4 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Дастлаб сенаторлар “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқди.
Қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш кўзда тутилган.
Шунингдек, қонунни ишлаб чиқишда давлат қарзини бошқаришда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали яхлит тизимни яратишга эътибор қаратилган.
Қонун билан давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги белгиланмоқда.
Қонун нормаларига мувофиқ давлат қарзини бошқариш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва Молия вазирлигининг ваколатлари белгиланмоқда.
Хусусан, Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланмоқда.
Давлат қарзи ва давлатнинг шартли мажбуриятлари борасида хатарларни бошқариш, давлат қарзини бошқаришнинг асосий принциплари, мақсадлари ва стратегияси ҳамда давлат қарзи бўйича мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши, давлат қарзини барқарор даражада сақлашга қаратилган нормалар аниқ белгилаб берилмоқда.
Бундан ташқари, қонунда давлат кафолатини бериш тартиби, давлат кафолати берилмайдиган ҳолатлар, қарз олувчи-резидентларнинг мажбуриятлари, давлат кафолатини бекор қилишга оид қоидалар ўз аксини топган.
Таъкидланганидек, давлат қарзи бўйича мажбуриятларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши Ўзбекистон Республикасига қарз олувчи сифатидаги ишончнинг ортишига, бу эса ўз навбатида, келгусида зарур маблағларнинг мўътадил нархларда жалб қилинишига ёрдам беради.
Давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар ва шу билан боғлиқ жараёнлар ҳақида фуқароларимизни тўлиқ хабардор қилиш тартиби ҳам қонунда ўз ифодасини топган.
Шу мақсадда, Молия вазирлиги томонидан давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги ахборотлар йилнинг ҳар чорагида ўз расмий веб-сайтига жойлаштирилиши белгиланган.
Давлат қарзи тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Кодексни ишлаб чиқишда қатор ижобий мақсадлар, хусусан, жамоат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қурилиш, реконструкция қилиш ва бузиш ишларини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг уй-жойдан фойдаланишда қонунчилик ва норматив ҳужжатларга риоя этишдаги масъулиятини ошириш кўзланган.
Аммо муҳокамалар давомида сенаторлар Кодексда айрим нормаларни қўллаш механизмлари етарлича очиб берилмаганини таъкидлади.
Жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат уй-жой фондидаги турар жойларни юридик шахсларга белгиланган мақсадда фойдаланиш учун ижара шартномаси шартлари асосида бериш ваколатини амалга ошириш тартиби белгиланмаган. Бу эса ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиш ва бошқа коррупцион ҳолатларга шарт-шароитлар яратиб беради.
Шунингдек, Кодексда белгиланган жисмоний ва юридик шахслар томонидан турар жойларни хусусийлаштириш йўллари, яъни якка тартибда қурувчиларнинг ширкатлари томонидан уй-жой қуриш ҳамда облигацияларини олиш йўлларини тартибга солувчи амалда бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги таъкидланди.
Бундан ташқари, мулкдорлар билан шартнома асосида турар жой бузилиши ва унинг ўрнида янги турар жой қурилиши мумкинлиги, шартнома нотариал тартибда тасдиқланиши ва турар жойни қуриш учун зарур рухсатнома олинганидан кейин кучга кириши Кодексда акс эттирилган бўлса-да, шартноманинг қайси тури ҳақида сўз юритилаётганлиги мавҳум қолган.
Ваҳоланки мазкур масалалар шартномавий ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи Фуқаролик кодексида ҳам ўз аксини топмаган.
Шу билан бирга, қонунчилик техникаси қоидаларига лозим даражада риоя қилинмаган. Баъзи нормалар бир-бирига зид. Қатор моддалар билан давлат органларига дискрецион (чекланмаган) ваколатлар берилган ҳамда Кодексда қўлланилган бир қатор ҳаволаки нормалар етарли асосларга эга эмас. Ўз навбатида, ушбу ҳолатлар турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Муҳокама якунида Кодекс жамият учун муҳим бўлган ижтимоий-иқтисодий муносабатларни тартибга солишини инобатга олиниб, миллий қонун ҳужжатлари, илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ва ҳуқуқшунос олимлар фикрларини чуқур таҳлил этилган ҳолда, Кодексни такомилига етказиш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Шу боис Кодекс сенаторлар томонидан рад этилди.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Муҳокама жараёнида қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган қатор масалалар мавжудлиги қайд этилди.
Жумладан, Оила кодексининг амалдаги 13-моддасида узрли сабаблар бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат берилиши, алоҳида ҳолларда, масалан ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқа ҳолатларда никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкинлиги қайд этилган. Бироқ кўриб чиқилаётган қонун билан мазкур нормалар чиқариб ташланмоқда.
Бунга асос сифатида қонун билан киритилаётган бошқа ўзгартишлар кўрсатилган. Хусусан, эндиликда никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганидан кейин бир ой ўтгач эмас, балки ариза берганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтганидан кейин амалга оширилиши назарда тутилган.
Аммо, никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтганидан кейин қанча муддат давомида ўтказилиши ноаниқлигича қолган.
Шунга кўра, мазкур норманинг қабул қилиниши алоҳида ҳолларда, яъни ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқа ҳолатларда никоҳни ариза берилган куннинг ўзида тузиш имкониятини чеклашга олиб келиши ва бу ўз навбатида никоҳланувчи шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилди.
Оила кодексининг амалдаги 17-моддасига мувофиқ никоҳланувчи шахслар 50 ёшдан ошган бўлса, шунингдек, алоҳида ҳолларда, жумладан, ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқа ҳолатлар мавжуд бўлганда тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.
Қонун билан киритилаётган ўзгартишга асосан 50 ёшдан ошган никоҳланувчи шахслар ёки ўртада боласи (болалари) бўлган никоҳланувчи шахслар учун, шунингдек, ҳомиладор аёл ва унинг туғилажак боласини ўз боласи деб тан олувчи шахс учун тиббий кўрикдан ўтиш ихтиёрий ҳисобланиши кўрсатилмоқда.
Мазкур ўзгартишларга асосан, эндиликда юқорида қайд этилган айрим шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиши никоҳланувчи шахсларнинг айнан ўз розилиги билан эмас, балки ихтиёрий равишда амалга оширилиши қайд этилди.
Бундан ташқари, амалдаги таҳрирда назарда тутилган бир тарафнинг касаллиги мавжуд ҳоллар Оила кодексига киритилаётган ўзгартишлар жараёнида эътибордан четда қолдирилган. Бу эса ўз навбатида, бу тоифадаги шахслар ҳуқуқларининг чекланишига олиб келади.
Шу билан бирга Оила кодексига киритилаётган ўзгартишга кўра никоҳни қайд этишнинг бир ойлик муддатини бекор қилиш ҳамда никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берилганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтилгандан кейин амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Бироқ ушбу нормани киритишда таклифлар етарли даражада асослантирилмаган, шунингдек, миллий ва хорижий мамлакатлар тажрибаси чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинмаган.
Жумладан, қонун ташаббускорлари томонидан айрим хорижий мамлакатларда никоҳни қайд этишдаги муддатларнинг мавжуд эмаслиги ёки уларнинг қисқалиги баён этилган бўлса-да миллий қонунчилигимиз тизими ўзаро яқин бўлган бошқа бир қатор хорижий ва МДҲ давлатларида ушбу муддатлар ҳали ҳам мавжуд. Масалан, Россия (1 ойдан кам бўлмаган ва 12 ойдан кўп бўлмаган муддатда), Арманистон (1 ойдан кам бўлмаган 3 ойдан кўп бўлмаган), Озарбайжон ва Қозоғистон (1 ой муддатда) ҳамда бошқа кўплаб мамлакатларда никоҳ тузишда тегишли муддатлар сақланиб қолган.
Амалдаги норма ва қоидалар, яъни никоҳни қайд этишдаги муддатларнинг мавжудлиги никоҳдан ўтувчиларнинг ўз қарорларини пухта ўйлаб кўришларига, ёшлар томонидан шошма-шошарлик билан никоҳдан ўтишга йўл қўймасликка, уларни оилавий ҳаётга тайёрлашга, мамлакатда ажрашишлар сонининг камайишига имкон бериши мумкинлиги жиҳатидан талқин этилмоқда ҳамда бу бўйича тегишли қатор қонуности ҳужжатлари ҳам қабул қилинганлиги таъкидлаб ўтилди.
Юқоридагиларга асосланиб, сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шундан кейин “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Муҳокамада қонунни ишлаб чиқишда давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси, аҳолининг даромадлари, уларнинг ижтимоий-психологик ҳолати, шунингдек, оилаларни сақлаб қолиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг таклифлари инобатга олинмаганлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.
Хусусан, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича қонунчиликни ишлаб чиқишга доир БМТ тавсияларида оиладаги зўравонлик содир этганликда айбланган шахсларга жарима солишни жабрланувчига тушадиган юк сифатида қараш ва шунинг учун ҳуқуқбузарлар учун номақбул жазо тури сифатида қараш кераклиги назарда тутилган.
БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси Ўзбекистоннинг 6-даврий ҳисоботи бўйича якуний тавсияларида ҳимоя кўрсатмаларини бажармаганлик учун тегишли тийиб турувчи жазо чораларини қўллаш кераклиги таъкидланган.
Шунингдек, “Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси”нинг 35-тавсиясида ҳимоя чораларини қўллаш зўравонликдан жабрланган ёки зўравонлик натижасида жабрланган хотин-қизларга молиявий, бюрократик ёки шахсий хусусиятга эга ҳаддан ортиқ юкни қўллашни назарда тутмаслиги баён этилган.
Муҳокама жараёнида тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун белгиланган жазо амалда жабрланувчига юк сифатида тушаётганлиги қайд этилди.
Маҳаллий ҳамда хорижий экспертларнинг фикрига кўра, тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерини бузгани учун жаримага тортиш "Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси"нинг 2-моддаси (хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай камситувчи хатти-ҳаракатлар ва ҳаракатларни содир этишдан ўзини тийиш) бўйича Ўзбекистоннинг ўз зиммасига олган мажбуриятларини бузишига олиб келиш эҳтимолини кучайтиради.
Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳукуматнинг 2020 йил 4 январдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 18-бандида ҳам тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига зўравонликдан жабрланувчини даволаш, маслаҳат бериш, ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш харажатларини, моддий зарарни қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш мажбурияти юкланган.
Мажлис давомида оиладаги тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш учун нафақат жавобгарликни ошириш, балки биринчи навбатда маънавий, тарбиявий ҳамда оилани келгусида ҳар томонлама моддий ва баркамол жиҳатдан яшаб кетишини таъминлаш учун тегишли тизимли ва мантиқий боғлиқ бўлган кетма-кет чораларни келтириб чиқарувчи қонун нормаларни ишлаб чиқиш зарур эканлиги таъкидланди.
Юқоридагиларга асосланиб, сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонунни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ялпи мажлисда “Судларнинг фаолияти рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.
Муҳокама жараёнида қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган қатор масалалар мавжудлиги таъкидланди.
Хусусан, қонунда суд ишларини юритишда илтимоснома билдириш ёки шикоят қилиш чоғида давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда адвокатларнинг ўз мурожаатларини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни электрон шаклда, шу жумладан, идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали судларга тақдим этиши мумкинлиги назарда тутилган. Бироқ амалдаги жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий қонунчиликда “мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин”лиги қайд этилган бўлиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, адвокатлар томонидан судга электрон ҳужжат тарзида мурожаат қилиш бўйича чеклов йўқ. Шу муносабат билан мазкур кодексларга қўшимчалар киритиш масаласини ўрганиб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, қонун билан Жиноят-процессуал кодексининг 475-моддасига киритилаётган қўшимчага кўра, ҳукм эълон қилинганидан кейин суднинг расмий веб-сайтига эркин фойдаланилиши чекланган режимда электрон ҳужжат тарзида жойлаштирилиши ва ҳукм жойлаштирилган расмий веб-сайтнинг электрон манзилига оид ҳавола маҳкумга, оқланган шахсга улар судга маълум қилган телефон рақамларига «SMS-хабар» ёки электрон манзилга электрон хабар орқали юборилиши белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, амалиётда жиноят ишлари бўйича судларда фуқароларнинг шахсий ҳаёти ёки давлат сирлари билан боғлиқ ишлар ҳам кўриб чиқилади. Мазкур ишлар бўйича суд ҳукмининг электрон тарзда веб-сайтга жойлаштирилиши, уни келгусида бегона ёки маълумот билан танишишга рухсати бўлмаган шахслар кўриши ҳамда ўзининг бошқа мақсадларида ундан фойдаланишига замин яратиши мумкин. Шунинг учун ушбу масалани яна бир маротаба кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Умуман олганда, қонун билан жорий этилаётган янги тизим қатор амалий чора-тадбирларни амалга ошириш заруратини келтириб чиқаради.
Жумладан, ишда иштирок этувчи шахсларни улар судга маълум қилган телефон рақамларига «SMS-хабар» ёки электрон манзилига электрон хабар орқали хабардор қилиш ва хабардор қилинганлик факти қайд этилиши тартибини ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этиш, унинг амалиётда самарадорлигини баҳолаш, суд ва адвокатура, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу тартибни тўлақонли қўллаш бўйича амалиёт ҳам йўлга қўйилмаган.
Бундан ташқари, аҳолининг жорий этилаётган тизим бўйича фикрини ҳам ўрганиш зарур.
Шу боис, мазкур тизимни ҳуқуқий эксперимент тариқасида айрим ҳудудларда жорий этиш ва синовдан ўтказиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, мазкур қонунни рад этиш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг ички ишлар органлари фаолиятига оид фармонлари ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилади.
Хусусан, қонун билан Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаларининг, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисоботлар тақдим этиши тартиби жорий қилинмоқда.
Шу билан бирга туман, шаҳар ички ишлар бўлинмаларининг бошлиқлари – ҳар чоракда ва уларнинг ўринбосарлари – ҳар ойда, маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктларининг профилактика катта инспекторлари – ҳар олти ойда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ҳисоботлар тақдим этиши тартиби белгиланмоқда.
Бундан ташқари, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунга ички ишлар органлари тизимида фаолият юритаётган маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктларининг ҳуқуқий мақоми ва асосий вазифаларини белгилашга қаратилган қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, қонунга маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани тўғрисидаги норма киритилиб, бунда маҳалла ҳуқуқ-тартибот пунктлари жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда жамоат тузилмаларининг маҳаллалар кесимида ҳамкорликда ишлашини ташкил этиш бўйича ички ишлар органларининг таркибий тузилмаси ҳисобланиши белгиланмоқда.
Мазкур қонун ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлиги, шунингдек, уларнинг фаолиятини халқ вакиллари томонидан назорат қилиб бориш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиб, ички ишлар органларининг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга ва уларнинг ўзаро фойдали ҳамкорлигини кенгайтиришга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлиги соҳасида кўрилаётган чоралар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг 29-ялпи мажлисида илк бор Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза кенг муҳокама қилинди.
Мажлисда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори томонидан мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотларга қарамасдан, коррупциявий ҳолатлар кўпайганлиги танқид қилинди.
Давлат харидлари соҳасида республика бўйича бюджет буюртмачилари томонидан 458 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунлар талаблари бузилган.
Муҳокамалар давомида Сенат аъзолари томонидан Вазирлар Маҳкамаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва қатор вазирликларга коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятларини янада такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар билдирилди.
Хусусан, давлат органлари ҳамда ташкилотлари ички назорат тузилмаларининг мустақиллигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, “очиқ, шаффоф ва ҳисобдор ҳудуд” ва “очиқ, шаффоф ва ҳисобдор вазирлик” лойиҳаларини амалга ошириш, вакант иш ўринлари ва уларга қўйиладиган талаблар очиқ эълон қилинишини қатъий таъминлаш, коррупцияга қарши комплаенс назорат тизимини малакали ва ҳалол кадрлар билан тўлдириш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан изчил назоратни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда коррупция қарши курашиш билан боғлиқ тадбирларни оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш тавсия этилди.
Муҳокамалар жараёнида билдирилган таклифлар Сенат қарорида акс эттирилди.
Сенаторлар ялпи мажлис биринчи иш куни давомида 7 та масалани, шу жумладан, 6 та қонунни кўриб чиқдилар.
Шунинг билан 29-ялпи мажлиснинг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати