27 декабрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз олтинчи ялпи мажлиси бошланди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Дастлаб сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор йўналишларга эътибор қаратдилар.
Таъкидланганидек, Мурожаатнома ўз моҳияти ва руҳиятига кўра мамлакат фуқаролари, уларнинг манфаати ва бевосита аҳолининг яшаш сифатини янада яхшилашга қаратилган дастурий ҳужжатдир. Унда кўтарилган ҳар бир масала парламент фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, барча соҳаларда қонун устуворлигини, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг жойларда ижросини таъминлаш бўйича парламент томонидан самарали назорат ўрнатиш, уларнинг тўлиқ бажарилишини мониторинг қилиш Сенатнинг асосий вазифаларидандир.
Жумладан, ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимини йўлга қўйиш ва унинг фаолияти натижадорлигини таъминлаш вазифаларидан келиб чиқиб, Сенат қўмиталари ўз фаолияти йўналишида ҳамкорлик қилувчи тегишли давлат бошқаруви органлари билан ўзаро алоқа ва ишлаш услубларини қайтадан кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, Мурожаатномада қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, Сенат қонунларнинг муҳокамасини маҳаллий Кенгашлар даражасида ҳам фаол ўтказиши, қонунларнинг ҳар бир ҳудуднинг манфаатларига мослигини баҳолаб бориши лозимлиги, қонунларни экспертлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш механизмларини кенгайтириш зарурлиги алоҳида белгиланди.
Шу билан бирга, парламентнинг назорат-таҳлил фаолиятини янада кучайтириш зарурлигига урғу берилиб, бунда асосий эътиборни ҳудудга, айниқса, маҳаллаларга қаратиш ва бу жараёнга маҳаллий Кенгашларни фаол жалб қилиш, аҳоли билан ишлаш натижасида аниқланган долзарб масалаларни Ҳукумат аъзолари олдида кўтариш ва уларнинг ечимини топишга кўмаклашиш лозимлиги таъкидланди.
Мурожаатноманинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш йўналишида бевосита сенаторлар эътибори марказида бўлиши лозим бўлган масала – коррупцияга қарши курашиш масаласи ҳисобланиб, сенаторлар тегишли соҳаларни таҳлил қилган ҳолда коррупцияни бартараф этиш масаласида фаол бўлишлари зарурлиги алоҳида қайд этилди. Жумладан, ушбу йўналишда масъул бўлган Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан доимий ҳамкорликда бўлса-да, эндиликда бу жараённи янги босқичга олиб чиқиш ва янада аниқ, самарали ташкил этиш лозимлиги таъкидланди. Муҳими, бевосита ҳудудларда, соҳалар кесимида таҳлиллар ўтказиш, муаммолар ечими юзасидан таклифлар тайёрлаш ва уларни амалда татбиқ этишга асосий эътиборни қаратиш, хусусан, бюджет ҳисобидан бўлаётган қурилишларни ҳамда “ташаббусли бюджет” ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар сифатини жойларга чиқиб ўрганишни инобатга олиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ялпи мажлис давомида Мурожаатномада таъкидланган суд қарорлари ижросининг қатъий таъминланмаётганлиги муаммосига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси тегишли идораларда суд қарорлари ижроси ҳолатини ўрганиши ва асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиши зарурлиги, мазкур масалага Бош прокурор ҳисоботини эшитиш давомида ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги белгиланди.
Шундан сўнг ялпи мажлисда “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонун билан 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси Консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2024-2025 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланган.
Таъкидланганидек, қонунга кўра 2023 йилда мамлакатимиз иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 5,3 фоизни ва истеъмол нархлари индекси 2022 йилнинг декабрь ойига нисбатан 9,5 фоиз миқдорида бўлишидан келиб чиқиб, Давлат бюджети параметрлари ҳисоб-китоб қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Консолидациялашган бюджетининг даромадлари 2023 йилда 310,7 триллион сўмни ҳамда харажатлар 343,2 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Қонун билан 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси ҳукумати) номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 миллиард доллар миқдори этиб белгиланмоқда.
2023 йилги Давлат бюджети харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар билан бирга) 257,7 триллион сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,1 фоизни ташкил қилмоқда.
Сенаторлар Давлат бюджетининг ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлар миқдорига жиддий эътибор қаратдилар. Қайд этилганидек, таълим соҳаси харажатлари 58,4 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 28,4 триллион сўм, маданият соҳасига 2,5 триллион сўм, спорт соҳасига 2,3 триллион сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 2023 йилда 1,8 триллион сўм йўналтириш белгиланган.
2023 йил учун Давлат бюджетида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишларини молиялаштириш учун 18,1 триллион сўм ажратилади.
Шу билан бирга, келгуси йилда жами 52 мингдан ортиқ даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1,1 триллион сўм субсидиялар тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Иқтисодиётга ажратилиши режалаштирилаётган харажатлар 36,7 триллион сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,4 фоизни, жами харажатларнинг 14 фоизини ташкил этиб, бу маблағлар асосан томчилатиб суғориш, геологик қидирув ишларини ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда уй-жой коммунал хизматлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган.
Мазкур қонун Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Консолидациялашган бюджети тақчиллигини қоплаш манбаларини кенгайтириш, шунингдек, 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг йил якунига қадар ўзлаштирилмай қоладиган айрим харажатларини мақбуллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари прогнози ва харажатлари миқдорлари ҳамда 2022 йил учун республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори – қўшимча харажатлар ва ўзлаштирилмай қоладиган айрим харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига ўзгартирилмоқда.
Хусусан, қўшимча маблағлардан ижтимоий соҳага 8,7 триллион сўм, шундан таълим соҳасига 1,4 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 0,5 триллион сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга 6,2 триллион сўм йўналтирилмоқда.
Шунингдек, маҳаллалардаги аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган долзарб муаммолар ечими бўйича тадбирларни молиялаштиришга 3,7 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилмоқда.
Қонунга асосан қўшимча харажатларни қоплаш манбалари билан таъминлаш зарурати юзага келганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикасининг Консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 4 фоиз қилиб белгиланмоқда.
Сенат аъзолари қонун муҳокамасида қўшимча ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланишга эътибор қаратиб, киритилаётган ўзгартишлар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида молиялаштирилишига ҳамда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилишини айтиб ўтдилар.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Ушбу қонун Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид давлат сиёсатини самарали рўёбга чиқариш, мазкур жабҳадаги муносабатларни тўлиқ тартибга солишни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Таъкидланганидек, қонун ижодкорлигида шошма-шошарликка, юзакичиликка, ҳамма учун мажбурий бўлган қоидаларни шунчаки, етарли асосларсиз белгилаб кетишга зинҳор йўл қўйиб бўлмайди.
“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун ҳам бу талабдан мустасно эмаслигига эътибор қаратилди.
Қонун 8 та боб ва 88 та моддадан иборат бўлиб, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан соҳа мутахассислари, экспертлар, олимлар иштирокида ўтказилган муҳокамалар уни қайта кўриб чиқиш лозимлигини кўрсатганлиги қайд этилди.
Сенаторларнинг билдиришича, қонундаги қатор нормалар амалдаги бошқа қонунлар, жумладан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган қоидаларга номувофиқ, ҳатто баъзи ўринларда зид ва қарама-қаршидир.
Хусусан, қонуннинг 19-моддасида соғлиқни сақлаш муассасаларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари сифатида вояга етмаган шахслар ўртасида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, истеъмол қилинишининг профилактикасига доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, алкоголь таъсирида маст ҳолатда бўлган вояга етмаган шахсларни кеча-кундуз қабул қилиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш белгилаб берилмоқда.
Ялпи мажлис давомида муҳокама қилинган бошқа бир яъни, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунда эса йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар тўғридан-тўғри таъсир этиш субъектлари сифатида белгиланган.
Ҳар иккала қонундаги мазкур ўзаро номувофиқлик бартараф этилиши зарурлигига, яъни, вояга етмаганлар ва йигирма бир ёшгача бўлган шахслар билан боғлиқ муносабатларга ҳар иккала қонунда ягона ва мақбул ёндашувни ифода этиш лозимлиги қайд этилди.
Иккинчидан, қонуннинг 3-моддасида “вояга етмаган назоратсиз шахс” тушунчасига вояга етмаган шахснинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари уни таъминлаш, тарбиялаш ва унга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки уларни лозим даражада бажармаганлиги оқибатида хулқ-атвори назоратсиз қолган, вояга етмаган шахс деб таъриф берилмоқда.
Конституциянинг 64-моддасида ота-оналар зиммасига ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш мажбурияти юклатилган. Шу боисдан қонунда вояга етмаган назоратсиз шахс бўйича берилаётган тушунчанинг Конституциянинг 64-моддасига мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Учинчидан, қонуннинг 43-моддасида расмий огоҳлантиришнинг шакли Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланиши қайд этилмоқда. Амалдаги нормаларда эса, расмий огоҳлантиришнинг шакли Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланган.
Бироқ қонунда ушбу ваколатнинг нима учун Ҳукуматдан вазирликка олиб бериш кўзда тутилаётганини мутахассислар ҳам, қонун ташаббускорлари ҳам дастлабки муҳокамаларда асослаб бера олмаган.
Ҳолбуки, бундай ёндашув тенг мақомдаги вазирлик ва идоралар учун бир вазирлик томонидан умуммажбурий бўлган процессуал ёки расмий тусга эга ҳужжат шакли тасдиқланишига олиб келиши устувор нормаларга мутлақо зиддир. Қолаверса, қонуннинг 32-моддасида Бош прокуратура ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир фаолиятни мувофиқлаштирувчи ягона давлат органи этиб белгиланмоқда.
Сенаторлар томонидан мазкур қонун жиддий қайта кўриб чиқишга муҳтож ва унинг ҳозиргидек ҳолатда маъқулланиши амалиётда самарадан кўра, кўпроқ муаммо туғдириши таъкидланди.
Қонун сенаторлар томонидан рад қилинди.
Шу билан бирга, ялпи мажлисда “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун мувофиқликни баҳолаш идоралари фаолиятини халқаро меъёрлар асосида баҳолаш учун аккредитация тизимини халқаро талабларга мослаштиришда юқори самара беради.
Хусусан, қонун мамлакатимизнинг миллий аккредитация тизимини халқаро талабларга мувофиқлаштириш, аккредитация органларининг Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация форуми (IAF) фаолиятида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этишига хизмат қилади.
Қонун билан аккредитациянинг мақсадлари, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва уни давлат томонидан тартибга солиш, Миллий аккредитация тизими ва аккредитацияни амалга ошириш тартиби белгилаб берилмоқда.
Аккредитациянинг асосий вазифалари манфаатдор тарафларнинг аккредитациядан ўтган субъектлар фаолиятига бўлган ишончини ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида ягона техника сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, аккредитация қилинган субъектларнинг фаолияти натижалари халқаро даражада тан олиниши ва қабул қилиниши учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Бундан ташқари, қонунга мувофиқ Миллий аккредитация тизими яратилиб, аккредитацияни амалга ошириш тартиби, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ва тугатиш тартиби ҳамда аккредитациянинг амал қилиши тугаган тақдирда, унинг амал қилиши қайта тикланмаслиги ва бунда такрорий аккредитациядан ўтиш учун аккредитация қилинган субъект аккредитациянинг муддати тугагунига қадар ариза берган бўлсагина унинг аввалги фаолияти натижалари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, қонун билан тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланмоқда ва республикамизда миллий сифат инфратузилмаси яхшиланишига ҳамда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспорт бозорларига ортиқча тўсиқларсиз кириб боришига имконият яратилмоқда.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши маҳаллий ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлашга ва экспорт ҳажмларини кўпайтиришга замин яратади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқди.
Маълумки, мазкур қонун Сенатнинг йигирма еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан рад этилиб, қонун бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Олий Мажлис палаталари томонидан келишув комиссияси тузилган эди.
Келишув комиссиясининг аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва эътирозлар эътиборга олиниб, Қонунчилик палатаси томонидан қонун тасдиқланган.
Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича бир қанча янгиликлар киритилиши кутилмоқда.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсирини профилактика қилишнинг давлат томонидан кафолатланиши алоҳида аҳамият касб этади.
Шу боисдан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш ва ушбу шахслар томонидан реализация қилиниши, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига мазкур шахсларни жалб этиш тақиқланмоқда. Ушбу ёш чегараси амалдаги қонунга нисбатан узайтирилмоқда.
Шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органлар сафи кенгайтирилмоқда ва уларнинг соҳадаги ваколатлари аниқ белгиланмоқда.
Бундан ташқари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек, тамаки ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг реализация қилинишига доир чекловлар ҳам киритилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда сенаторлар томонидан “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун хорижий давлатларнинг тажрибаси ва халқаро ташкилотларнинг тавсиялари асосида амалиётдаги мавжуд муносабатларни қонун билан тартибга солишни такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Хусусан, қонун маҳсулотлар хавфсизлигини халқаро талаблар билан уйғунлаштиришга, ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ва импорт қилувчиларнинг сифатсиз чиқарилган маҳсулоти учун жавобгарлик даражасини оширишга, бозорда хавфли маҳсулотлар реализациясининг олдини олишга қаратилган давлат назоратини кучайтиришга, маҳаллий маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Қонунда назорат хариди амалиёти йўлга қўйилиб, эндиликда маҳсулотнинг хавфсизлигини назорат қилиш нафақат корхонанинг ўзида, балки савдо нуқталарида ҳам амалга оширилиши мумкин. Бу билан сифатли, хавфсиз, техник регламент талабларига мувофиқ бўлган маҳсулотлар истеъмолчиларга етказилиши таъминланади.
Шу билан бирга, назорат органлари ўртасида сифатсиз маҳсулотлар тўғрисида ахборот алмашинув тизими йўлга қўйилади. Хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳаллий истеъмолчилар олдидаги масъулияти ва жавобгарлиги қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Маҳсулотни ишлаб чиқишдан истеъмолчига етказишгача бўлган занжир иштирокчилари, яъни ишлаб чиқарувчи, унинг ваколатли вакили, сотувчи ва импорт қилувчиларнинг мажбуриятлари ҳамда улар томонидан қонунчиликда ва техник регламентда белгиланган мажбурий талабларга риоя этмаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Бундан ташқари, қонун билан техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотни ишлаб чиқаришга рухсат берган ёки аризачига зарар етказган, шу жумладан, мувофиқлик сертификатини беришни асоссиз равишда рад этган, мувофиқлик сертификатининг ёхуд мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини қонунга хилоф равишда тўхтатиб турган ёки тугатган мувофиқликни баҳолаш органи ва унинг мансабдор шахсларининг жавобгарлиги ҳам назарда тутилмоқда.
Техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган муомаладаги маҳсулот ҳақида хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда. Бунда муомалага чиқарилган маҳсулотнинг техник регламентлар талабларига мувофиқ эмаслиги тўғрисида ўзига маълум бўлиб қолган ишлаб чиқарувчи, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили, сотувчи ва импорт қилувчи мазкур ахборот олинган пайтдан эътиборан ўн кун ичида бу ҳақда давлат назорати органига, шунингдек, ишлаб чиқарувчига хабар қилиши шарт.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига замонавий ва хорижий стандартлар асосида сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳамда аҳолини сифатли маҳсулот ва хизматлар билан таъминлашга олиб келади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни (Тошкент, 2022 йил 29 март) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур халқаро битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонун Ўзбекистон ва Туркия фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташ учун ҳуқуқий асос ва имконият яратади.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга кўра маҳкумлар қонунда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ келишаётган томонларнинг мурожаатлари асосида берилади.
Муҳокама чоғида сенаторлар маҳкумларнинг жазони ўз юртида ва жамиятида ўташи уларга яқинлари билан мунтазам кўришиб туриш имконини беришини, бу эса оилавий муносабатларга ижобий таъсир кўрсатишини, шунингдек, маҳкумларнинг жамият ижтимоий ҳаётига мослашишига ёрдам беришини алоҳида таъкидлади.
Шубҳасиз, қонун қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш имконини беради, республиканинг халқаро майдондаги ижобий нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маълумки, Битим 2022 йил 30 март куни Туркия Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи доирасида имзоланган эди.
Муҳокама якуни бўйича сенаторлар Битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади.
Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжатни кўриб чиқиш жараёнида сенаторлар йўлларимизда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари жамиятимизни хавотирга солаётганини қайд этиб, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишда тегишли масъул ходимларнинг масъулиятини янада оширилиши лозимлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, ўрганишлар кўрсатганидек, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида ҳам мавжуд бўлган камчиликлар автомобиль йўлларида турли қоидабузарликлар ва ўлим билан тугаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилишига сабаб бўлмоқда.
Қонунга кўра автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича фаолиятни, шунингдек, автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш юзасидан хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолиятни лицензиялаш бўйича ваколатли орган мақоми Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан Ички ишлар вазирлигига ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, қонун билан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш соҳасида фаолиятни лицензиялаш учун тўланадиган давлат божи базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида белгиланмоқда.
Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз олтинчи ялпи мажлисининг биринчи куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати