Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Қозоғистон: стратегик шерикчиликдан иттифоқчилик сари
18:42 / 2022-12-20

Эртага Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев давлат ташрифи билан мамлакатимизга келмоқда. Сафар халқаро муносабатларнинг мураккаб даврига тўғри келмоқда. Мазкур ташриф, икки томонлама муносабатлар ва ундан кутилаётган натижалар ҳақида суҳбатлашиш учун Тошкент Давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсий фанлар доктори С.Жўраевга мурожаат қилдик.

– Сайфиддин Ахматович, сизнинг назарингизда, икки давлат алоқаларининг сиёсий дипломатик жиҳатлари нималарда намоён  бўлмоқда?

– Ўзбекистон – Қозоғистон  ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 23 ноябрь куни ўрнатилган, демак 30 йилдирки, алоқаларимиз ўзаро ҳурмат, ишонч ва фойдали шериклик руҳида ривожланиб келмоқда. Ўзаро муносабатлар 2021 йилда иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Албатта, бу жараёнларнинг самарали бўлишида икки давлат раҳбарларининг  сиёсий иродаси, саъй-ҳаракатлари ва ташаббускорлиги муҳим аҳамиятга эга. 

Икки томонлама сиёсий-дипломатик алоқаларда фаол ва очиқ мулоқот йўлга қўйилган. Биргина шу йилнинг ўзида Президентлар ўн маротаба телефон орқали суҳбатлашдилар. Шунингдек, ҳукуматлараро, парламентлараро давлат органлари ва идоралари тўғридан-тўғри алоқага киришишган.

Кўп томонлама муносабатларда ҳам бир-бириларини қўллаб-қувватлаб келмоқдалар. Айниқса, БМТ, МДҲ, ШҲТ, ОМИЧМ,  ТДТ Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилишмоқда. 

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кўплаб масалаларда томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқин. 

Расмий Тошкент Қозоғистоннинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига раислиги доирасидаги ташаббусларни қўлласа, расмий Остона эса Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасидаги фаолиятини қувватлайди. 

– Икки давлат парламентларнинг ўрни ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

– Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги парламентлараро мулоқотнинг фаоллашганини таъкидлашни истардим. Томонлар қонун ижодкорлиги, жумладан, халқаро парламент тузилмалари доирасидаги тажрибаларни ўрганиш мақсадида мунтазам равишда делегацияларнинг ўзаро ташрифлари амалга оширилмоқда. Яқинда Самарқандда Қозоғистон Парламенти сенати Раиси Маулен Ашимбаев ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева юқори палаталар ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссиянинг учинчи йиғилишини ўтказдилар.

Оролнинг қуриб бориши БМТ ва бутун жаҳон ҳамжамияти томонидан замонавий даврнинг глобал экологик муаммоларидан бири сифатида тан олинган. Қозоғистон ва Ўзбекистон Оролбўйида вазиятни сезиларли даражада барқарорлаштириш имконини берувчи тегишли чора-тадбирлар ва лойиҳаларни амалга оширмоқда. Парламент делегациялари Орол денгизи фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилдилар. Шунингдек, музокаралар давомида сенаторлар ҳудудлараро ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқдилар. 

Қозоғистон Ўзбекистоннинг йирик савдо ҳамкорларидан. Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки бараварга ошди. Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Шу маънода икки давлатнинг иқтисодий дипломатиясининг янги тенденциялари нималардан иборат?

– Бугунги кунда  Қозоғистон Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида Хитой (17,7 фоиз) ва Россиядан (17,4 фоиз) кейин 9,3 фоизлик улуши билан учинчи ўринни эгаллаган йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Ташқи савдо айланмасининг пассив балансига қарамай, бу мамлакат стратегик аҳамиятга эга товарлар етказиб берувчиси ва Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти учун энг йирик бозорлардан биридир.

Икки давлат ўртасидаги товар айланмаси таркибида асосий ўринни қишлоқ хўжалиги хомашёси маҳсулотлари эгаллайди. Қозоғистон, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилларнинг асосий харидоридир. Тошкент ҳам Остонадан енгил автомобиллар сотиб олади – икки йилдан камроқ вақт ичида автомобиллар импорти ҳажми 196,9 миллион долларни ташкил этди. 

Қозоғистон Ўзбекистонга дон ва ун, шунингдек, нефть ва нефть маҳсулотлари (ёқилғи, мойлаш материаллари ва бошқалар) етказиб берувчи асосий давлат ҳисобланади. Қўшни давлатдан,  шунингдек, тирик ҳайвонлар оламиз. 

Икки йилдан камроқ вақт мобайнида Ўзбекистонга 39,3 миллион долларлик гўшт ва гўшт маҳсулотлари экспорт қилинди. Шунингдек, экспорт маҳсулотлари қаторига, рангли металлар, электр энергияси, ўсимлик мойи, ёғли ўсимликлар ва мевалар, фармацевтика маҳсулотлари, сут маҳсулотлари,  парранда тухумлари ва бошқалар киради.

Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилоти ва ЕОИИ аъзоси. Шунга кўра, мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларида баъзи чекловлар ҳам мавжуд. Шунга қарамай, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин беш йил ичида 10 миллиард долларга етказишни режалаштиришган.

– Икки давлатнинг транспорт дипломатияси ҳақида фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Транспорт коммуникациялари соҳаси ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан биридир. Икки давлат транзит-транспорт соҳасида салмоқли салоҳиятга эга. Мамлакатларимиз  Евроосиёнинг халқаро аҳамиятга эга бўлган “Шимол-Жануб” ва “Шарқ-Ғарб” асосий савдо-транспорт йўлаклари кесишмасида жойлашганини эътиборга олиб, транспорт тармоғини янада самарали фойдаланишга интилмоқдалар. 

Бу борада биринчидан, Ўзбекистон ва Қозоғистон 2024 йилда “Туркистон – Шимкент – Тошкент” тезюрар темир йўлини ишга тушириш режаланган. Янги магистралнинг Қозоғистон ва Ўзбекистонни бирлаштирувчи ягона туристик йўналиш бўлиши кўзланмоқда, бу иккала мамлакатнинг туристик салоҳиятини ошириш имконини беради. 

Мамлакатларимиз автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Ушбу муҳим алоқа тармоғи учинчи давлатлар учун транзит вазифасини ҳам бажаради. Бу борадаги истиқболли лойиҳалар қаторида бугунги кунда Учқудуқ – Қизил Ўрда участкасида янги йўлак барпо этилаётганини эслатиб қўйиш даркор. Мазкур автомобиль ва темир йўли 2025 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

– Икки мамлакат ўртасидаги умумий чегаралар анча узун. Ҳудудлараро алоқаларнинг янги формати ҳақида гап борган эди, у бугун қандай шаклланмоқда?

– 2017 йилдан мамлакатларимиз ҳудудлараро ҳамкорлиги шакллана бошлади. Хусусан, Ўзбекистоннинг Навоий, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Қозоғистоннинг Қизилўрда ва Жанубий Қозоғистон вилоятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида шартномалар бор. Бу яқин ҳудудлар ўртасидаги муносабатлар жадал суръатларда ривожланишига туртки берди, одамларнинг ўзаро борди-келдиси, халқ дипломатияси йўлга қўйилди.

Тошкент ва Туркистон вилоятлари, Тошкент ва Остона шаҳарлари, Навоий ва Қизилўрда вилоятлари ҳокимиятлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича “йўл хариталари” қабул қилинган.

Масалан, Навоий вилоятининг Учқудуқ, Томди ва Конимех туманлари қўшни давлат Қизилўрда вилоятининг Қармақши ва Шиели, Туркистон вилоятининг Шардара туманлари билан чегарадош бўлиб, умумий чегара 620 километрни ташкил этади. 

Бевосита иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, 2021 йилда Навоий вилояти корхоналарининг Қозоғистон компаниялари билан ташқи савдо айланмаси 2020 йилга нисбатан йигирма фоизга ўсди. 

Вилоят ҳудудида қўшни давлат сармояси иштирокидаги ўнта корхона фаолият юритмоқда. Улар асосан, тўқимачилик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби йўналишлардан иборат.

Қозоғистон ҳудудидаги учта савдо уйида эса Навоий вилояти маҳсулотлари сотилмоқда. 

Сирдарё вилояти ҳамда қўшни Акмола, Павлодар ва Туркистон вилоятлари ўртасида доимий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Вилоятда Қозоғистон капитали асосида 19 та корхона бўлиб, жорий йилнинг ўн ойида ташқи савдо айланмаси 137,3 миллион долларни, шундан экспорт –  16,8 миллион долларни ва импорт - 120,5 миллион долларни ташкил этди.

– Ўзбекистон кейинги минтақа республикалари билан чегара масалаларини самарали ҳал этмоқда. Бу борада Қозоғистон билан аҳвол қандай?

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги минтақавий дипломатияси икки давлат муносабатларини стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига олиб чиқди. Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани демаркация қилишга киришди ва 2017 йилда Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлат чегараларининг туташган ҳудуди тўғрисида шартнома имзоланди. 

Шундан кейин  чегара ўтиш жойлари замонавийлаштирилди. Авиақатновлар оширилди, автобус ва темирйўл алоқалари тикланди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон делегацияларининг давлат чегарасини биргаликда демаркация қилиш бўйича юзинчи учрашуви жорий йил 14-19 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтди. 

Ўзбек-қозоқ экспертлари икки давлат чегараларини демаркация қилиш тўғрисидаги битим лойиҳасини имзолаш учун тайёрлаб қўйдилар. 

– Маданий гуманитар алоқаларнинг ривожи ҳақида ҳам тўхталсангиз...

– Давлат раҳбарларининг мулоқотида ҳамиша илм-фан, таълим, маданият, санъат, туризм, спорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга интилиш қатъий таъкидлаб келинади. Бу борада бугунги кунда Ўзбекистонда 803,4 минг қозоқ миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади, Қозоғистондаги ўзбеклар жамоаси эса 500 минг кишини ташкил этади. 

Икки томонлама муносабатларни қўллаб-қувватлашда мамлакатларимиздаги қозоқ ва ўзбек диаспоралари муҳим роль ўйнамоқда, улар учун миллий маданият, тил ва анъаналарини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратилган. Ўзбекистонда 1992 йилдан буён Қозоқ маданият маркази фаолият юритмоқда. Ушбу жамоатчилик ташкилотининг 30 га яқин ҳудудий ва вилоят бўлимлари мавжуд. Тошкент давлат педагогика университети, Қорақалпоқ давлат университети, Гулистон давлат университети, Нукус, Жиззах ва Навоий давлат педагогика институтларида қозоқ тили ва адабиёти факультети ва кафедралари ташкил этилган.

Икки мамлакат илмий ва таълим муассасалари ўртасида ўқитувчи ва талабалар, ўқув-услубий материаллар алмашинуви соҳасида тўғридан-тўғри алоқалар йўлга қўйилган. Ўзбекистон университетлари Қозоғистоннинг 50 дан ортиқ олий ўқув юрти билан ҳамкорлик шартномаларига эга.

Эртага Ўзбекистон ва Қозоғистон делегациялари музокараларидан қандай натижалар кутилмоқда?

Ўзбекистон раҳбарининг ўтган йили Қозоғистонга амалга оширган ташрифи давомида салмоқли ҳужжатлар имзоланган эди. Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация улар орасида энг муҳими ҳисобланади. Биз икки қардош халқларнинг равнақи йўлида кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг кўламли ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоримиз, деб таъкидлаган эди. 

Янги босқичдаги сиёсий алоқалар икки давлат муносабатларининг тубдан яхшиланишига олиб келди ва бундай ижобий объектив ҳолат Марказий Осиёдаги янги ўзгаришлар бошланишига туртки бўлди, деб айта оламиз. Минтақадаги қўшни давлатлар билан муносабатларда 2016 йилгача тўпланиб қолган кўплаб муаммоларга ечим топишга ижобий таъсир қилди. Бундай фаолият халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳолана бошланди.

Икки томонлама алоқаларда минтақавий ҳамкорлик, замонавий иқтисодий дипломатик алоқалар, кооперацион алоқалар устунлик қилишига қўшимча имкониятлар яратади. Инвестиция, маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар янгича аҳамият касб этади. Таҳлил шуни кўрсатадики, келажакда ва яқин истиқболда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигида барча соҳалардаги алоқаларнинг юқори тезликда ривожланиши юз беради. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақанинг йирик давлатлари бўлиб, улардаги ички ва ташқи сиёсатдаги ҳар қандай ўзгариш бутун минтақага таъсир ўтказади. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси уларнинг ўзаро яқинлашишга оид ҳаракатлари ва ташаббуслари, шунингдек, кейинги йилларда тўпланиб қолган ички ва ташқи муаммоларни ҳал этиш ва жаҳонда вужудга келган янги объектив реаллика мослашиш талаблари асосида ислоҳотлар ўтказишга янги қўшимча имкониятлар яратади. 

Бу ислоҳотлар охир-оқибатда Марказий Осиёни барқарор ривожланаётган минтақага айланишига ва тинч яшашнинг янги моделини шаклланишига олиб келади. Айниқса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлар раҳбарларининг янги даврдаги маслаҳат кенгашининг йўлга қўйилиши ва унинг Қозоғистон томонидан ҳар томонлама доимий қўллаб-қувватланиши минтақавий муаммоларни ечишда муҳим қадам бўлади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлигининг инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, транспорт ва логистика соҳаларида вужудга келган ва ривожланиб бораётган кўп қиррали ҳамкорликнинг янги тенденциялари бугунги ҳолатини мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш, кенгайтириш истиқболлари муҳим стратегик вазифа бўлиб қолади.

Мазмунли суҳбат учун миннатдорлик билдираман.

         Суҳбатдош ЎзА шарҳловчиси Аброр Ғуломов