Қозоғистон Сирдарё оқими бўйича Ўзбекистондан қуйида жойлашган. Мамлакатларимизни фақат дарёнинг ўзи эмас, бошқа сув манбалари ҳам бир-бирига боғлайди. Мисол учун, Сирдарёдан сув олувчи ва Ўзбекистоннинг Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан ўтувчи “Дўстлик” канали орқали Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Еттисой ва Махтаарал туманларидаги экин майдонлари суғорилади.
Чирчиқ дарёси ҳавзасидан “Зах”, “Хонум” ва “Катта Келес” каналлари орқали Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариоғоч, Қазиғурт туманлари сув билан таъминланади.
Қозоғистон ҳудудидаги Чордара сув омборидан Ўзбекистон ҳудудидаги Арнасой сув омборига сув олиш имконияти мавжуд.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масалалари конструктив руҳда ҳал этиб келинмоқда.
Ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси сифатида 1992 йилги кўп томонлама битим ҳамда 2016 йилда ташкил этилган қўшма ишчи гуруҳ фаолияти хизмат қилмоқда. Ушбу ишчи гуруҳнинг мақсади сув хўжалиги соҳасидаги барча йўналишлар бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат. Ўтган даврда қўшма ишчи гуруҳининг 12 та йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг яна бир муҳим йўналишларидан бири Тожикистон билан биргаликда ҳар йили уч томонлама имзоланадиган баённомалар орқали “Баҳри Тожик” сув омборининг ёзги иш режимини мувофиқлаштириш амалиётидир. Бу амалиёт Ўзбекистон ва Қозоғистонда вегетация даврида сув таъминотини янада яхшилаш ҳамда мавсумни муваффақиятли ўтказишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон томонлари Тожикистонга суғориш ва қирғоқни мустаҳкамлаш ишлари учун техника, ускуна ва ёқилғи-мойлаш материаллари шаклида беғараз моддий ёрдам кўрсатади.
Мисол сифатида айтадиган бўлсак, 2025 йил 30 май куни “Баҳри Тожик” сув омборининг 2025 йил июнь-август ойларида ишлаш режими бўйича навбатдаги уч томонлама баённома имзоланди.
Бу йил суғориш мавсумида Сирдарё ҳавзасида сув тақчиллиги кузатилди. Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон энергетика ва сув хўжалиги вазирликлари раҳбарлари ҳамкорликда муаммоларни ҳал этишди. Мавсум ҳар бир мамлакат учун муваффақиятли ўтишига эришилди.
Бундан ташқари, Қозоғистон билан икки томонлама алоқалар доирасида давлатлараро сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш, иш жадвалларини тезкор мувофиқлаштириш ва маълумот алмашиш орқали ресурсларни самарали бошқариш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида трансчегаравий сув объектларини ҳамкорликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги Битим лойиҳаси бўйича келишувга эришилган бўлиб, яқин кунларда имзоланиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Қозоғистон билан биргаликда минтақадаги сув ресурсларини бошқариш бўйича вазиятни яхшилаш мақсадида “Трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий стратегия” ҳужжати лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирги кунда қолган минтақа давлатлари билан келишиш жараёни бўлиб ўтмоқда.
Мамлакатларимиз сув хўжалиги соҳасидаги мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш йўлга қўйилган. 2025 йилнинг март ойида Тошкент шаҳридаги “Сувчилар мактаби”да Қозоғистон Республикаси Сув хўжалиги ва суғориш вазирлигининг 10 нафар ходими учун ўқув семинарлари ташкил этилди.
Тажриба алмашиш доирасида шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг икки нафар мутахассиси Қозоғистоннинг Остона шаҳрида минтақавий тренингда қатнашди, шунингдек, беш нафар қозоғистонлик мутахассислар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, жумладан, сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва каналларни бетонлаш бўйича мамлакатимиз тажрибасини ўрганиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришди.
Минтақамизда сувнинг қадри ва қиймати тобора ўсиб бормоқда. Мана шундай шароитда барча қўшни мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда ва самарали фойдаланиб, халқларимиз фаровонлигини таъминлаш учун мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солмоқда.
Зокир Ишпўлатов,
Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари
ЎзА.