English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллигинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
21:37 / 2024-02-10

10 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллигинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисининг иккинчи кунида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси ҳамда 2024 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Дастлаб 2023 йилда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш юзасидан қилинган ишлар сарҳисоб қилинди.

Таъкидланганидек, соҳада 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат (шундан 3 таси қонун, 4 таси Президент фармони ва қарори, 6 таси Ҳукумат қарори) қабул қилинган.

Хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилган. Ушбу тоифадаги жиноятлар учун қонунчиликда кўзда тутилган енгилликлар берилмаслиги, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш, ярашганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш каби чоралар қўлланмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Сайлов кодексига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоиздан 40 фоизга оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган.

Бундан ташқари, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 262,2 минг нафар хотин-қизга 4,5 триллион сўм миқдорида кредит, ишсиз ва ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи 27 мингдан зиёд хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш учун 118,5 миллиард сўм субсидиялар ажратилган.

Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича 60 соатлик малака ошириш курслари ташкил этилиб, унда 319 нафар хотин-қиз ўқитилган.

Шу билан бирга, мажлисда ижро муддати ортда қолган айрим масалалар танқидий муҳокама қилиниб, вазирлик ва идораларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Хусусан, халқаро стандартлар ва нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш масаласини ўрганиш, меҳнат соҳасидаги гендер статистикаси маълумотларини халқаро тавсияларга мувофиқ такомиллаштириш, иқтидорли ёш хотин-қизларни юқори нуфузли идораларда стажировка ўташ қамровини кенгайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Мажлис давомида 2024 йилда Гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури кўриб чиқилди.

Дастурда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг илмий ва стартап ғояларини рўёбга чиқариш кўникмаларини шакллантириш, уларни илмий-инновацион фаолиятга кенг жалб этиш каби масалалар қамраб олинганлиги қайд этилди.

Сенаторлар ушбу Дастур миллий ва халқаро мажбуриятларни бажаришга кўмаклашишга хизмат қилишини таъкидлаб, унда белгиланган вазифалар, тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда бу борадаги ишларни кучайтириш муҳимлиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг ялпи мажлисда Андижон вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари”нинг 2023 йилдаги ижроси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, “йўл хариталари” ижроси доирасида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида салмоқли натижаларга эришилган.

Хусусан, 2023 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5,1 фоизга, саноатда 7,3 фоизга, қишлоқ хўжалигида 4 фоизга, хизматлар кўрсатиш соҳасида 11,3 фоизга ва қурилиш ишлари ҳажми 3,2 фоизга ўсган. Аҳоли жон бошига ЯҲМ ҳажми эса 20,3 миллион сўмни ҳамда ўсиш суръати 2,8 фоизни ташкил этган.

Инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳалар ҳисобига 30 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилган. Вилоятда 802 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 128 та объект фойдаланишга топширилган.

“Аёллар дафтари”га киритилган 91 мингга яқин хотин-қизларга ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 31 мингдан зиёд ёшларга амалий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, мажлисда сенаторлар томонидан аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳудудий бандлик дастури доирасида доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринлари ҳисобига 532 минг кишининг бандлиги таъминланганлиги ҳамда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 47,6 мингдан зиёд лойиҳалар учун кредит маблағлари ажратилганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган “йўл хариталари” ижросини таъминлашда айрим камчиликлар ва ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш мақсадида бўш турган бинолар ва ер майдонларига тадбиркорларни жалб қилиш бўйича белгиланган айрим вазифалар ижросининг самарадорлиги паст.

Шаҳар ва туманларда 28 та бўш турган давлат объекти 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида аукцион савдоларига қўйилганига қарамасдан савдолар бўлиб ўтмаган деб топилган. Асака ва Жалақудуқ туманларида эса аукционга чиқарилган ер майдонларининг 20 фоизи ҳам сотилмаган.

Шаҳрихон туманида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида муаммоли кредитлар қолдиғи йил бошига нисбатан ўсган.

Солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги муддати ўтган қарздорлиги Балиқчи, Жалақудуқ, Марҳамат ва Хўжаобод туманларида ошган.

Пахтаобод, Бўстон ва Олтинкўл туманларида ногиронлиги бўлган шахслар учун квоталанган иш ўринларидан самарали фойдаланилмаган.

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан вилоятда хизматлар соҳасини янада ривожлантириш, паст қувватда ишлаётган саноат корхоналари билан ишлаш, инвестициялар жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши юзасидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.

Бунда туризм салоҳияти юқори бўлган маҳаллаларда йўл ва инфратузилмани яхшилаш, маҳаллий бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлашда иқтисодий комплекс раҳбарларининг масъулиятини ошириш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашда субсидиялаш механизмидан кенг фойдаланиш масалаларига урғу берилди.

Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунингдек, парламент назорати доирасида Тошкент вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилиб, натижалари Сенатнинг эллигинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Тошкент вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилишда қатор ижобий натижаларга эришилган.

Хусусан, инвестиция дастурлари доирасида 763 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 23 296 та янги иш ўрни яратилган ҳамда ўтган йилда 901,3 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.

Фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони 61 мингтани, шундан 38 мингтани хўжалик юритувчи субъектлар (юридик шахс), 23 мингтани якка тартибдаги тадбиркорлар ташкил этган.

Вилоятда аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун шароит яратилиб, бунинг натижасида Оҳангарон, Тошкент ва Зангиота туманлари юқори кўрсаткичларга эришган.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 30 063 та тадбиркорлик субъектига жами 743,5 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди.

Хусусан, тадбиркорнинг фаолият кўрсатишига тўсиқ бўлаётган муаммолар, жумладан, бино-иншоотларни зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш, тадбиркорлик субъектларига ер, бино ва кредит ажратиш ҳамда солиқ тўлови бўйича низолар каби масалалар бартараф этилмаганлиги сабабли вилоятда 2023 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра фаолият кўрсатган тадбиркорлик субъектларининг сони 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 9,4 мингтага камайган.

Вилоятда фаолият юритмаётган кичик бизнес субъектлари сони қарийб 20 мингтани ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан Паркент, Ўрта Чирчиқ туманларида, Бекобод шаҳрида, Пискент ва Қуйи Чирчиқ туманларида ошган.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун (қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган) онлайн-аукцион савдоларга чиқарилган 218 та бўш турган 88,1 гектар ер участкаларидан жами 428 та ҳолатда ваколатли ташкилотлар томонидан келишиш ёки хулоса бериш муддатлари бузилган.

Бундан ташқари, вилоятдаги назорат органлари томонидан ўтказилган текширишларда 58 та қонун бузилиши ҳолати, шундан 21 тасида ноқонуний текшириш ва 37 тасида текшириш ўтказиш тартибини бузиш ҳолатларига йўл қўйилган. Жумладан, “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан назорат ўрнатилган бўлишига қарамасдан мурожаатларнинг 21,9 фоизи (126 та) бўйича кўриб чиқиш муддати бузилган.

Туман (шаҳар) бўйича келиб тушган мурожаатлар тадбиркорлар сонига нисбатан таҳлил қилинганда, Пискент, Бўка туманларида ва Оҳангарон шаҳрида мурожаатлар сони ошган.

Мажлис давомида сенаторлар томонидан вилоятда тадбиркорликни янада ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этишда йўл қўйилган камчиликлар масъул вазирлик ва идораларга кўрсатиб ўтилди ҳамда бу борада ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик соҳасида мавжуд талаблар ва тартиб-таомилларни соддалаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.

Шу билан бирга, вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш борасида мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ишлаб чиқилган “йўл харитаси” Сенатнинг тегишли қарори билан тасдиқланди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритиш масаласи кўриб чиқилди.

Маълумки, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Сайлов кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган эди.

Мазкур ўзгартиришлар билан Марказий сайлов комиссияси тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда тузилиши ва доимий асосда фаолият юритиши, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлиши белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, амалда фаолият юритаётган Марказий сайлов комиссиясининг 14 нафар аъзоси ўз аризаларига кўра ваколатларини зиммасидан соқит қилишни сўраган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарорларига биноан Марказий сайлов комиссияси аъзолигига Халмухаммед Палуаниязов ва Мухтабар Хусанованинг номзодлари тавсия этилган.

Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қарорларига биноан Марказий сайлов комиссияси аъзолигига тавсия этилган номзодларни сайлаш масаласи кўриб чиқилди.

Шундан сўнг сенаторлар Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг аризалари бўйича муносабатларини ҳам билдиришди.

Муҳокама якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Мажлисда сенаторлар томонидан жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 10 та масала, шу жумладан, 6 та қонун муҳокама қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллигинчи ялпи мажлиси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

 Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати