Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
00:33 / 2020-12-19

2020 йил 18 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси иш бошлади.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Ушбу ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Узрепорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Ялпи мажлис кун тартиби тасдиқланганидан сўнг сенаторлар кўриб чиқилаётган масалаларни муҳокама қилишга киришди.

Сенат аъзолари томонидан “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди. Ушбу Қонун билан келгуси йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва консолидациялашган Давлат бюджети прогнозлари ҳамда 2022 – 2023 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланмоқда.

Макроиқтисодий сиёсатнинг асосий йўналиш ва кўрсаткичлари келгуси йилда ҳам коронавирус пандемияси давом этиши тахминларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган.

Бунда асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, фискал рағбатлантириш чораларини мўътадиллаштириб бориш, иқтисодий ўсиш суръатларининг 5 фоиздан юқори бўлишини таъминлашга қаратилган.

Инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда унинг 10 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ушбу ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш назарда тутилган.

Қайд этилганлардан келиб чиқиб, 2021 йилда Консолидациялашган бюджет даромадлари 178,5 трлн. сўмга ёки ялпи ички маҳсулотнинг 25,9 фоизи даражасида прогноз қилинган.

Давлат бюджети даромадлари 147,2 трлн. сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 21,3 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 трлн. сўм, харажатлари эса 40,8 трлн. сўм миқдорида режалаштирилган.

Давлат мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан 15,9 трлн. сўм маблағ ажратиш ҳам белгиланган.

Жумладан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 23,5 трлн. сўм, харажатлари 36,5 трлн. сўмни ташкил этгани ҳолда бюджетдан 14,7 трлн. сўм ажратилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Давлат бюджетидан ижтимоий соҳаларга, хусусан, таълим соҳаси харажатларига 34,6 трлн. сўм, Соғлиқни сақлаш соҳасига 19,6 трлн. сўм, Маданият ва спорт соҳаси харажатларига 2,6 трлн. сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 1,2 трлн. сўм йўналтириш режалаштирилган.

Давлат дастурлари орқали эса узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш дастурлари учун 2 197 млрд. сўм, фанни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун 168 млрд. сўм, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун 3 952 млрд. сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.

Шунингдек, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш чоралари доирасида Қонунда илк бор биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари бюджетида давлат дастурлари учун ажратилаётган маблағлар алоҳида кўрсатилиши назарда тутилганини қайд этиш лозим.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди. Мазкур Қонун билан бюджет тизими ва бюджет жараёнини такомиллаштириш чоралари белгиланмоқда.

Ушбу чораларнинг Бюджет ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш киритиш орқали амалга оширилиши назарда тутилган.

Бунда Бюджет кодексига киритилган ўзгартиш билан бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартиби бузилган ҳолларда вазирлик ва идоралар раҳбар ходимларига жарима қўлланилиши белгиланмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси ҳақидаги ҳисоботни тақдим этмаган, бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартибини бузган вазирлик ва идоралар раҳбарларига жарима қўллаш бўйича ўзгартишлар киритилмоқда.

Сенат аъзолари Қонунни маъқуллади.

Шундан сўнг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди.

2021 йилда солиқ сиёсатини такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ошириш орқали солиқлар йиғилувчанлигига эришиш Қонуннинг асосий мақсадидир.

Шунга кўра, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш киритилмоқда.

Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида тегишли солиқ ставкаларини босқичма-босқич базавий ставкаларга етказишни назарда тутувчи ўзгартишлар ҳам киритилмоқда.

Сенат аъзолари томонидан мазкур Қонун маъқулланди.

Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойидаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилганидек, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси белгиланган параметр доирасида жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнларни инобатга олган ҳолда ташкил этилган.

Бюджет ижросида коронавирус инфекциясига қарши курашиш юзасидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари ҳамда Инқирозга қарши курашиш комиссиясининг қарорлари ижросига алоҳида эътибор қаратилган.

Макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш мақсадида ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулот ҳажми жорий нархларда 408,3 трлн. сўмни ташкил этган.

Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсишни таъминлаганлигини кўрсатади. Жумладан, қишлоқ хўжалигида 3,4 фоиз, қурилишда 8,6 фоиз, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда 2,3 фоиз ўсишга эришилган.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 94,4 трлн. сўмга бажарилган бўлиб, белгиланган прогноздан 2,9 фоизга кўп бўлган. Харажатлари эса 102,2 трлн. сўмни ёки ЯИМ га нисбатан 25,0 фоизни ташкил этган.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун жами 53,7 трлн. сўм сарфланиб, бу умумий харажатларнинг 52,5 фоизини ташкил этган. Шундан бюджет маблағлари ҳисобидан 50,4 трлн. сўм ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 3,3 трлн. сўм маблағлар сарфланган. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларидан  соғлиқни сақлаш соҳасига 2,7 трлн. сўм ажратилган.

Жумладан, моддий рағбатлантириш харажатлари учун 1,5 трлн. сўм, дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари, тест тизимлари антисептик воситалар ва дезинфекция қилиш ишларига ҳамда карантинда ва даволашда бўлган фуқароларни сақлаш ишларига 1,2 трлн. сўм маблағлар сарфланган.

Шунингдек, сенаторлар ҳисобот даврида харажатлар режага нисбатан кам ижро қилинганлиги, хусусан, жорий харажатлар ва капитал қўйилмалар тўлиқ молиялаштирилмаганлиги каби ҳолатларнинг мавжудлигига эътибор қаратди.

Бугунги мураккаб пандемия шароитида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиғини таъминлаган ҳолда иқтисодиётни қайта тиклаш йўлида муайян ишлар амалга оширилаётгани ҳам қайд этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан жойларда мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, мавжудларини мукаммал ва жорий таъмирлаш, уларни замонавий воситалар билан жиҳозлаш, қолаверса, ҳудудлардаги ички йўлларни қуриш ва таъмирлашга эътиборни ошириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, ҳисобот даврида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет харажатлари устидан назоратни кучайтириш ва бунда маҳаллий Кенгашларда очиқ, шаффоф ҳисобот бериб боришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги билдирилди.

Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини кучайтириш зарурлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Олий Мажлис Сенатининг Давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш юзасидан қарори қабул қилинди.

Шундан кейин “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланганидек, жаҳон миқёсида коронавирус пандемияси барча соҳаларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Хусусан, ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмларининг кескин қисқариши, дунё молия бозорларида хом ашё товарлари нархининг пасайиши каби қатор муаммоларни келтириб чиқарди.

Шунга қарамай, мамлакатимизда пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш борасида тезкор ва муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳоли даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш чоралари шулар жумласидандир.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2020 йил 19 сентябрдаги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган. Унга кўра, коронавирус пандемияси кутилганидан узоқроқ давом этганлиги, бунинг натижасида қўшимча харажатларнинг юзага келиш муносабати билан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси харажатлари 10 трлн. сўмдан 13,4 трлн. сўмга кўпайтирилган.

Шу билан бирга, Давлат ташқи қарзини жалб этиш бўйича имзоланадиган янги шартномаларнинг чегараланган ҳажми 5,5 млрд. АҚШ долларигача оширилмоқда.

Қолаверса, “Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, Республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорининг 10 ва ундан ортиқ фоизга ўзгариши ҳам тақдим этилмоқда.

Шунингдек, 2020 йил учун давлат мақсадли жамғармалари ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози ҳамда уларнинг харажатлари жадвалидаги йил боши ва йил охири қолдиқларига аниқлик киритилмоқда.

Сенат аъзолари ушбу Қонунни маъқуллади.

Сўнгра Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ш. Абдуразаковнинг ҳисоботи эшитилди.

Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан жорий йил 23-27 ноябрь кунлари вилоятни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни комплекс равишда ўрганиш якунлари ҳам батафсил муҳокама қилинди.

Ҳисоботда вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, айниқса, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, саноат тармоғини кенгайтириш, тўқимачилик соҳасини янада ривожлантириш ва бу орқали аҳоли даромадларини оширишга эришиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, ҳудудда 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 18 трлн. 554,6 млрд. сўмни, ўсиш суръати эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104,5 фоизни ташкил этган.

Маҳаллий бюджет даромадлари прогноз режаси амалда 105,6 фоизга бажарилганлиги натижасида бюджетга 76,3 млрд. сўм қўшимча манбалар шакллантирилган.

Пандемия даврида 252 та корхонанинг 5,6 млрд. сўм миқдоридаги солиқ қарздорлиги, тадбиркорлик субъектларининг 2 минг 412 та кредит шартномаси бўйича 502,6 млрд. сўмлик тўловлар муддати узайтирилган.

Бундан ташқари, вилоятда 258,7 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,5 фоизга ўсган.

Ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 3,4 трлн. сўмга тенг бўлган 1 минг 270 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 16 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.

Вилоят корхоналари томонидан 347,4 млн. АҚШ доллари миқдорида, хусусан, вилоятнинг экспорт географиясига янги қўшилган Молдовия, Македония, Гана, Кипр, Сурия каби давлатларга 6,7 млн. АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилинишига эришилган.

Қолаверса, вилоятнинг Уйчи ва Норин туманларини Андижон вилоятининг Балиқчи тумани билан боғловчи авария ҳолатидаги Норин кўприги замонавий талаблар асосида реконструкция қилинган.

Яна бир жиҳат. Ҳудудда “жиноятчиликни жиловлаш”, содир этилган жиноятларни фош этиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида 775 та маҳалладан 375 тасида (48,4%) жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган, 301 та маҳаллада (41,8%) жиноятлар сони камайган.

“Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида Наманган шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлинмасида хизматга жалб этилган куч ва воситаларни марказлашган ҳолда бошқариш имконини берувчи “Вазиятлар маркази” ташкил этилган, шаҳарнинг ягона геоинформацион харитаси яратилган.

Бундан ташқари, вилоятда “темир дафтар”га киритилган 34,7 мингдан ортиқ оилаларга 18 млрд. сўмлик манзилли ёрдам кўрсатилган. Ушбу оилаларнинг 47,4 минг нафар меҳнатга лаёқатли аъзолари иш билан таъминланган ва доимий даромад манбаи яратилган. Натижада сектор раҳбарларининг тавсияси асосида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарорлари билан 24,4 мингдан зиёд оилалар рўйхатдан чиқарилган.

Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари доирасида хорижий давлатлардан қайтиб келган 1 минг 120 нафар аёллар иш билан таъминланган, 551 нафарига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредитлар берилган. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратилган 6 млрд. сўм маблағ ҳисобига 16 та лойиҳа молиялаштирилиб, 1 минг 251 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.

Тажриба-синов тариқасида танланган Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон туманидаги хонадонлар тўлиқ ўрганилиб, “Аёллар дафтари”га киритилган 4,7 минг нафардан ортиқ хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган ва ижрога қаратилган.

Шу билан бирга, ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар) ҳудудида “Ёшлар” кичик саноат зоналарини ташкил этиш ишлари бошланган. Хусусан, Наманган шаҳрида ёш тадбиркорлар учун “Ёшлар” махсус кичик саноат зонаси ташкил этилиб, ушбу 30 гектарли ҳудудда 65 та лойиҳа амалга оширилиши ҳамда келгусида “Ёшлар дафтари”га киритилган ўғил-қизлар учун 3,5 мингта янги иш ўрни яратилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, мажлисда  вилоятни ривожлантириш борасида ўз ечимини кутиб турган айрим муаммо ва камчиликлар мавжудлиги ҳам қайд этилди.

Жумладан, бугунги кунда вилоятдаги 54 та бўш турган давлат объектидан самарали фойдаланиш бўйича зарур чоралар кўрилмаяпти. Кредит маблағларини ажратиш масалалари кечикаётганлиги боис 14 та йирик лойиҳани белгиланган муддатда ишга туширмаслик хавфи мавжуд.

Наманган туман канализация насос станцияси 1984 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги вақтга қадар таъмирлаш ишлари олиб борилмаган. Учқўрғон тумани марказидаги 1985 йилда қурилган сув тозалаш иншооти суткасига қувватига нисбатан 1,7 баробар кўп чиқинди қабул қилинаётганлиги сабабли тез-тез авария ҳолатлари юзага келмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудда истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш, аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш  борасида ҳам муаммолар мавжуд.

Мажлисда вилоятни ўрганиш якунлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2020 йил 28 ноябрдаги сессиясида танқидий муҳокама этилганлиги, унда вилоят даражасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича 88 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмас чораларни кўриш зарурлиги қайд этилди. Бу борада мутасадди идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди ва муҳокама қилинди.

 Шунингдек, вилоятда ўз ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди ва унинг ижроси устидан сенаторлик  назоратини йўлга қўйиш белгиланди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг 2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ижро этилишининг бориши тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан Орол денгизининг қуриши натижасида минтақада юзага келган ҳам ижтимоий-иқтисодий, ҳам экологик муаммоларни бартараф этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг бош минбаридан туриб Орол денгизи инқирози чегара билмайдиган глобал экологик муаммоларни келтириб чиқарганлигини таъкидлаб, дунё ҳамжамиятини огоҳликка чақирди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудда экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, “яшил” иқтисодиёт, экологик тоза, энергия ва сув тежовчи технологиялар принципларини комплекс жорий этиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, янги иш ўринларини яратиш, экотуризмни ривожлантириш ҳамда бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида минтақанинг умумий кучларини бирлаштиришга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар, аввало, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўлидаги муҳим қадам саналади.

Мажлисда ушбу қарор ижроси юзасидан Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Б.Алиханов ахборот берди. 

Қайд этилганидек, Президент қарори асосида 2020-2023 йилларда  2788 та лойиҳа ва объектларда 21 трлн. 209 млрд.сўмлик кенг кўламли ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. 2020-2023 йилларда Оролбўйида ҳудудий инвестиция лойиҳалари ва саноат кластерларини ташкил этиш бўйича эса қиймати 12,3 трлн. сўмлик 1359 та лойиҳа рўёбга чиқарилади.

 Яна бир жиҳат. Дастур ижроси устидан Парламент назоратини амалга ошириш, олиб борилаётган ишларни тизимли ўрганиш мақсадида сенаторлар, хусусан, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан бевосита жойларга чиқиб таҳлилий ўрганишлар мунтазам ўтказилмоқда. Ўрганишлар жараёнида қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, инвестиция лойиҳаларининг ижро этилиши ҳолати, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар билан ишлаш, юзага келган масалаларни жойида ҳал этиш, ОАВ вакиллари ва блогерлар билан ҳамкорлик масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Сенаторлар томонидан алоҳида жадвал асосида ноябрь ойида олиб борилган назорат-таҳлил тадбирларида 17 та туман (шаҳар) да жами 187 объект ўрганилган ҳамда 1 минг 91 нафар тадбиркор ва аҳоли фаоллари билан учрашилган. Шунингдек, ҳудуд бўйича тасдиқланган дастур доирасида туман (шаҳар)да амалга оширилиши лозим бўлган жами 1 минг 167 та лойиҳанинг ижро этилиши ҳолати чуқур таҳлил қилинган.

Жорий йилнинг 5 декабрь ҳолатига рўёбга чиқарилиши белгиланган мазкур лойиҳалардан 3 трлн. 164 млрд. сўмлик 1108 та инвестиция лойиҳаси молиялаштирилган. Шундан қишлоқ хўжалиги соҳасида 592,0 млрд. сўмлик 358 та лойиҳа, саноат соҳасида 1 трлн. 981 млрд. сўмлик 311 та лойиҳа ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида 590,8 млрд. сўмлик 439 та лойиҳа молиялаштирилган. Улардан 899,6 млрд. сўмлик 605 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 3166 та янги иш ўрни яратилган.

Шу билан бирга, мажлисда ўрганишлар жараёнида эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилганлиги аниқланганлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, 2020 йил 5 декабргача ишга тушиши лозим бўлган жами 974,5 млрд. сўмлик 76 та лойиҳа турли сабабларга кўра белгиланган муддатда ишга туширилмаган. Қолаверса, банк кредити ҳисобидан ишга туширилиши лозим бўлган 15 та лойиҳага 15,1 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилмаганлиги ҳам аниқланган.

Бундан ташқари, бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий инвестиция дастурларини амалга оширишда масъул ташкилотлар томонидан лойиҳаларнинг ижросини масъулият билан ёндашган ҳолда чуқур таҳлил қилиниши ҳамда лойиҳаларнинг истиқболлилиги чуқур ўрганилиши лозимлиги, шаҳар ва туманларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ривожлантиришга қаратилган дастур лойиҳаларнинг самарадорлиги, ишлаб чиқариш қувватлари, янгидан ташкил этиладиган иш ўринларига алоҳида эътибор қаратилиши зарурлиги таъкидланди.

Қолаверса, ҳудудларни ўрганиш жараёнида қатор муаммоларга Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан ижобий ечим топилганлиги тўғрисида ҳам сўз юритилди.

Жумладан, “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудида “Қора ой парранда” МЧЖ ни ўрганиш давомида жамиятга тегишли ферма қурилиши экологик экспертизасиз ва атрофдаги хонадонлар аҳолиси билан келишилмасдан бошлаб юборилгани маълум бўлди. Ушбу масала бўйича МФЙ фаоллари билан биргаликда 26 та хонадонга кирилиб, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари ва суҳбатлар ўтказилган ҳамда уларнинг розилиги олинган. Шунингдек, экологик экспертизадан ўтказилишига амалий ёрдам кўрсатилган.

Қўмита ташаббуси билан “Қора оғоч” овулининг “Отакўл” ОФЙ ҳудудига соатига 5 куб метр сувни тозалайдиган ва чучуклаштирадиган иншоот ўрнатиб бериш ишлари бошланган. 

Яна бир жиҳат. Туманлар кесимида маҳаллий Кенгашлар депутатларидан иборат Ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган. 200 дан ортиқ тадбиркорлар ва аҳоли фаоллари билан учрашувлар ташкил этилган, учрашувлар якуни бўйича ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб келгуси йиллар инвестиция дастурларига киритиш учун 40 га яқин таклифлар шакллантирилган. 100 дан ортиқ ижтимоий объектларга ташриф буюрилиб, уларнинг ҳолати ўрганилган. 

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларига бириктирилган вазирликлар, идоралар, тижорат банклари раҳбарлари билан бир қаторда сенаторлар ва Жўқорғи Кенгес депутатлари бириктирилган.

Мажлисда Сенат аъзолари айрим истиқболли лойиҳаларга ўз вақтида кредит маблағлари ажратилмаганлиги ҳамда баъзи лойиҳаларга кредит маблағлари ажратилиши кечиктирилаётганлиги, масъул вазирлик ва идоралар томонидан ўзлари бириктирилган ҳудудларда лойиҳалар ижросини чуқур таҳлил қилган ҳолда мувофиқлаштириш ишларини олиб бормаганликлари каби масалаларга урғу берилди.

Шунингдек, Дастур ижроси устидан қатъий депутатлик назоратини олиб бориш, маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан маҳаллалар кесимида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг ижро этилиши ҳолатини сессияларда муҳокама қилиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, 2020 йил давомида давлат органларининг норма ижодкорлиги фаолияти йўналишида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун вазирликка 2,5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари келиб тушган. Улардан 2 310 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва 168 та лойиҳа ўтказилмасдан қайтарилган.

Қолаверса, қонун ҳужжатлари “е-хат” дастури орқали 140 дан зиёд давлат органлари ва ташкилотларига ўз вақтида етказилган. Бугунги кунда вазирлик томонидан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби ва тарқатилиши” ахборот тизими яратилиб, ушбу тизим орқали 600 тага яқин давлат органларига ва уларнинг ҳудудий бўлинмаларига электрон шаклда юборилиши таъминланган.

Давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти борасида 2020 йилнинг ўн бир ойи давомида 19 та соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилган. Натижада 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва 13 та таҳлилий маълумотнома тегишли тартибда Ҳукуматга киритилган.

Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ўз ечимини кутаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

Жумладан, мамлакатимизда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни имкон қадар қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллашга таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича ишлар кўзга ташланмаяпти. Қолаверса, асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ва эскирган механизмларини бартараф этиш ҳисобига аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш етарли даражада йўлга қўйилмаган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини келишиб олиш ва жамоатчилик муҳокамаси босқичларида муаммони ҳал этишда юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни прогноз қилиш, шу жумладан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун фойда ва харажатларни баҳолашга оид таҳлилий ҳужжатлар билан таъминлаш амалиётини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган қарорлари бекор қилиш ва қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштиришга қаратилган “йўл хариталари”ни тайёрлашни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди. Республика ва маҳаллий ҳокимият даражасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш долзарб масала эканлиги тўғрисида сўз юритилди.

Шу билан бирга, мажлисда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва бошқа давлат идораларининг ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати танқидий муҳокама қилинди.

Унда сенаторлар томонидан айрим давлат органларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳудудлар ва соҳалар кесимида комплекс таҳлил қилиш, бунда услубий кўмак кўрсатиш орқали мазкур соҳа самарадорлигини ошириш чораларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Яна бир муҳим жиҳат. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолашда жисмоний ва юридик шахсларнинг ушбу жараёнга иштирокини янада фаоллаштириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёки унинг лойиҳасини жонли муҳокама қилиш амалиётини жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.

Адлия вазирлигига давлат бошқаруви органлари ва идоралари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганишни режалаштириш чоғида фуқаролар мурожаатларини ҳисобга олиш зарурлиги, шунингдек, мажлисда давлат органлари томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётини инновацион усуллари, шу жумладан, веб-технологияларидан етарли фойдаланилмаганлиги танқид қилинди ва бу борада тегишли топшириқлар берилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати