Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ биринчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
21:57 / 2023-06-01

1 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ биринчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Сенаторлар дастлаб “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқдилар.

Таъкидланишича, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар билан бир қаторда бугунги кунда айрим йўналишларда муаммолар сақланиб қолмоқда.

Жумладан, бир қатор қонун ҳужжатларида манфаатлар тўқнашуви тўғрисида тушунтириш берилган бўлса-да, давлат органлари ва муассасаларида уларни амалга ошириш ва назорат қилишнинг аниқ механизмлари белгиланмаган.

Қолаверса, соҳада ягона амалиётни шакллантирувчи ваколатли орган мавжуд эмас, манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш амалиёти йўлга қўйилмаган.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек, уларнинг раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлиши белгиланган бўлишига қарамасдан, қонунчилик ҳужжатларида жавобгарлик масалалари назарда тутилмаган.

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун юқоридаги муаммоларни бартараф этиши билан бирга коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи манфаатлар тўқнашуви соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Сенаторларнинг қайд этишича, қонун билан унинг қўлланилиши доираси аниқлаштирилмоқда.

Хусусан, қонун давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига, устав фондида давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Шунингдек, давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс ушбу ходимга алоқадор шахс ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.

Энг муҳими, давлат ташкилоти фаолиятида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда ваколатли органлар белгиланмоқда.

Эндиликда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, давлат ташкилотларининг одоб-ахлоқ комиссиялари, кадрлар бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари манфаатлар тўқнашувини тартибга солишни амалга оширадиган органлар сифатида мустаҳкамланмоқда.

Қонунда давлат ташкилоти ходимларига нисбатан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича чекловлар, манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузишнинг ҳуқуқий оқибатлари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган ва тузилган битимларни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топиш асослари, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши манфаатлар тўқнашувини тартибга солишнинг аниқ қонуний механизми белгиланишига хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши натижасида манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда давлат назоратининг амалга оширилишига, давлат хизматчиларининг бевосита раҳбарлари томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари юзага келганда тегишли чоралар кўрилишига, давлат хизматчилари томонидан содир этилиши мумкин бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига эришилади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандликни қисқартиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, қонун аҳолининг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, норасмий бандлик улушини қисқартириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган. Қонун билан Солиқ кодексига ва “Томорқа хўжалиги тўғрисидаги” қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан ижтимоий солиқ суммасининг амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан, эндиликда йиллик базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баробари миқдорида солиқ тўлаши белгиланмоқда.

Шунингдек, киритилаётган ўзгартишга кўра, чорвачилик,  паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкаси майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъий назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилиши белгиланмоқда.

Шу сабабли “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонундан ер участкаси майдонига қўйилган талаблар чиқариб ташланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши маҳаллаларда ишсизликни камайтириш ва норасмий бандликни қисқартиришга, расмий бандлар сони ошишига ҳамда фуқароларнинг иш стажига  ва пенсия ёшига етганда ўзи учун мақбул пенсияга эга бўлиши таъминланишига хизмат қилади.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, унинг иқтисодиётини эркинлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, инвестиция жалб қилиш имкониятини ошириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва ёшлар бандлигини таъминлаш орқали Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурати юзага келмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу қонун билан Солиқ кодексига Қорақалпоғистон Республикасининг тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи ва ер солиғи 2028 йил 1 январга қадар 50 фоизга камайтирилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланмоқда, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ эса шаҳарлар ҳудудида фаолиятни амалга ошираётган шахслар учун 12 бараварга, туманлар даражасида 6 бараварга камайтирилмоқда ҳамда йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида белгиланмоқда.

Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув жараёнига жалб этиладиган чет эл мутахассислари (ўқитувчилари) консуллик йиғимини ҳамда доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказганлик учун ундириладиган давлат божини тўлашдан 2027 йил 1 октябрга қадар озод қилинишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Мазкур қонун Қорақалпоғистон Республикасининг инвестициялар жалб этувчанлигини оширишга, тадбиркорликни ривожлантиришга, янги иш ўринларини яратишга, нодавлат таълим ташкилотларидаги таълим сифатини янада оширишга хизмат қилади.  

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Бундан ташқари, парламент юқори палатасининг мазкур ялпи мажлисида “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган ушбу қонун билан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этган айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда белгиланган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 7 та моддада назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тегишлилиги белгиланмоқда.

Ушбу ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тариқасидаги маъмурий жазо қўллашга ҳақли бўлган мансабдор шахслар, шунингдек, Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузишга ҳақли бўлган ушбу органлар тузилмаларининг мансабдор шахслари белгиланмоқда.

Шу билан бирга Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари мансабдор шахсларига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги баъзи ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилмоқда.

Сенаторлар мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликнинг сўзсиз ижро этилишини, шунингдек,  ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Ушбу қонун давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг экологик ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлашда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш фаолияти устидан самарали назоратни ўрнатишда алоҳида эътиборга молик ҳисобланади.

Шунингдек, қонуннинг қабул қилиниши табиий ресурсларни, яъни сув объектларига оқова сувларни оқизиш, ерусти сувларини, атмосфера ҳавосини ҳамда атроф-муҳитни чиқиндилар билан ифлослантириш ҳолатларини келтириб чиқарувчи объект ёки субъектларга нисбатан тезкор чоралар кўрилишини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Муҳокама  якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ биринчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати