7 октябрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Дастлаб сенаторлар янги таҳрирдаги “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди.
Қайд этилганидек, амалдаги қонун 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига ва стандартлаштириш соҳасидаги халқаро ҳужжатларга мазмунан тўғри келмайди.
Қонун мақсади стандартлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир. Қонунда давлат стандарти тушунчаси мажбурий бажариш маъносини англатгани боис хорижий тажрибаларга таянган ҳолда “миллий стандарт” тушунчасига ўзгартирилмоқда. Чунки миллий стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилиши белгиланмоқда.
Жаҳон Савдо ташкилоти, Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот ва бошқа ташкилотлар талабларига мувофиқ, ишлаб чиқарувчилар истеъмол бозорлари ёки хорижий бозорларга кириб бориши ҳамда рақобатбардошлилигини ошириб бориши учун стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилади.
Қонуннинг қабул қилиниши билан 18 мингдан ортиқ стандартлар мажбурий тусдан ихтиёрийликка ўтади. Шу билан бирга халқаро, минтақавий ва хорижий стандартларни Ўзбекистон Республикасида қўллаш тартиби жорий этилмоқда. Бунда улар Миллий органнинг қарори билан миллий стандартлар сифатида ўзгаришсиз қабул қилиш орқали қўлланилади.
Шунингдек, стандартлаштириш соҳасида муайян муддатга қабул қилинадиган “дастлабки стандарт”ни (DS – Dastlabki Standart) қўллаш тартиби жорий этилмоқда.
Турли хил идоралар кесимида стандартлаштириш бўйича ишларни алоҳида-алоҳида олиб бориш амалиёти бекор қилиниб, стандартларни экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш, рўйхатга олиш, янгилаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати стандартлаштириш бўйича Миллий орган – Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Стандартлар институтига берилмоқда.
Қолаверса, стандартлаштириш фаолиятини ташкил этиш тартиби аниқ белгиланмоқда. Жумладан, стандартлаштириш ишларини режалаштириш, стандартлар ахборот базасини яратиш ва юритиш, стандартларни қўллаш, нашр қилиш ва тарқатиш, Стандартлаштириш соҳасидаги низоларни ҳал қилиш тартиби, яъни Апелляция комиссиясини тузиш белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига замонавий ва хорижий стандартлар асосида ўз маҳсулотлари ва товарларини ишлаб чиқишда ҳамда хизматлар кўрсатишда қулайликлар яратиб беради. Бу аҳолига сифатли маҳсулотлар ва хизматлар кўрсатишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Маълумки, мустақиллик йилларида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Бироқ бугунги кунга қадар кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ муносабатлар ҳар хил кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Уларнинг тарқоқ ҳолда эканлиги, шу билан бирга, нормаларнинг ўзаро бир-бирига номувофиқлиги соҳани тартибга солишда ўзининг салбий таъсирини кўрсатган.
Шу сабабли фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Мазкур масалаларнинг ечими сифатида “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.
Унда кўчмас мулкнинг турлари, уларга бўлган ҳуқуқлар ҳамда чекловлар, давлат рўйхатидан ўтказиш кетма-кетлиги, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва рад этиш, келиб чиқадиган низоларни судгача тартибда ҳал қилиш ва бошқа соҳага оид барча муносабатлар ҳуқуқий ечими кўрсатилган.
Қонун мавжуд муаммоларни бартараф этибгина қолмасдан, балки фуқаролар ва тадбиркорларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда ишончли ҳимоя қилувчи, муҳими, тўғридан-тўғри таъсир этувчи ҳуқуқий ҳужжатдир.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат томонидан кафолатланиши кучаяди.
Мулкдорлар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилиниши таъминланади. Кўчмас мулк билан боғлиқ низоларнинг судгача ҳал этилиши, хусусий мулкка бўлган муносабатни ўзгаришига, қолаверса, иқтисодиётга инвестициялар жалб қилинишига ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига эришилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар томонидан “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мажлисда мазкур қонун жамоатчиликнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилганлиги алоҳида қайд этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахслар, шу жумладан, жамоат ва давлат арбобларининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида уларнинг номини географик объектларга бериш тартиби қонунчиликда аниқ тартибга солинмаган.
Шу сабабли амалиётда географик объектлар (кўча, маҳалла, майдон, боғ ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмлари)га шахс номини беришда турли муаммолар юзага келмоқда.
Бундан ташқари, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонунда географик объектларга ном беришда маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш белгиланган.
Бироқ, амалдаги қонунчиликда аҳолининг фикрини ҳисобга олиш тартиби очиб берилмаган. Шунингдек, аҳоли пунктларининг таркибий қисмларига (маҳаллалар, шоҳкўчалар, кўчалар, майдонлар, боғлар, хиёбонларга) Ўзбекистон ва жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг исми-шарифини бериш тартиби аниқ белгиланмаган.
Географик объектларга шахсларнинг номини беришда эса уларни танлашда талаблар мавжуд эмас. Ушбу ҳолатлар географик объектларнинг номлари қайта-қайта ўзгартирилишига сабаб бўлмоқда.
“Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонуннинг 6 та моддасига ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган шахслар, шу жумладан, жамоат ва давлат арбобларининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида уларнинг номини географик объектларга беришда келиб чиқаётган турли муаммолар бартараф этилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлисида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳолини, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ижтимоий адолат принципларидан келиб чиқиб моддий қўллаб-қувватлаш, турмуш ҳамда ҳаёт даражасини оширишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 782 минг ёки аҳолининг 2,4 фоизини ногиронлиги бўлган шахс сифатида пенсия ва нафақа олувчилар (шундан 376 минг нафари I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар) ташкил этади.
Қонуннинг асосий мақсади – ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини ошириш ҳамда меҳнатини муносиб қадрлаш, фуқароларнинг пенсия таъминоти бўйича қонун ҳужжатларини амалиётда қўллашда юзага келаётган турли хил ёндашувларнинг олдини олишдан иборат.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади. Бунда ногиронлик пенсияси олаётган фуқаро пенсия ёшига етганда ёки боқувчисини йўқотганда ногиронлик пенсиясини олишни давом эттирса (бошқа пенсия турига ўтмаса) I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақтини қўшиб ногиронлик пенсияси қайта ҳисобланмайди.
Қонунга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия тайинланганидан кейинги камида 1 йиллик иш стажи ва иш ҳаки миқдоридан келиб чиқиб ҳар 2 йилда бир маротаба тайинланган пенсия қайта ҳисобланади ҳамда пенсия миқдорига қўшиб борилади.
Қонун қабул қилинса, 2023 йилда (1994-2022 йилларда иш стажига эга бўлган) 75 минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсияларига ўртача 300 минг сўм қўшилади. Келгусида меҳнат фаолиятини олиб борганларнинг (бугунги кунда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг 43 минг нафари расман банд) пенсияси ҳар 2 йилда бир маротаба иш стажи ва ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб, қайта ҳисоблаб борилади.
Қонунга мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқи белгиланган ўгай фарзандини 18 ёшгача камида 5 йил тарбиялаган ўгай ота-оналар болани тарбиялаган даврини аниқлаш тартиби, Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматлари бўлган шахсларнинг пенсияларига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 100 фоизидан 150 фоизгача миқдорида устамалар тўлаш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши амалиётда мавжуд турли хил ёндашувларнинг олдини олиш, коррупциоген факторларни келтириб чиқарувчи ҳолатларга барҳам бериш, ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
Жорий йилда “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Бунинг натижасида жамоат эҳтиёжлари учун компенсация эвазига ер участкаларини олиб қўйиш масалаларини тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун билан тартибга солинмоқда.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми экани қайд этилди.
Қонун билан “Гаров тўғрисида”ги қонунга ва Фуқаролик кодексига мулкий ҳуқуқларни мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартишлар киритилмоқда.
Хусусан, “Гаров тўғрисида”ги қонунда агар гаровга қўювчининг гаров нарсаси ҳисобланувчи мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи мол-мулкнинг жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида қонунда белгиланган асосларда ва тартибда бекор бўлса, гаровга қўювчига бошқа мол-мулк берилиши ёки тегишли товон тўланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар махсус қонун, яъни “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинаётганлиги инобатга олиниб, Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларидаги “қонун ҳужжатлари” деган сўзлар “қонун” деган сўз билан алмаштирилмоқда.
Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши амалдаги қонунларда назарда тутилган қоидаларнинг турлича талқин қилинишининг олдини олишга ҳамда мулкка бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш ва мулкка доир муносабатларни фақат қонун доирасида тартибга солишга эришилади.
Шу билан бирга, мулкдорларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши ва хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш учун қўшимча ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади.
Муҳокамалардан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Унда Сенат томонидан парламент назорати доирасида ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари доимий равишда ўрганиб борилаётгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаолларининг кўмагида 583,4 минг меҳнатга лаёқатли кишига меҳнат органлари томонидан бандлик хизматлари кўрсатилиб, улардан 291,3 минг кишининг бандлиги таъминланган.
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 23,9 минг нафар ишсиз фуқарога 58,2 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 23,8 минг ва Хоразм вилоятида 46,8 минг нафар фуқаро 70 та фаолият йўналишида ўзини ўзи банд қилган.
Мамлакатимизда ишсиз фуқаролар, айниқса, хотин-қизлар ва меҳнат бозорига илк бор кириб келган битирувчилар бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, шунингдек, норасмий бандликни камайтириш бўйича янги таъсирчан механизмлар жорий этилмоқда.
Жорий йил 1 ноябрдан бошлаб ўзини ўзи банд қилишдаги фаолият турлари яна ўнтага кўпайтирилди. 2023 йилдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ миқдори камайтирилади. Шахсий томорқа ер участкасида ўнга яқин фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга ҳам кафолатланган меҳнат стажига эга бўлиш имконияти берилади.
Бу имкониятлардан мазкур ҳудудларда ҳам кенг фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.
Муҳокама жараёнида сенаторлар ижобий ишлар билан бир қаторда ушбу ҳудудлардаги камчилик ва муаммоларга ҳам эътибор қаратди.
Қайд этилишича, халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашларида янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари тизимли равишда ҳар ой натижалари бўйича муҳокама қилинмаган.
Республика вазирлик ва идоралари ҳамда вилоят ҳокимликлари томонидан тақдим этилаётган маълумотлар ўртасида ҳамон номутаносибликлар мавжуд. Иш ўринлари тўғрисидаги ҳисоботни шакллантиришда такрорланувчи рақамларни олиб ташлаш, солиқ органи ва Ягона миллий меҳнат тизими (ЯММТ) электрон маълумотлари базасига мувофиқлигини таъминлаш вазифаси бажарилмаган.
Айрим маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиларининг ишга муҳтож аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлари талаб даражасида эмас.
Ҳунармандчиликни жадал ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароит яратиш бўйича берилган имкониятлардан фойдаланиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ушбу йўналишда фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар ҳам иш ўринлари ҳисоботларида кўрсатилган. Бундан ташқари, фаолияти тўхтаган ҳунармандларга шогирдлар бириктирилгани ҳам ҳисоботларда акс этмоқда.
Аукцион орқали сотилган ер майдонларида деҳқон хўжаликларини ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари қониқарли эмас.
Шунингдек, муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини маҳаллабай ишлаш тизими асосида ўрганиш ва сессияларда танқидий муҳокама қилиш бўйича тавсиялар берилди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.
Бундан ташқари, ялпи мажлисда Фарғона вилояти ҳокимининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди ва сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Ҳисоботда вилоятда инвестиция маблағларини жалб этиш ва инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.
Хусусан, вилоятда ўзлаштирилаётган хорижий инвестициялар миқдори йилига ўртача 50 фоизлик ўсиш суръатларини намойиш этиб, бу борада республикада 2-ўринни эгаллаб келмоқда.
Амалга оширилаётган инвестиция дастури лойиҳалари доирасида 2021 йилда жами 512 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит маблағлари ўзлаштирилган бўлса, 2022 йил январь-август ойларида ушбу кўрсаткич 475 миллион долларни ташкил этган ҳамда ўтган йилнинг мос даврига (216 миллион доллар) нисбатан – 2,2 баробарга ўсган.
Олиб борилаётган ишлар натижасида вилоятнинг инвестициявий жозибадорлиги ҳам ортиб бормоқда. Дунёнинг энг нуфузли “S&P Global Rating” (АҚШ) халқаро рейтинг агентлиги томонидан вилоятнинг мустаҳкам молиявий индикаторлари ва юқори иқтисодий салоҳияти учун “B+”, яъни “барқарор” даражасидаги кредит рейтинги берилган.
Вилоятда 2021 йилда жами 756,3 миллион долларлик экспорт амалга оширилиб, 2020 йилга нисбатан 136 фоизга ўсиш кузатилган. Жорий йилнинг январь-август ойларида 556,6 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган ва ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,8 фоизга ортган.
Вилоят экспортёрлари томонидан 60 та хорижий давлатга 150 дан зиёд турдаги маҳсулотлар экспорт қилиниб, экспорт географияси Гондурас, Кипр, Гонгконг, Молдавия давлатлари ҳисобига кенгайганлиги қайд этилди.
Эшитув олдидан Сенат томонидан мазкур йўналишда вилоятда амалга оширилаётган ишлар танқидий ўрганилиб, республика даражасидаги муаммоли масалалар вилоят ҳокими, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида кенг муҳокама қилинди.
Жумладан, тадбиркорлардан ундирилган қўшимча қиймат солиғининг белгиланган муддатда қайтмаётганлиги улар фаолиятини ривожлантиришга, қўшимча ва муносиб иш ўринлари яратилишига ўз таъсирини кўрсатаётганлиги қайд этилди.
Кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари учун муҳандислик-коммуникация тармоқларини ўрнатиш борасидаги ишлар етарли эмаслиги боис айрим лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилмаётганлиги, баъзилари эса ташаббускор тадбиркорлар томонидан рад этилаётганлиги танқид қилинди.
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг “А” ва “В” нимзоналарини боғловчи 900 метр темир йўл қуриш ишлари бошланмаганлиги боис маҳсулотларни жойларга етказишда қийинчиликлар юзага келиши билан бир қаторда, ортиқча сарф-харажатларга ҳам олиб келаётганлиги тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлаётганлиги таъкидланди.
Муҳокама якунига кўра, ўз ечимини кутиб турган муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди ҳамда ижроси устидан парламент назоратини йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.
Шу билан бирга, сенаторлар Иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳаларида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, републикамизда маҳаллийлаштириш дастурлари ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилган. Юқори технологик ишлаб чиқаришларни ривожлантиришнинг яхлит тизимини яратиш ва инвестицияларни фаол жалб этишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, талаб юқори бўлган кенг турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида 2022 йилнинг январь-июнь ойларида 1 849 та лойиҳа бўйича 16,4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудий корхоналар томонидан маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларининг ойма-ой тармоқ жадваллари, тармоқлараро саноат кооперацияси доирасида имзоланган меморандумлар ва ички бозор эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда тавсия этилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича “йўл хариталари” қабул қилинган.
Натижада 124,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ҳамда маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилган 194 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, 5 355 та янги иш ўрни ташкил этилган.
Автомобиль саноати соҳасида “ЎзАвто Моторс” томонидан 2022 йил июль ойидан бошлаб янги “Трекер” автомобилини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилган.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда “Дамас” ва “Лабо” автомобилларининг ўриндиқ матоларини маҳаллийлаштириш натижасида импорт ҳажми 1,5 миллион долларга қисқарган.
Электротехника соҳасида импортни қисқартириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш мақсадида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан 5 турдаги рентген аппаратларининг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган.
Сенаторлар асосий эътиборни маҳаллийлаштиришни амалга ошириш орқали импортни қисқартириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтиришда кўрилаётган чоралар ва уларнинг ижросига қаратдилар.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шундан сўнг Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Президентимизнинг 2021 йил 29 июлда “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори билан 2021-2024 йилларда Оролбўйи минтақасига иқтисодиёт тармоқларида ресурс тежовчи ва юқори самарага эга замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилишга эътибор қаратилмоқда.
Экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида “йўл харитаси” ҳамда устувор инновацион лойиҳалар рўйхати тасдиқланган.
Ҳозирда “йўл харитаси”да белгиланган 71 та тадбирнинг 31 таси, 65 та инновацион лойиҳанинг 18 таси амалга оширилган. Жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 8,1 миллиард сўм маблағ ажратилиб, Нукус шаҳрида Ёшлар технопарки ишга туширилган.
Нукус туманида Оролбўйи халқаро инновация маркази қошида ўсимликлар уруғлари генбанки билан таъминланган лаборатория, бизнес-акселератор ўқув маркази ва технопарк ташкил қилиш учун республика бюджетидан 13,1 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Қорақалпоқ давлат университетида Олий таълим муассасалараро комплекс биокимёвий таҳлил маркази ташкил этилган.
“Қуриган Орол денгизи туби тупроқ иқлим шароитида ўсадиган дарахт ва бута ўсимликларининг генофондини яратиш” амалий лойиҳаси учун 3 миллиард сўм ажратилиб, Мўйноқ туманида 50 гектар майдонда чўл ўсимликларини (саксовул, қандим, черкез ва бошқа) касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича мониторинг ишлари ўтказилган.
Қишлоқ хўжалигида тупроқ ости суғориш янги технологиялари тизимини жорий этиш учун БМТ Тараққиёт Дастури доирасида “Chahbani Technologies” компанияси (Тунис) ва Оролбўйи халқаро инновация маркази билан ҳамкорликда 3 600 дона инновацион тупроқ ости суғориш диффузор мосламалари келтирилиб, тажриба-синов учун 2 та иссиқхона барпо этилган.
Бундан ташқари, “Барсакелмес конидаги техник тузни инновацион флотация усули билан тозалаш”, “Қўнғирот сода заводи” МЧЖда карбонат ангидрид газидан сода ишлаб чиқаришни ташкил этиш”, “Мўйноқ туманида замонавий таъмирлаш ва сервис марказини ташкил этиш”, “Тиббий системалар ишлаб чиқариш” каби лойиҳалар амалга оширилган.
Олиб борилган ишлар билан бир қаторда, лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги, шунингдек, соҳада айрим камчилик ва муаммолар сақланиб қолаётганлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.
Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ижобий хулоса тақдим этилмаганлиги натижасида Нукус туманида “Ақлли қишлоқ” (Smart village) концепцияси асосида янги замонавий турар жойлар комплекси қурилиши тўхтаб қолган.
Қишки спорт турларини ривожлантириш учун муз саройини барпо қилиш ишлари бошланмаган.
Чоксиз шикастланишларга қарши қоплама ишлаб чиқишни ташкил қилиш лойиҳасини амалга ошириш муддатидан кечиктирилмоқда.
Бундан ташқари, қурилиши ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган қатор лойиҳалар ишга туширилмаган.
Муҳокамалар якунида масъулларга қарорда белгиланган қурилиш ва тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали янги иш ўринларини яратишга қаратилган лойиҳалар ижросини таъминлаш топширилди. Масъул вазирлик ва идораларга лойиҳалар ва тадбирларни молиялаштирилишини амалга ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Сенаторлар ялпи мажлис давомида 11 та масалани, шу жумладан, 6 та қонунни кўриб чиқдилар.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати