Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
19:07 / 2023-05-03

3 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Ялпи мажлис кун тартибига мувофиқ сенаторлар томонидан дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонунга асосан дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорлари оширилмоқда.

Бундан ташқари, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ушбу ҳуқуқбузарликлар такрор содир этилгани учун ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чоралари белгиланмоқда.

Шу билан бирга, эндиликда дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам киритилмоқда.

Бундан ташқари, ноқонуний дарахт кесганлик ёки кундаков қилганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 4 та моддасида маъмурий жавобгарлик белгиланган. Мазкур моддаларда бир хил маъмурий ҳуқуқбузарлик учун турли миқдордаги жарималар ва номутаносиблик мавжудлиги инобатга олиниб, ўзгартишлар орқали бир турдаги маъмурий хуқуқбузарликка нисбатан битта моддада бир хил жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Таъкидланганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесилиши, кундаков қилиниши, шикастлантирилиши ёки йўқ қилиниши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини ошириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва давлат экологик назоратининг самарали ташкил этилишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун билан тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки олиб қўйганлик ёхуд ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Хусусан, қонунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча модда киритилиб, банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тадбиркорлик субъектларининг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пулни ўз вақтида қайтармаслик ҳолати бўйича айбдорга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солиниши қайд этилмоқда.

Шунингдек, қонун билан тадбиркорларнинг пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик юзасидан Жиноят кодексига қўшимча модда киритилиб, унга кўра мазкур ҳолатлар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам содир этиладиган бўлса, содир этилган жиноятнинг тоифасига қараб базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий чораларини кучайтиришга ва уларнинг мулкий ҳуқуқлари дахлсизлигини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мазкур қонун билан Миллий гвардия органларининг ходимларига майда безорилик, қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда фойдаланиш, совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юришга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш, баённомалар тузиш ва уларни кўриб чиқиш учун судга юбориш юзасидан қўшимча ваколатлар берилмоқда.

Қолаверса, бу каби ваколатлар вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш, жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, тиланчилик қилиш ҳамда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш ҳолатларида ҳам амалга оширилади.

Бунда мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ички ишлар органларида ҳам сақланиб, ҳуқуқбузарлик Миллий гвардия ходимлари томонидан аниқланган тақдирда уларга жарима жазосини қўллаш ҳуқуқи берилмоқда.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда қонунийликни таъминлаш ва асоссиз жавобгарликка тортиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Миллий гвардия органлари номидан қонунда кўрсатилган бошқарма (бўлим) бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни қўриб чиқишга ва жарима жазосини қўллашга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга юқорида келтирилган ўзгартишлар киритилиши муносабати билан жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар бўйича Миллий гвардия органларига ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳуқуқи берилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати  

Ахборот хизмати