Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни
06:30 / 2025-04-15

Ватанимиз тарихидаги 15 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

Бугунги касб байрами Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 7 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланган. Жорий йилда соҳа ходимлари ўз касб байрамларини тўртинчи бор нишонламоқдалар.

1395 йил (бундан 630 йил олдин) – Шимолий Кавказдаги Терек дарёси бўйида Амир Темур ва Дашти Қипчоқ ҳукмдори Тўхтамишхон ўртасида жанг бошланди. Умумий қўшинлар сони 450–500 минг атрофида бўлиб, жанг 30–35 километрлик катта майдонда олиб борилди. Амир Темурнинг янги ҳарбий тактикаси – қўшинни етти ғул (корпус)га ажратиш, йигирма етти қўшиндан иборат кучли захира бўлинма тузиш, кучли марказ ташкил этиш ўз натижасини кўрсатди. Бироқ жангнинг биринчи куни кутилмаганда Соҳибқирон қўл остида турган қисмлар душман исканжасига тушиб, Амир Темурнинг ҳаёти хавф остида қолди. Шундай вазиятда ҳам Темур вазиятни ўз қўлига олди.

Уч кун давом этган шафқатсиз олишув туфайли тинкаси қуриган Дашти Қипчоқ армияси қаршиликни бас қилади ва узил-кесил мағлубиятга учрайди. Тўхтамишхон жанггоҳни хос қўриқчилари паноҳида ташлаб қочишга муваффақ бўлади. Амир Темурнинг ушбу даҳшатли тўқнашув вақтида ўта танг вазиятга тушиб, ундан фақат бор истеъдод, ғайрат ҳамда кучни ишга солиб шараф билан чиқиб кетиши унинг Тўхтамишхондек қудратли ҳарбий кучга эга бўлган, салоҳиятли саркардадан устун келганлигини кўрсатади.

1878 йил (бундан 147 йил олдин) – ёзувчи, олим, жамоат арбоби, Тожикистон Фанлар академияси академиги ва биринчи президенти, Ўзбекистон Фанлар академияси фахрий аъзоси Садриддин Айний таваллуд топди (вафоти 1954 йил). У ўз асарларида тожик ва ўзбек адабиётларининг минг йиллик тарихий тараққиётида етишиб чиққан 200 дан ортиқ шоир, тарихчи, олим, тазкиранавислар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берди. Самарқандда 1967 йилда Садриддин Айний ёдгорлик уй-музейи очилди.

1909 йил (бундан 116 йил олдин) – адабиётшунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ғулом Каримов таваллуд топди (вафоти 1991 йил). Унинг илмий фаолияти ўзбек мумтоз адабиётини ўрганишга бағишланган. Ғулом Каримов “Лайли ва Мажнун”нинг илмий-танқидий матнини тайёрлаган (1945). Навоий, Муқимий, Фурқат, Алмаий, Нодим Намангоний ва бошқаларнинг ижодига оид маълумотларни, ҳаёти ва ижодий меросини тўплаган, тадқиқ этган.  

1913 йил (бундан 112 йил олдин) – жадидларнинг ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий “Самарқанд” газетаси чиқарила бошланди. У Самарқанд шаҳрида ҳафтада 2 марта ўзбек, форс ва рус тилларида чиққан. Ношири ва мухаррири – Маҳмудхўжа Беҳбудий. “Самарқанд” газетасида Туркистон ўлкаси халқларининг тараққиёти кўзланган ва жамиятдаги ислоҳотларни ёқловчи мақолалар ҳамда шеърлар чоп этилган.

Европа ва АҚШда нашр этиладиган газеталар ва уларнинг ўқувчилари ҳақида ҳам хабарлар берилган. Ҳожи Муин, Мунавварқори, Фитрат, Камий, Саидризо Ализода, Сиддиқий-Ажзий, Нусратилла Қудратилла ўғли (Миллий), Рожий ва бошқа жадид адибларининг асарлари эълон қилиб турилган. Адади 400–600 нусхадан иборат бўлган. 1913 йил 17 сентябрда 45-сони чиққач, моддий қийинчилик сабабли тўхтаган.  

1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Файзулла Хўжаев муҳаррирлигида “Учқун” газетаси чиқа бошлади. “Учқун алангага айланадиган кун келади” деган ибора газетага эпиграф қилиб олинган эди. У Тошкентда чоп қилиниб, Бухорода махфий равишда таркатилди. Газетанинг жами 5 минг нусхадан 8 та сони чиқди.

1922 йил (бундан 103 йил олдин) – Миллий истиқлолчилик ҳаракати етакчилари Анвар Пошонинг марказий қароргоҳи жойлашган Кофирниҳонда тўпланиб, келажакдаги масалалар муҳокама қилинадиган қурултойга йиғилдилар. Кобулдан собиқ амир Олимхоннинг вакили сифатида Сора Хўжа ҳам иштирок этган қурултойда бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишга қарор қилинди. Қурултой томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар мажмуаси 16 банддан иборат. 16-моддада “барча ҳарбий ва сиёсий ҳаракатларни бошқариш бир овоздан Анвар Пошога топширилди” дейилади. Анвар Пошога расмий муҳр берилди. Шундай қилиб, Анвар Пошо миллий кураш етакчилари томонидан қўллаб-қувватланади.

1943 йил (бундан 82 йил олдин) – Олий Совет Президиумининг “Барча темир йўлларда ҳарбий ҳолат ўрнатиш ҳақида”ги махсус қарори чиқиб, унда темир йўллар ҳарбий ҳолатга ўтказилганлиги эълон қилинди. Темир йўлчилар сафарбар этилган деб ҳисобланиб, темир йўл ходимларига ҳарбийлардек жавобгарлик юклатилди. Ҳарбий ҳолат, биринчи навбатда, интизомга риоя этишни мажбур қилиб қўйди. Темир йўлчилар жиноят содир этган ҳолатда, улар ишини ҳарбий трибуналлар кўриб чиқадиган ва уларга темир йўлчиларни жарима роталарига юбориш ҳуқуқини берадиган вазият юзага келди.

1950 йил (бундан 75 йил олдин) – Бухоро вилоятидаги Пешку ва Наманган вилоятидаги Чортоқ туманлари ташкил этилди.  

1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Европа Иттифоқининг Лиссабон ва Брюссельда 12 та аъзо давлатлари томонидан қабул қилинган Қўшма Декларацияси Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини расмий равишда эътироф этди.

1996 йил (бундан 29 йил олдин) – кўп йиллик самарали хизмати, республикада эстрада санъатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ҳамда жамоат ҳаётида фаол қатнашаётганлиги учун Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокиров “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.

1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Самарқанд шаҳрида Темир йўл вокзали – Сартепа йўналиши бўйича трамвай қатнови йўлга қўйилишига бағишланган тадбир бўлди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ самарқандликлар билан “Тарих музейи” бекатидан “Темир йўл вокзали” бекатигача трамвайда бирга келди.  

2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  

2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  

2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади