлари эшикларини очиб беради.

ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшимча форматларни таъсис этиш зарур, деб ҳисоблайман.

Шуни қайд этишни истардимки, замонавий технологиялар бизга маданиятлараро мулоқотнинг рақамли платформаларини ишга тушириш имконини беради.

Бу – виртуал музейлар ва ижодий кўргазмалар, илмий видеоконференциялар бўлиб, улар аҳоли, жумладан, ёшларни бундай лойиҳаларга фаол жалб қилиш орқали халқларимизнинг янада яқинлашишига кўмаклашади.

Ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш, сайёҳлик соҳасида қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш ҳам шу мақсадга йўналтирилади.

Ушбу устувор йўналишдаги ҳамкорлигимизни фаоллаштириш учун келгуси йилни "ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили" деб эълон қилишни таклиф этаман.

Ишончим комилки, бугун қабул қилинаётган Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим биргаликдаги ишларимиз учун зарур ҳуқуқий замин яратади.

Қадрли дўстлар!

Самарқанд қадим-қадимдан Шарқий Осиёдан то Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Европагача бўлган маконда яшайдиган халқлар ўртасида маънавий, иқтисодий, маданий ва илмий алмашувларнинг маркази бўлиб келган. Асрлар давомида бу ерда турли цивилизациялар вакиллари ўртасида самарали мулоқотнинг ўзига хос маданияти яралган.

Самарқанд – биз ШҲТни тузишда асос қилиб олган бағрикенглик ва турли халқларнинг анъана ва қадриятларига ҳурмат тамойиллари асрлар давомида ҳаётга татбиқ этилган жонли намунадир.

Ҳозирги кунда геосиёсий рақобат, мафкуравий зиддият ва баҳслардан холи бўлган бундай мулоқот фавқулодда зарурдир.

Шу боис бугун Ўзбекистон шерикларга умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим этишдан мамнундир.

Бу ташаббуснинг мақсади – бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашувлар ва қарорларни излашга тайёр, "Самарқанд руҳи" тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб қилишдир.

Унинг амалий ижросига доир масалаларни сиёсий етакчилар, жамоатчилик, ишбилармонлар, академик ва эксперт доираларининг нуфузли вакиллари иштирокида келгуси йили Самарқанд халқаро форумида биргаликда кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Биз тез фурсатларда барча шерикларимизга тақдим этадиган сермазмун Ҳаракатлар дастури форум ишининг асоси бўлади. Сизларнинг кенг қўллаб-қувватлашингизга ва ташаббусимизни тарғиб қилишдаги иштирокингизга умид қиламан.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Сўзимнинг якунида Ўзбекистон раислигидаги мақсадларга эришишда фаол кўмаклашганингиз учун барчангизга яна бир бор самимий миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.

Ишончим комилки, бугун қабул қилинаётган ҳужжатлар ва қарорлар мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлиги йўлида минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш мақсадида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти янада изчил ривожланишига ҳамда Ташкилотимиз нуфузининг юксалишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Эътиборингиз учун раҳмат.