Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик еттинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
20:08 / 2024-09-21

21 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи куни сенаторлар томонидан дастлаб“Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига махсус иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда кичик тадбиркорликни ривожлантириш, унга ҳар томонлама кенг имкониятлар яратиш ва бу йўналишда инвестицияларни жалб этишга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Мазкур қонун билан “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонунга махсус иқтисодий зоналарнинг маъмурий кенгашлари тугатилгач, уларнинг вазифалари махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига ҳамда ягона дирекцияларга юклатилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режалари ёки техник-иқтисодий асосларига экспертиза хулосалари олиш талаби бекор қилинмоқда. Лойиҳаларнинг ушбу қонунда белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисида хулоса махсус иқтисодий зоналар дирекциялари томонидан мустақил равишда қабул қилиниши белгиланмоқда.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши махсус иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини соддалаштиришга, инвестициялар жалб қилиш учун шарт-шароитларни яхшилашга, инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишни таъминлашга, шу асосда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра “Тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳисоботларни давлат органларига тақдим этиш жараёнлари соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 24110-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан олиб бораётган очиқ мулоқоти натижасида 2024 йил 9 январда “Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига ҳисобот ва статистик маълумотларни тақдим этиш жараёнларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Қарор билан 2024 йилдан бошлаб ўзаро бир-бирини такрорловчи ва давлат органларининг бошқа органлардан олиш имконияти мавжуд бўлган 34 турдаги ҳисобот ва статистика маълумотлар бекор қилинди.

Ягона рўйхатга киритилмаган ҳисоботларни тадбиркордан талаб қилиш тақиқланади ҳамда ҳисоботлар фақат ахборот тизимлари орқали тақдим этилиши белгилаб қўйилди. 

Қайд этиш жоизки, бир-бирини такрорловчи тегишли ахборот тизимларида мавжуд ҳисоботларни бекор қилиниши натижасида, ҳар йили 21,5 минг тадбиркорларнинг 500 миллион сўм маблағлари иқтисод қилиб қолинади.

Энг асосийси, қарорда тадбиркор давлат органларига тақдим этадиган ҳисобот ва статистик маълумотларнинг ягона рўйхати тасдиқланиб, унга киритилмаган ҳисоботларни тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиш тақиқланди. 

Шу боис мажлисда муҳокама қилинган қонун тадбиркорлар томонидан ҳисоботларни давлат органларига тақдим этиш жараёнлари соддалаштирилиши муносабати билан ҳисоботларни қабул қилувчи органларнинг жавобгарлик чораларини кучайтирмоқда.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисобот ва статистика маълумотларининг ягона рўйхатига киритилмаган ҳисоботларни тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиб олганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. 

Ушбу қонун давлат органларининг ҳисоботларни талаб қилиб олиш борасидаги масъулиятини оширишга ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

Муҳокамадан сўнг қонун маъқулланди.

Шу билан бирга, навбатдаги ялпи мажлисда сенаторлар томонидан “Давлат мулкини бошқариш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Қонун билан бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, хусусийлаштирилмайдиган давлат мулкини, шунингдек, давлат ташкилотини хўжалик жамияти этиб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ва ушбу жараён якунлангунига қадар мазкур давлат ташкилотига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктирилган давлат мулки гаровга берилмаслигини белгиловчи норма киритилмоқда.

Бундан ташқари, “Ҳомийлик тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилиб, устав фондидаги (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятларининг ҳомийликка сарфланадиган ҳар йилги харажатлари ўтган йилда олинган соф фойданинг 3 фоизидан ошмаслиги кераклиги қайд этилмоқда.

Шунингдек, мазкур харажатлар улар бизнес-режасининг ўтган ҳисобот давридаги соф фойдага тааллуқли қисми кўрсаткичлари бажарилганда амалга оширилиши белгиланмоқда. 

Қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкини бошқариш соҳасини такомиллаштиради. Махсус ваколатли органнинг ваколатлари ва устувор йўналишларини белгилаш орқали хусусий мулкчилик кенгайтирилади. Хусусийлаштириш жараёнлари очиқ ва ошкора бўлишини таъминлайди.

Қизғин кечган муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенатнинг эллик еттинчи ялпи мажлисида “Давлат харидлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонунда икки босқичли давлат харидлари, кичик қийматдаги харид учун соддалаштирилган тартиб, марказлашган давлат харидлари ва ҳадли келишув каби янги механизмлар жорий қилиниши назарда тутилган.

Давлат харидларида “барқарорлик” принципи билан тўлдирилиб, давлат буюртмачилари қисқа, ўрта ва узоқ муддатли иқтисодий, экологик ва ижтимоий таъсирларни ҳисобга олган ҳолда барқарор давлат харидларини амалга ошириши назарда тутилмоқда.

Давлат буюртмачиси, шу жумладан, бюджет буюртмачиси, заруратга кўра, энг яхши таклифларни танлаш ёки тендер натижалари бўйича 1 йилдан 4 йилгача бўлган муддатга ҳадли келишув тузиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Қонун билан тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида электрон дўкон ҳамда аукцион савдоларида захира ғолиби бўлиш мумкинлиги, агар ғолиб томонидан шартнома тузиш рад этилган ҳолларда уларга шартнома тузиш таклифи берилиши кўзда тутилмоқда.

Давлат харидлари соҳасида шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик асослари қонунда аниқ кўрсатилмоқда.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлат харидлари тизимини такомиллаштириш орқали очиқлик ва шаффофлик таъминланишига, соҳада рақобат муҳитининг янада кучайтирилишига, давлат буюртмачилари учун қулай имкониятлар яратилишига ҳамда давлат харидлари жараёнига тадбиркорларни кенг жалб қилишга хизмат қилади.

Муҳокамадан сўнг қонун маъқулланди.

Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш мақсадида Сенат қўмиталари томонидан 2020 йилда қатор қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилиб, қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг амалга оширилган эди. 

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуннинг ижроси ҳолати ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлил қилинганда ушбу қонунда қайта ўрганиб чиқилиши ҳамда такомиллаштирилиши лозим бўлган нормалар мавжудлиги аниқланди.

Шундан сўнг янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, унда мамлакатимиз Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш асослари, мазкур соҳадаги ваколатли давлат органларининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини ўтказиш пунктлари орқали кесиб ўтаётган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, шахсларнинг, транспорт воситаларининг ҳамда товарларнинг ўтказилишини вақтинча чеклашга ёки тўхтатиб туришга доир асосларнинг батафсил рўйхати белгиланди.

Шундай бўлса-да, ҳуқуқни қўллаш амалиётида мамлакатимизнинг Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасига доир алоҳида тушунчалар турлича талқин этилишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурияти мавжудлиги кўзга ташланмоқда.

Шу боис муҳокама этилган қонун билан Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларининг, хусусан, 5 кодекс ва 8 та қонуннинг баъзи нормаларини “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги қонунга мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. 

Сенаторлар таклиф этилаётган қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, қўриқлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги тушунчаларнинг аниқ ҳамда бир хил қўлланилишига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ваколатларини аниқлаштиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

Муҳокамалардан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда аҳоли соғлиғини сақлаш ва янада яхшилаш, касалликларнинг олдини олиш ҳамда уларни даволаш, шунингдек, одамларнинг соғлиғи ва фаровонлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунда тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосасига асосан халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. 

Бунда соғлиқни сақлаш амалиётида ташхис қўйиш ва даволашнинг фақатгина қўллашга рухсат этилган усулларидан фойдаланишга йўл қўйилади.

Шу билан бирга, қонунчиликда халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатганлик, шунингдек, хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган. 

Бунинг натижасида фуқаролар сохта табибларнинг қурбонига айланмоқда, бундай хизматларнинг оқибатлари эса фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатилганлик, шунингдек, хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. 

Шунингдек, мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилмоқда. 

“Реклама тўғрисида”ги қонун халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини реклама қилишни тақиқловчи норма билан тўлдирилмоқда.

Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Бундан ташқари, парламент юқори палатасининг мазкур ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қонунда сувдан фойдаланувчилар ва истеъмолчиларга қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланишга “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари томонидан рухсатнома берилиши белгиланмоқда.

Киритилаётган қўшимчаларга мувофиқ фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа сув истеъмолчиларининг қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув олиш лимитлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари томонидан ишлаб чиқилади ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан тасдиқланади.

Қонунда фермер хўжалиги “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси билан тузилган шартномага асосан сув ресурсларидан фойдаланиши, шунингдек, фермерлараро ички суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини, улардаги иншоотларни таъмирлаш ҳамда тиклашда иштирок этиши, уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши шарт эканлиги белгиланмоқда.

Қонун билан жамоа боғлари, токзорлари, экинзорларини ва томорқа ер участкаларини сув билан таъминлаш белгиланган тартибда “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари томонидан сув етказиб бериш ва сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномага асосан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилмоқда. 

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга сув етказиб бериш хизматлари учун белгиланган тўловлар бекор қилинмоқда.

Мазкур қонунда белгиланган қоидалар қуйи бўғинда сув билан таъминловчи ташкилотлар ва сув истеъмолчилари ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солган ҳолда, сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенатнинг эллик еттинчи ялпи мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенциясини (Женева, 1981 йил 22 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди. 

Қайд этилганидек, бугунги кунга қадар Конвенция 75 та давлат, шу жумладан, МДҲга аъзо давлатлар орасида Россия, Беларусь, Украина, Тожикистон Қозоғистон ва Озарбайжон томонидан ратификация қилинган.

Конвенцияда меҳнат фаолияти жараёнида ва ишлаб чиқариш муҳитида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш, шу жумладан, иш жойида ёки иш вақтида ишчи ва ходимларнинг соғлиғига зарар етиши билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисалар ёхуд хавфларнинг олдини олишга қаратилган талабларни янада кучайтириш назарда тутилган. 

Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, миллий меҳнат қонунчилигининг халқаро меҳнат стандартларига жавоб беришини ҳисобга олган ҳолда мазкур Конвенцияни ратификация қилиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

Таъкидланганидек, Конвенциянинг ратификация қилиниши келгусида соҳадаги миллий қонунчиликни ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳужжатларида белгиланган меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига оид меъёрларни такомиллаштиришга, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнидаги бахтсиз ҳодисалар, касбий касалликлар, иш вақтида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олишга қаратилган халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза муҳокама қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган учинчи Миллий маърузада 2023 йилда мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар акс эттирилган ҳамда улар тўғрисида мажлисда ахборот берилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилиб, жамиятда коррупция иллатига нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмлари кенг жорий этилди. Уларнинг фаолиятида очиқликни таъминлаш, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган мақсадли кўрсаткичлар белгиланди.

Соҳада давлат сиёсати изчиллигини таъминлаш мақсадида коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилинди, очиқ, эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхати 35 тадан 40 тагача кенгайтирилди.

Аҳолига хизмат кўрсатишда коррупция ҳолатларининг олдини олишни таъминловчи “Onlayn mahalla”, “Aholi tomorqasi”, “Onlayn-bozor”, давлат хизматчиларини онлайн режимда ўқитишга мўлжалланган “Open Data” платформалари ишга туширилди. 

Бунинг натижасида “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2023 йил якунлари бўйича Коррупцияни қабул қилиш индексида мамлакатимиз ўрни 5 поғонага, Бошқарув сифати индикатори ва Ҳукумат очиқлиги бўйича “Open Data Inventory” рейтингида 15 поғонага кўтарилган. 

Шу билан бирга, муҳокамада сенаторлар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида айрим камчиликлар сақланиб қолаётганлиги ҳам  таъкидланди.

Хусусан, 2023 йилда республика бўйича судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари таҳлили коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келганини, коррупцияга оид жиноятлар сони Сурхондарё ва Андижон вилоятларида ортганини кўрсатди.

Коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича судланган шахсларнинг аксарияти мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, тижорат банклари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ҳамда ҳокимликлар ходимлари ҳисобланади.

Шунингдек, ички назорат тузилмалар фаолиятини ташкил этишда айрим давлат идоралари томонидан камчиликларга йўл қўйилган.

Жумладан, ички назорат тизими жорий этилган давлат идораларининг 37 тасида ташкил этилган 996 та штат бирлигидан 172 таси (17,2 фоиз) вакант бўлса, 6 та ташкилотнинг 35 нафар ходимига қўшимча вазифалар юкланган.

Шу билан бирга, 20 та давлат ташкилотида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган, 13 тасида ички назорат тизими самарали фаолият кўрсатмаяпти.

Хусусан, Андижон ва Сурхондарё вилояти ҳокимликлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида атиги 5 та штат бирлигидан иборат (вазирлик марказий аппаратида) ички назорат тузилмаси ташкил этилган.

Муҳокама жараёнида Сенат аъзолари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, қатор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифлар билдирилди. 

Хусусан, коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилган ҳолда жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларида кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш лозим.

Коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тизими бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш, давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ички назорат тузилмалари ходимларига қўшимча вазифалар юклатилишини олдини олиш зарур.

Ички назорат тузилмалари томонидан назорат тадбирларини мунтазам равишда ўтказилишини таъминлаш, Одоб-ахлоқ комиссияларининг фаолиятини кучайтириш каби бир қатор вазифалар белгиланди ва улар Сенат қарорида акс этди.

Шунингдек, 57-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномаси ва Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорига асосан Икрам Тухтамуратович Муслимов беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимига ҳамда Олимжон Хамитович Исмаилов беш йил муддатга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланди.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 19 та масала, шу жумладан, 16 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати 

Ахборот хизмати