18 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ялпи мажлис кун тартибига мувофиқ сенаторлар дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 2271-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқди.
Киритилаётган ўзгартиришга кўра солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жавобгарлик янада либераллаштирилмоқда.
Хусусан, мазкур қонун билан Солиқ кодексига фискал ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун қўлланиладиган молиявий санкциялар камайтирилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш бўйича қонунчиликда белгиланган талабларни ёки тартибни бузиш, шунингдек, товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тартиб-қоидаларига оид ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда жарима миқдори охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг икки фоизини ташкил этади.
Мазкур ҳуқуқбузарлик молиявий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, жарима миқдори йигирма фоизни ташкил этиши белгиланмоқда.
Аввал тадбиркорлар ушбу қонунбузилиш ҳолати учун охирги ҳисобот чорагида эга бўлган соф тушумни жарима шаклида тўлашга мажбур бўлаётган эди.
Эндиликда фискал тартиб-қоидаларга оид ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиладиган молиявий жарима миқдори қарийб 98 фоизга қисқартирилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни янада мақбуллаштиришга ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга, ялпи мажлисда “Ижро ишини юритиш янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун қизғин муҳокама қилинди.
Қонун билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга ҳамда Фуқаролик процессуал кодексига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилмоқда.
Эндиликда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун мажбурий тўловларни ундириш тўғрисида талаблар билдирилганда – суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага истеъмолчи билан тузилган шартнома, пеня ҳисобланиши ва истеъмолчини тармоқдан узиш ҳақидаги огоҳлантириш кўрсатилган ҳужжат, қарзни тўлаш тўғрисидаги талаб ҳамда унинг истеъмолчига юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси берилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, қонунга истеъмолчини тегишли энергия ресурслари тармоқларидан узилганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхалари ҳам берилиши билан боғлиқ норма киритилмоқда.
Қарздор жисмоний шахслардан почта харажатлари учун мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши ижро иши юритилишида соддалаштирилган тартиб этиб белгиланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ижросини таъминлашга, қолаверса, истеъмол қилинган ёқилғи-энергия ресурслари учун қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларини мажбурий ижро этиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлисда “Баҳолаш фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатимизда хусусий мулк дахлсизлиги ва мол-мулкнинг ҳақиқий бозор баҳосини шакллантириш ва уни ишончлилигини таъминлаш юзасидан қатор тизимли чоралар кўрилмоқда.
Мажлисда таъкидланганидек, бугунги кунда амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ баҳолаш фаолиятига оид айрим муаммолар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, суд экспертлари ва баҳоловчи ташкилотлар учун умумий баҳолаш қоидалари ва тартиблари белгиланмаган.
Натижада соҳани такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келган.
Жумладан, “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартиришга мувофиқ баҳоловчи, назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишларда ва бошқа тадбирларда фақат баҳоловчи ташкилот ҳамда ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома асосида эксперт сифатида ҳам иштирок этиши мумкин.
“Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунга киритилаётган қўшимчаларга асосан камида уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланилган усулларнинг илмий жиҳатдан асосланганлиги нуқтаи назаридан суд экспертизасини ўтказиши мумкин бўлади.
Суд экспертининг текширишларни ўтказишда унинг хулосасига нисбатан белгиланган талабларга, шунингдек, тегишли соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш бўйича мажбурияти назарда тутилмоқда.
Киритилаётган қўшимчалар ва ўзгартириш баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ишончлилигини текшириш чоғида муаммоларни бартараф этишга, фуқароларнинг ортиқча харажатларини камайтиришга, шунингдек, республикамизда мол-мулкнинг ҳақиқий қийматини аниқлашга доир ягона ёндашувни жорий этишга хизмат қилиши сенаторлар томонидан қайд этилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Муҳокама марказида бўлган қонун билан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
2023 йилда Рақобат қўмитаси вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган товар ва молия бозорларидаги рақобат масалаларига оид 614 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг 142 тасида давлат ёрдами, яъни, хўжалик юритувчи субъектларга солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, грантлар, давлат кафолатлари каби имтиёзлар берувчи нормаларни аниқлаган.
Бундан ташқари, Рақобат қўмитаси томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги ўрганилганда 717 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган.
Шу боис “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга давлат ёрдами берилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Шунингдек, ушбу қонун билан “Рақобат тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш киритилиб, унга мувофиқ қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар қўллашда хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан енгиллик берилмоқда.
Жумладан, иқтисодий жиҳатдан паст таъсир даражасига эга бўлган рақобат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишини биринчи марта содир этган хўжалик юритувчи субъектга бундай ҳуқуқбузарликнинг такроран содир этилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш берилиши ва унга нисбатан молиявий санкциялар қўлланилмаслиги белгиланмоқда.
Муҳокамалар жараёнида таъкидланганидек, ушбу қонун рақобат соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро мувофиқлаштирилишига, товар ва молия бозорида соғлом рақобат муҳитининг таъминланишига ҳамда тадбиркорлик субъектларига нисбатан чоралар кўрилишида адолатнинг қарор топишига хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Бугунги кунда амалда давлат мулкидан самарали фойдаланилмаслик ва уни ижарага бериш тартибини бузиш билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчилик бузилишларини олдини олишга қаратилган чораларни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Шу боис сенаторлар томонидан муҳокама қилинган қонун билан давлат мулкини ижарага бериш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча модда киритилиб, унга кўра давлат мулкини белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан ижарага бериш, ижарага олувчига ижарага берилган давлат мулкини қабул қилиб олиши, унинг ҳудудига кириши ва фойдаланишига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш ёки ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сонини камайтириб кўрсатган ҳолда ижарага берганлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига асос бўлади.
Ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида қайта содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Сенаторлар ушбу қонун давлат мулкидан самарали фойдаланилишини, ижарага олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда спортни оммалаштириш, спорт турларини янада ривожлантириш ва спорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирги вақтда мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларига спортдаги коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган янги нормаларни киритиш зарурати юзага келмоқда.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олганлиги ёки мулкий манфаатдор бўлганлиги, шунингдек, спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олганлик учун жавобгарликни белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун миллий қонунчилигимизни замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга, спорт соҳасидаги жиноятларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек, республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятимизнинг барча қатламларига кириб бормоқда. Қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Инсон қадри устуворлиги, инсонпарварлик ва адолатпарварлик ислоҳотларимизнинг бош ғоясига айланиб улгурди.
Конституциявий ислоҳотлар натижасида маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлаш борасида ҳам чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, Жиноят-ижроия кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ маҳкумларнинг ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга), Бола ҳуқуқлари бўйича вакилига (Болалар омбудсманига) ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамланмоқда.
Қолаверса, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сайловларда ҳамда референдумда иштирок этишга бўлган ҳуқуқи кафолатланмоқда.
Унга кўра Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, бундай маҳкумларнинг инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга мурожаат этиш ҳуқуқи қайд этилмоқда.
Шунингдек, агар оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар тегишли сайловларда ҳамда референдумда иштирок этиш ҳуқуқидан қонунга мувофиқ ва суднинг ҳукми асосида маҳрум этилган бўлмаса, улар ушбу сайловларда ва референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда.
Маҳкумларнинг ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.
Хусусан, киритилаётган қўшимчаларга кўра маҳкумлар ўзига нисбатан инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгадир.
Жазони ижро этиш муассасаларининг ходимлари маҳкумларга нисбатан инсоний муомалада бўлиши шарт, маҳкумларга нисбатан интизомий жазо чоралари ва бошқа мажбурлов чораларини қўллашда Кодексда белгиланган асослардан ҳамда тартибдан четга чиқишга йўл қўйилмайди.
Маҳкумларда уларнинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланмоқда.
Бундан ташқари, маҳкумларнинг Омбудсманга ҳамда Болалар омбудсманига мурожаатлар қутиси орқали мурожаат қилиши, мурожаат қилиш қутиларининг ўрнатилиши, очилиши, фойдаланиши, шунингдек, мурожаатларни юбориш тартиби янги нормада ўз ифодасини топмоқда.
Муҳокама давомида сенаторлар қонун қабул қилиниши натижасида маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинишига, жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро ҳуқуқнинг принциплари ва нормалари билан уйғунлаштиришни таъминлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2201-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Маълумки, мамлакатимизда қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Қурол тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, шунингдек, қуролнинг қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш механизмини такомиллаштириш юзасидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахсларни жавобгарликдан озод этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида мустаҳкамлаб қўйилган қоида шахслар бошқа турдаги қуролни ўз ихтиёри билан топширганда уларни жавобгарликдан озод қилиш муаммосини ҳал этмайди.
Мисол учун фақатгина 2023 йилда ички ишлар органлари ходимлари томонидан 1072 дона ноқонуний (ички ишлар органлари рўйхатига қўйилмаган) қуроллар аниқланиб, 839 нафар фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2201-моддаси асосида жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари, 2023 йилда тегишли рухсатномаларсиз сақлаётган пневматик қуролини ихтиёрий топшириш бўйича ички ишлар органларига 1599 нафар фуқаро мурожаат этган.
Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилаётган профилактик ишларга қарамасдан ўқотар бўлмаган, яъни, пневматик қуролга ноқонуний эгалик қилиш, уйда сақлаш, кўча-кўйда олиб юриш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги кунда ҳам кузатилмоқда. Жумладан, 2023 йилда пневматик қуроллар билан боғлиқ 5 та нохуш ҳолат содир этилган ва бунинг оқибатида 4 нафар фуқаро жароҳатланган, 1 нафар фуқаро эса ҳалок бўлган.
Амалдаги қонунчиликка кўра фуқаро ўз ихтиёри билан пневматик қуролни олиб келиб топширса ҳам ушбу қурол мусодара қилиниб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараварига, мансабдор шахсларга эса – йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин.
Ваҳоланки, Жиноят кодексининг 248-моддасида жамоат хавфсизилиги даражаси анча юқорироқ бўлган ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилиниши кўзда тутилган.
Юқоридаги муаммоларни инобатга олган ҳолда ҳамда қайд этилган ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш мақсадида қонунчиликда пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли каби ўқотар бўлмаган қурол турларини ўз ихтиёри билан топширган шахслар жавобгарликдан озод қилинишини назарда тутувчи нормани мустаҳкамлаш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2201-моддасига шахсни ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ихтиёрий равишда топширганда маъмурий жавобгарликдан озод қилиш имкониятини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Таъкидлангандек, ушбу қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ва ўқотар бўлмаган қурол турларининг қонунга хилоф муомаласи ҳолларининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Олий Мажлис Сенатининг эллик иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан Уй-жой кодексига, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги ва “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларига ҳамда Шаҳарсозлик кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, Уй-жой кодексида турар жойларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, уларни қайта қуриш ёки бузиш шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши белгиланмоқда.
Қонунда хусусий мулкка бўлган ҳуқуқлар дахлсизлигининг ҳамда тадбиркорлик субъектлари манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш назарда тутилган бўлиб, унда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши белгиланмоқда.
Маълумки, иқлим ўзгариши оқибатида йилдан-йилга сел келиши ва кўчки билан боғлиқ хавфли жараёнлар тобора фаоллашиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан сел ва кўчки билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш, кўриладиган иқтисодий зарар миқдорини камайтириш мақсадида Шаҳарсозлик кодексига сел ва кўчки хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш ҳамда қуришда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш тақиқланиши белгиланган янги норма киритилмоқда.
Шу билан бирга, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунда Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши, шунингдек, ҳудудий принцип бўйича эркин ҳаракатланишини чеклашга, тўхтатиб туришга ва тақиқлашга йўл қўйилмаслигини назарда тутувчи янги норма акс эттирилмоқда.
Сенаторлар мазкур қонун хусусий мулкнинг ва мулкдорлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши кафолатларини кучайтиришга, тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириш учун қўшимча кафолатлар ҳамда шарт-шароитлар яратишга хизмат қилишини қайд этдилар.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур қонун зиёратчилар “Умра” амалларини муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, хорижда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича янги лицензияланадиган фаолият тури жорий этилмоқда. Бунда ушбу лицензия Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан берилиши ҳамда ушбу лицензияни олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида давлат божи белгиланмоқда.
Мазкур қонун билан амалга оширилиши учун рухсат ва тегишли ҳужжатларни талаб этадиган фаолият турлари қаторига Давлат харидлари электрон тизими оператори фаолиятини амалга оширганлик учун ҳам рухсатнома олиш қўшимча сифатида киритилмоқда.
Бундан ташқари, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар қаторига қўшимчалар киритилмоқда.
Эндиликда “Умра” тадбирларини лицензиясиз амалга ошириш ёки лицензияларни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараварида жаримага сабаб бўлади.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши юртдошларимизнинг энг муқаддас амалларини эмин-эркин ва хавфсиз бажаришига, бу борада ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланишига, турли фирибгарликларнинг олди олинишига, энг муҳими мазкур жараёнда ҳар бир фуқаро давлат ҳимоясида бўлишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра ялпи мажлисда “Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева актига (Женева, 1999 йил 2 июль) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Муҳокама чоғида Гаага битимининг Женева акти ўз маҳсулотларини, биринчи навбатда, ташқи бозорларда илгари суришдан манфаатдор бўлган субъектларга саноат намуналарини рўйхатдан ўтказишнинг амалдаги миллий тизимларга нисбатан қулайроқ тартиб-таомилидан фойдаланиш имконини бериши таъкидланди.
Хусусан, бугунги кунда мамлакатимизнинг ишлаб чиқувчиси саноат намунаси интеллектуал мулки ҳимоясини олиш учун бир қатор мамлакатларда тегишли идорага ушбу мамлакатдаги шакл бўйича ва тилда ариза беришга мажбур бўлаётгани, ҳар бир мамлакатда ушбу тартиб-таомил учун ҳар сафар алоҳида ҳақ тўлаётгани айтиб ўтилди.
Гаага битимининг Женева акти миллий ишлаб чиқувчиларга барча тартиб-таомиллар бажарилишини ва ҳужжатлар тарқатилишини ўз зиммасига оладиган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотига (БИМТ) битта ариза бериш имконини беради.
Ҳозирги вақтда 70 та давлат, шу жумладан, МДҲнинг аксарият мамлакатлари Гаага битимининг Женева акти иштирокчилари ҳисобланади.
Қонуннинг қабул қилиниши миллий ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулкини ҳимоя қилишни кучайтириш, шунингдек, янги маҳсулотлар яратишда уларнинг жавобгарлигини ошириш ва ишлаб чиқаришда патентланган объектлардан ноқонуний фойдаланишга йўл қўймаслик имконини беради.
Бундан ташқари, мазкур халқаро ҳужжатга қўшилиш мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.
Қонун Сенат томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга, ялпи мажлисда “Ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Рим, 1961 йил 26 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мазкур Конвенция аҳдлашувчи давлатларда ижрочилар, фонограмма тайёрловчилар ва эшиттириш ташкилотларининг турдош ҳуқуқларини уларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий режимини тақдим этиш орқали ҳимоя қилишга қаратилганлиги қайд этилди.
Ҳозирги вақтда 100 га яқин давлат, шу жумладан, бир қатор МДҲ давлатлари Конвенция иштирокчиси ҳисобланади.
Муҳокама чоғида Конвенцияга қўшилиш интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг илғор, халқаро стандартларини жорий этишга, шунингдек, Ўзбекистоннинг нуфузини оширишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Қонун Сенат томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Сенатнинг 52-ялпи мажлисида яйловлар деградациясининг озиқ-овқат хавфсизлигига, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсири юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 13 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги ерлари деградациясига қарши курашиш, тупроқнинг гумус миқдори ва унумдорлигини оширишни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 мартдаги “Яйловлар ва улардаги ер ости сувларини муҳофаза қилиш ҳамда яйлов деградациясига қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Мазкур қарорлар доирасида сув таъминоти мавжуд бўлмаган ҳудудларда тик қудуқларни қазиш, қуёш энергиясида ишлайдиган насос агрегатлари ёрдамида ер ости сувларини чиқариш ҳамда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича Бухоро ва Навоий вилоятларида намунавий тажриба лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.
Яйлов ерларда сув таъминотини яхшилаш ва қайта тиклашда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети ҳамда Самарқанд давлат университетида “Яйлов экологияси ва бошқаруви” таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш режалаштирилган.
Яйловларда чорва моллари босимини камайтириш ва уларни алмашлаб ўтлатишнинг оқилона тизимини йўлга қўйиш, деградацияга учраган яйловларни қайта тиклаш ҳамда уларнинг маҳсулдорлигини оширишнинг энг мақбул усулларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш белгиланмоқда.
Нишон, Нурота, Нуробод, Фориш ва Ғиждувон туманларидаги яйловларда икки йил муддатга чорва молларини алмашлаб боқиш амалиёти йўлга қўйилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти ҳамда “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти томонидан ФАО, ИКАРДА, Саритас ҳамда АҚШнинг Невада штати “Яйловларни бошқариш жамияти” каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Сенаторлар олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда яйлов ерларидан самарали фойдаланиш, уларни назорат қилиш ва деградацияга қарши курашиш бўйича айрим ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар долзарблигича қолаётганлигини таъкидлади.
Жумладан, яйлов ерларини контурлар ва фойдаланувчилар кесимида тўлиқ хатловдан ўтказиш, 4 миллион гектардан ортиқ яйловда геоботаник тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда уларнинг электрон рақамли хариталарини ишлаб чиқиш зарур.
Сув иншоотларининг 2269 таси (78 фоизи) таъмирталаб ҳолатга келган. Бундан ташқари, яйловларнинг сув таъминотини яхшилаш ҳамда чорва молларини сув билан таъминлаш учун 700 дан ортиқ қудуқлар етишмаслиги айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, Бухоро чўл яйлов ўсимликлар уруғчилик илмий-ишлаб чиқариш марказини замонавий илмий лаборатория жиҳозлари ва ускуналар билан таъминлаш ишлари якунига етказилмаган.
Муҳокама жараёнида сенаторлар томонидан бугунги кунда мазкур соҳага оид ўзгаришлар ҳамда қонунчиликда белгиланган вазифаларни инобатга олиб, яйловларни бошқариш ва мониторинг қилиш ҳамда соҳага доир амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш, шу жумладан, “Яйловлар тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, тегишли мутасаддиларнинг соҳада амалга ошираётган ишларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш ҳамда уларга кўмаклашиш, ҳудудларга етук мутахассислар, олимлар ва тадқиқотчиларни жалб қилиб, уларнинг тавсиялари асосида ишларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар берилди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шу билан бирга, ялпи мажлисда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директорининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
2023 йил умумхалқ референдумида Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясининг қабул қилиниши билан инсон ҳуқуқларини илғор халқаро стандартлар асосида ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришнинг янги қонунчилик асослари яратилгани таъкидланди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия этиб қайта ташкил этилди ва ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институти яратилди.
Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни самарали амалга ошириш мақсадида 2023 йилнинг ўзида ногиронлиги бўлган одамлар учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган 2 та Президент фармони ва 3 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Ўзбекистоннинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастури ишидаги иштироки фаоллашди. Мамлакатимиз Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тасдиқланди.
“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун кучга кирди. Ушбу ҳужжат хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан ғайриқонуний ҳаракатлар, шунингдек, оилавий зўравонлик учун жавобгарлик нормаларини кучайтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Шу билан бирга, мажлисда ўтказилган ўрганишлардан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни жорий этиш самарадорлиги билан боғлиқ қатор масалалар белгилаб олинди.
Жумладан, сенаторлар фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари таъминланишидан, айниқса, мамлакатимиз пойтахтидаги вазиятдан хавотир билдирди. Бундан ташқари, турли шаклдаги зўравонликдан болаларни ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, бу борада ота-оналар, таълим муассасалари ва ҳокимият бошқа органларининг масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да белгиланган қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кечиктирилаётгани айтиб ўтилди.
Ҳар томонлама муҳокама якунлари бўйича Сенат қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини сўзсиз бажариш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб бориш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Қайд этилганидек, Марказий банк 2023 йилда инфляцияни жиловлаш ҳамда банк тизимининг молиявий барқарорлигини мақбул даражада таъминлаш, вужудга келиши мумкин бўлган хатарларнинг банклар капитали ва ликвидлигига салбий таъсирларини минималлаштиришга йўналтирилган ўзаро мувофиқлашган пул-кредит ва макропруденциал сиёсат олиб борди.
Хусусан, тижорат банкларидаги миллий валютадаги депозитлар қолдиғи 2022 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошиб, қарийб 170 триллион сўмни ташкил этди.
Жисмоний шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,4 баробарга ўсиб, 64 триллион сўмга, юридик шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,2 баробардан кўпроқ ошиб, қарийб 106 триллион сўмга етди.
2023 йилнинг I чорагидан бошлаб инфляция даражасининг пасайиш тенденциясига ўтганлиги сабабли 2023 йил март ойидан асосий ставка 15 фоиздан 14 фоизга пасайтирилди.
Пул-кредит соҳасидаги ушбу чора-тадбирлар инфляция даражасини юқори суръатларда ўсишини жиловлаш имконини бериб, 2023 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 8,8 фоиз атрофида шаклланди.
Макропруденциал чоралар натижасида 2023 йил якунлари бўйича банк тизимида регулятив капитал миқдори 106 триллион сўмни ва таваккалчиликка тортилган активлар 604 триллион сўмни, капитал етарлилиги кўрсаткичи 17,5 фоизни (минимал талаб 13 фоиз) ташкил этди.
Ҳисобот йилида тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 251,4 триллион сўм ёки 2022 йилга нисбатан қарийб 24 фоизга кўп кредит маблағлари йўналтирилиб, жами кредит қўйилмалари қолдиғи қарийб 497 триллион сўмга етди.
Аҳолига ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи 2022 йилга нисбатан 47 фоизга кўпайиб, 148,2 триллион сўмни, тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи 15,3 фоизга ўсиб 348,5 триллион сўмни ташкил этди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида тижорат банклари томонидан 472 мингдан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишга 10 триллион сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилди.
Ҳисобот йилида банклар томонидан активлар бўйича 13,1 триллион сўмлик қўшимча захиралар яратилган ҳамда муаммоли кредитларни захиралар билан қопланиш даражаси 4 фоиз бандига ошиб, 2024 йил 1 январь ҳолатига 85 фоизга етказилди.
Банк карталари фойдаланувчилари учун “Humo” ва “Uzcard” банкоматлар тармоғи ўзаро интеграция қилиниб, мазкур банкоматлардан муқобил фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратилди.
Шу билан бирга, сенаторлар Марказий банк томонидан амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифаларга эътибор қаратиб, фуқароларнинг банк карталаридан турли фирибгарлик йўллари билан маблағларни ўзлаштириш ҳолатларига барҳам берилмаганлиги, “Humo” ва “Uzcard” тўлов терминаллари тизимини интеграция қилиш ишлари якунланмаганлиги, муаммоли кредитларнинг умумий кредит портфелидаги улуши деярли ўтган йилги даражада сақланиб қолаётганлигини қайд этдилар.
Марказий банкнинг 2024 йилги фаолиятида базавий инфляция даражасини пасайтириш чораларини кўриш, нархлар барқарорлигини таъминлаш, тўлов тизимлари барқарор ишлашини таъминлаш ва хизматлар кўламини кенгайтириб бориш ҳамда пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ечилишининг олдини олишга қаратилган киберхавфсизлик чораларини кучайтириш борасида ишларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Муҳокамадан сўнг сенаторларнинг таклифлари мужассамланган Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунингдек, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилди ва Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Унга асосан Жуманазар Эргашев ўн йиллик муддатга, Маъмуржон Кадиров муддатсиз даврга, Дилшод Ражабов муддатсиз даврга, Носиржон Расулов ўн йиллик муддатга, Бурхон Турдиев ўн йиллик муддатга, Асқарали Умматалиев ўн йиллик муддатга, Гулнафис Худайбердиева ўн йиллик муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимига сайланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ва Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 18 та масала, шу жумладан, 13 та қонун муҳокама қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик иккинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати