Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Президенти «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонни имзолади
16:17 / 2022-01-29

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонни ҳамда 2022 йил – «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурини имзолади.

Мазкур Фармон лойиҳаси 2021 йилнинг 30 декабридан 2022 йилнинг
15 январь кунига қадар  2022-2026.strategy.uzregulation.gov.uz ва jamoatchilik.uz порталлари орқали кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази Ахборот хизматидан маълум қилишларича, муҳокамалар даврида Фармон лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига етказиш мақсадида телевидение, радио, электрон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда материаллар мунтазам равишда чоп этилиб борилди. 

Хусусан, маҳаллий оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқларда 3 600 га яқин материаллар эълон қилинди, телерадиоканалларда қарийб 1 700 та кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилди, ижтимоий тармоқнинг «Facebook» ва «Telegram» каби каналларига мавзуга оид 1 600 га яқин материаллар жойлаштирилди.

Натижада, лойиҳа бўйича жами 17 535 та таклиф келиб тушди. Хусусан, биринчи, Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш йўналиши бўйича – 7 137 та, иккинчи, Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналишида – 564 та, учинчи, Миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш йўналишида –1 116 та, тўртинчи, Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида – 7 395 та, бешинчи, Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш йўналишида – 225 та, олтинчи, Миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда умумбашарий муаммоларга ёндашиш йўналишида – 892 та ва еттинчи, Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш йўналишида – 206 та, шу жумласидандир.

Таъкидлаш жоизки, таклифларнинг 8 000 таси лойиҳадаги нормаларни қўллаб-қувватлашга, 6 000 дан ортиғи умумий характердаги, 1 000 га яқини қонунчиликда ҳамда лойиҳада мавжуд масалалар ва 1 000 дан ортиғи аниқ масалаларга қаратилган.

Ҳар томонлама кўриб чиқилган таклифлар якунига кўра, лойиҳага қарийб 100 та концептуал ҳамда 200 дан ортиқ аниқ характерга эга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, аҳоли томонидан билдирилган таклифларнинг инобатга олиниши натижасида тараққиёт стратегияси лойиҳасида назарда тутилган мақсадлар сони 94 тадан 100 тага кўпайди.

Шунингдек, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга оширишга оид Давлат дастурида режалаштирилаётган тадбирларни молиялаштиришга умумий қиймати 55 трлн. сўм ва 11,7 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

2022 йилги Давлат дастури жами 398 та банддан иборат бўлиб, биринчи йўналишда – 45 та, иккинчи йўналишда – 24 та, учинчи  йўналишда – 128 та, тўртинчи йўналишда – 59 та, бешинчи йўналишда – 29 та, олтинчи йўналишда – 38 та, еттинчи йўналишда – 75 та бандни ўз ичига қамраб олган.

ЎзА