Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига амалга оширган давлат ташрифи нафақат икки мамлакат муносабатларида, балки бутун минтақа тараққиётида муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Исломобод шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар, стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши, бизнес форумлар ва қатор учрашувлар Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда очиқлик, ишончли шериклик ва амалий ҳамкорликка таянган янги йўлининг изчил давом этаётганини кўрсатди.
Энг муҳими, бу ташриф мамлакатимиз ташқи сиёсати фақат дипломатик мулоқот билан чекланмасдан, балки аниқ иқтисодий ва инвестициявий натижаларга қаратилганини яна бир бор тасдиқлади.
Айтиб ўтиш керакки, кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон халқаро майдонда мутлақо янги қиёфада намоён бўлмоқда. Мамлакатимиз қўшни ва узоқ давлатлар билан муносабатларни кенгайтириб, янги бозорларга чиқиш, инвестицияларни жалб қилиш ва транспорт йўлакларини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда.
Покистонга амалга оширилган ташриф айнан шу стратегик мақсадларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Икки давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилган музокаралар давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари марказий ўринни эгаллади. Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ўсган бўлса-да, томонлар бу кўрсаткични яқин истиқболда 2 миллиард долларга етказиш вазифасини белгилаб олди. Бу эса иқтисодий алоқалар мутлақо янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Ташриф доирасида фармацевтика, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, кон-металлургия, геология, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қарийб 3,5 миллиард долларлик инвестиция ва савдо лойиҳалари портфели шакллантирилишига эришилди.
Мазкур йирик инвестиция ва савдо лойиҳаларининг амалга оширилиши, аввало, Ўзбекистонда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва минглаб янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.
Зотан, халқаро майдонда имзоланаётган ҳар бир келишув ва лойиҳанинг асосий мақсади – янги корхоналар ташкил этиш, иш ўринларини кўпайтириш, замонавий технология ва инвестицияларни жалб қилиш орқали ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш, янги бизнес имкониятларини кенгайтириш орқали турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилиб, мамлакатда барқарор ва узоқ муддатли тараққиёт учун мустаҳкам асос яратмоқда.
Покистон билан транспорт ва логистика соҳасида эришилган келишувлар стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаган давлат сифатида халқаро транспорт йўлакларини диверсификация қилишдан манфаатдор. Покистон портлари орқали жаҳон бозорларига чиқиш имкониятининг кенгайиши мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Бу борада Трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш, янги авиақатновларни йўлга қўйиш, логистика алоқаларини ривожлантириш бўйича келишувлар Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида янги иқтисодий кўприк шаклланишида муҳим ўрин тутади. Бу эса келгусида Ўзбекистонни минтақавий транзит марказга айлантириш имкониятини янада кучайтиради.
Ташриф давомида маданий ва гуманитар ҳамкорлик ҳам эътибор марказида бўлди. Покистон пойтахтидаги кўчалардан бири Тошкент деб номланди, янги боққа эса ҳарбий саркарда, шоир ва сиёсатчи Бобур номи берилди. Бу икки халқ ўртасидаги тарихий ва маънавий яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Дўстона муносабат ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳити кучайиб, келгусида туризм, таълим, маданий алмашинув ва гуманитар ҳамкорлик соҳаларида янги имкониятларга йўл очади.
Президент Шавкат Мирзиёевга Покистоннинг олий давлат мукофоти – “Нишони Покистон” орденининг топширилиши ҳам икки давлат ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланаётганининг ёрқин ифодаси бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, Покистонга амалга оширилган давлат ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги мазмун ва амалий натижалар билан бойиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Энг муҳими, эришилган келишувлар мамлакат иқтисодиётини узоқ муддатли ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА