French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон разведкачилари Покистонда ўтказилган халқаро мусобақада рекорд натижа билан ғолиб бўлди
13:52 / 2022-03-11

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги терма жамоаси Покистон Ислом Республикаси ҳудудида ўтказилган V Халқаро “Жамоа руҳи” муносиб мусобақасида иштирок этди.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон разведкачилари рекорд натижа билан Ватанимиз байроғини баланд кўтаришга муяссар бўлиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Халқаро мусобақа Покистон Ислом Республикаси Қуролли Кучларига қарашли 22 армия корпуси Терроризмга қарши курашиш миллий ўқув маркази (Пабби ш.) базасида ўтказилди. Унда 9 та давлатдан Марокаш, Иордания, Кения, Саудия Арабистони, Туркия, Шри-Ланка, Непал ва Ўзбекистон Республикаси, шунингдек, Покистон Ислом Республикасидан 8 та разведка гуруҳи, жами 16 та разведка жамоаси ўзаро беллашишди.

Мусобақа жараёнини Тожикистон, Қозоғистон, Баҳрайн ва Хитой давлатларининг Қуролли Кучлари вакиллари кузатиб борди.

Халқаро мусобақа шартларига кўра, жамоалар 80 километргача бўлган маршрутнинг 6 та назорат нуқтасида азимут бўйича ҳаракатланди. Назорат нуқталарида тактик-махсус, отиш, тиббий, алоқа, муҳандислик тайёргарлиги, оммавий қирғин қуролларидан ҳимоя ва ҳарбий топографиядан турли махсус, шунингдек,  кутилмаган тестларни ечиш машқлари бажарилди.

Беллашув давомида мамлакатимиз ҳарбий жамоаси ўзининг жипслиги ва қўйилган вазифаларни юқори савияда бажариши билан ажралиб турди. Айниқса, якка тартибдаги мутахассислик тайёргарлиги бўйича ўтказилган беллашувларда, яъни гуруҳнинг радиотелефонисти, муҳандиси, мергани ва фельдшер каби разведкачилари юқори натижалар кўрсатди.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз Мудофаа вазирлиги терма жамоаси қуръага биноан биринчи назорат нуқтасидан ўнинчи бўлиб ҳаракатланишни бошлаган бўлса-да, жасорат ва матонат билан ушбу мусобақанинг учинчи назорат нуқтасига қолган жамоалардан 6 соат олдин етиб борди ва энг юқори (2 850) баллни қўлга киритди.

Мусобақа якунида Покистон Ислом Республикаси қуруқликдаги қўшинлар қўмондони генерал-майор Аднан Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчиларининг жисмоний ва профессионал тайёргарлигини алоҳида таъкидлаб, “Мен Ўзбекистон жамоаси кучли эканлигини билардим ва биринчи ўринни эгаллашига шубҳам йўқ эди”, – деб жамоанинг турли экстремал шароитлардаги ностандарт қарор қабул қилиш каби ҳаракатларини юқори баҳолади.

Мусобақа якуни бўйича:

1-ўрин – Ўзбекистон Республикаси жамоаси (2 850 балл);

2-ўрин – Марокаш жамоаси (1 860 балл);

3-ўрин – Шри-Ланка (2 010 балл) ва Саудия Арабистони (1 900 балл). Шри-Ланка ва Саудия Арабистони жамоаларига жарима баллар белгиланганлиги сабали 3- ўрин берилди.

Халқаро мусобақанинг ёпилишига бағишланган тантанали маросимда ғолиб жамоа ва совриндорларга мукофотлар топширилди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси олтин медаль билан тақдирланди.

Мазкур мусобақада мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари ўзларини Соҳибқирон Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимизнинг муносиб давомчилари эканликларини яққол намойиш этди. Мухтасар айтганда, ўзбек разведкачилари ўзларига билдирилган ишончни тўлиқ оқлади.

Ғалаба муборак, ўзбек ўғлонлари!

З.ЖОНИБЕКОВ, ЎзА