2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 139-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда ёхуд қонунга мувофиқ бошқа тилда олиб борилади. Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.
Жиноят ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.
Иш юритилаётган тилни билмайдиган ёки етарли даражада тушунмайдиган процесс иштирокчиларига ўз она тилида ёки ўзи биладиган бошқа тилда оғзаки ёки ёзма арз қилиш, кўрсатув ва тушунтиришлар бериш, илтимоснома ва шикоятлар билан мурожаат қилиш, судда сўзлаш ҳуқуқи таъминланади. Бундай ҳолларда, шунингдек иш материаллари билан танишиш вақтида процесс иштирокчилари қонунда белгиланган тартибда таржимон хизматидан фойдаланишлари мумкин.
Айбланувчига, судланувчига ёки процессда иштирок этувчи бошқа шахсларга тақдим этилиши лозим бўлган тергов ва суд ҳужжатлари уларнинг она тилига ёки улар биладиган бошқа тилга таржима қилиб берилиши лозим.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг шахсий дахлсизлиги, шу билан бирга тенг ҳуқуқлилик масаласи Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида энг асосий масалалардан бири сифатида мустаҳкамланган. Мамлакатимиз жиноят процессуал қонунчилигида жиноят ишлари бўйича одил судлов фуқароларнинг, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.
Жиноят ишларини юритишда иштирок этаётган тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг иш юритишдаги ҳуқуқий мақоми жиноят-процессуал қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган. Жиноят ишини юритиш учун масъул бўлган барча давлат органлари ва мансабдор шахслар жиноят процессида қатнашаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиши Жиноят-процессуал қонунчиликдаги асосий принцип қоидаларидан бири ҳисобланади.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, жиноят ишларини юритиш жараёнида иштирок этаётган иш юритилаёган тилни билмайдиган ёки етарли даражада тушунмайдиган процесс иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамланган қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иш юритилаётган тилни биладиган процесс иштирокчилари билан иш юритилаётган тилни билмайдиган бошқа миллат ва элат вакиллари ҳисобланмиш процесс иштирокчиларининг тенг ҳуқуқлилик принципи асосида жиноят процессининг тегишли босқичларида иштирок этишига шароит яратиш жиноят ишларини юритиш жараёни якунида адолатли қарор қабул қилинишига хизмат қилади.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимизда бошқа тилларда сўзлашувчи бир нечта миллат вакиллари яшаб келмоқда. Уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масаласи давлат устувор вазифаларидан бўлиб, бу эса қатор норматив ҳужжатларда мустаҳкамланган.
Республикамиз тарихан кўп миллатли давлат ҳисобланади. Бошқа миллат вакилларининг ҳуқуқларини таъминлаш, уларга турли соҳаларда фаолият олиб бориш, тегишли қулайликлар яратиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш доим эътиборда бўлган. Республикамиз Конституцияси ва қонунларида барча миллат вакилларининг тенг ҳуқуқлилиги мустаҳкамланган, миллатпарвар халқ сифатида бошқа соҳаларда бўлгани каби жиноят ишини юритиш жараёнида ҳам турли миллат вакилларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланиб, урф-одат, анъаналари доимо ҳурмат қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга мамлакат саналади. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон доимий аҳолиси таркибида ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, қорақалпоқлар ва руслар энг йирик этник гуруҳлар ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолисининг этник таркиби, жами аҳоли сонига нисбатан % ҳисобида ўзбеклар 84,4%, қорақалпоқлар 2,2%, руслар 2,1%, қозоқлар 2,4%, тожиклар 4,9% ва бошқа миллат вакиллари 4,1%ни ташкил қилади.
1966 йил 19 декабрда қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 14-моддаси тўртинчи қисми “а” бандида “ҳар бир кишининг унга қўйилган айблов характери ва асослари ҳақида у тушунадиган тилда дарҳол ва батафсил хабардор этилиши” ҳуқуқи кафолатланган.
Жиноят ишлари юритиладиган тилни билмайдиган иштирокчилар жиноят ишлари юритиладиган тил принципи қоидасининг амалга оширилиши билан далилларни тақдим этиш, уларни текширишда иштирок этиш, илтимосномалар билан мурожаат қилишда ҳам тенг имкониятларга эга бўладилар. Шундай экан, шу йўл билан томонлар ҳуқуқларининг процессуал тенглиги таъминланади.
Жиноят ишлари юритиладиган тилнинг жиноят процесси принципи даражасига кўтарилиши унинг жиноят-процессуал ҳаракатларни амалга оширишда ниҳоятда муҳим эканлигидан далолат беради. Дастлабки тергов ва суд муҳокамаси юритиладиган тил принципи жиноят судлов ишларини юритиш мақсадларига эришиш учун бирламчи аҳамият касб этади.
Суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья мазкур ҳуқуқларни бузмасликлари, бундай ҳуқуқ субъектларига ушбу ҳуқуқларини амалга оширишларида ёрдам беришлари шарт. Шубҳасиз, таржима қилинган ҳужжатларни нафақат айбланувчи, судланувчи ёки процесснинг бошқа иштирокчиларига берилиши ҳақидаги қоида жиноят-процессуал қонунчиликнинг ижобий томонларидан бири саналади.
ЖПКга асосан, жиноят ишларини юритиш босқичларида истисносиз барча иштирокчилар ўз она тилидан ёки ўзлари биладиган бошқа тилдан, шунингдек қонунда кўзда тутилган ҳолларда таржимон ёрдамидан фойдаланишга ҳақлидирлар.
Шундай қилиб, жиноят ишлари юритиладиган тил принципини амалга ошириш жиноят процессининг бошқа принциплари билан бир қаторда, жиноят ишларини юритиш босқичида ҳақиқатни аниқлашнинг юридик кафолатларидан биридир. Ҳақиқатнинг аниқланиши эса, ўз навбатида, фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлайди.
ТДЮУ, Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура кафедраси мудири И.Джураев