2021 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Стратегик шериклик мулоқотининг илк учрашуви якунлари бўйича эришилган келишувга мувофиқ, жорий йил 6-9 март кунлари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Америка Қўшма Штатларига ташриф буюрди.
Мамлакатимиз ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан музокара ўтказди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда стратегик шерикликнинг 20 йиллиги муносабати билан ўзаро табриклар алмашилди.
Вазир A.Kомилoв ва Давлат котиби Э.Блинкен Ўзбекистон - АҚШ муносабатининг бугунги ҳолати ва истиқболи, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалалар, жумладан, қўшни Афғонистондаги гуманитар вазиятни муҳокама қилди. «С5+1» шакли доирасида минтақавий ҳамкорликнинг амалий жиҳатига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон делегациясининг Вашингтонга ташрифи доирасида АҚШ администрацияси вакиллари, Конгресс аъзолари, Америка ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари билан ҳам учрашув, музокаралар ўтказилди.
Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси аъзолари иштирокидаги учрашувда Ўзбекистон томони Америка ишбилармон доиралари вакилларига 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг асосий қоидалари, республикада иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништирди.
Тадбир давомида АҚШ компанияларининг республикадаги ислоҳотлар жараёнида иштирокини кенгайтириш масаласи ҳам кўтарилди. Бундан ташқари, жорий йил 24-26 март кунлари бўлиб ўтадиган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Америка компанияларининг кенг иштироки бўйича келишувга эришилди.
Халқаро таълим бўйича Америка кенгаши, Жорж Вашингтон университети, Техас А&М университети, Калифорниядаги Беркли университети раҳбарияти ва экспертлари билан мулоқотлар уюштирилди. Учрашувларда маҳаллий мутахассислар салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида икки давлат ўртасида университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш, академик ва илмий алмашинувларни ташкил этиш имконияти муҳокама қилинди.
Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати