14-16 ноябрь кунлари Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев давлат ташрифи билан юртимизда бўлади. Ташриф доирасида Қозоғистон етакчиси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мисли кўрилмаган даражага кўтарилиб, икки ва кўп томонлама форматдаги амалий муносабатларнинг ўзига хос намунаси бўлмоқда.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришганининг илк йилидаёқ икки томонлама муносабатлар янгича суръат олди. Ўтган давр мобайнида Тошкент ва Остона ўртасида қатор муҳим ҳужжатлар, жумладан Стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича ҳаракатлар режаси (2017), Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация (2021), Ўзбекистон-Қозоғистон Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома (2022) ва Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома (2022) имзоланди. Ушбу келишувлар Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларига мустаҳкам институционал асос яратди.
2016 йилдан буён икки давлат раҳбарлари 25 та, жумладан бешта давлат ва учта норасмий ташрифларни амалга оширди. Бундай мунтазам мулоқот бугун Тошкент ва Остона ўртасида ўзаро ишонч, прагматизм ва Марказий Осиё келажагига умумий қарашга асосланган мустаҳкам сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий “кўприк” шаклланганидан далолат беради.
Олий даражадаги мунтазам алоқалар, шунингдек ҳукуматлараро, парламентлараро, идоралараро ва ҳудудлараро кенг қамровли ва кўп қиррали сиёсий мулоқот Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигининг мазмуни чуқур трансформация бўлишини таъминлаган, ўзаро муносабатларни янги сифат ва стратегик мақсад билан тўлдирган муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
1997 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар лойиҳаларни амалий мувофиқлаштиришнинг асосий механизмига айланган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.
2019 йилдан Ҳукуматлараро комиссия доирасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Эндиликда комиссияга икки мамлакат Бош вазирлари раҳбарлик қилмоқда. Бу комиссия фаолияти тизимли ва самарали бўлишини таъминлаб, долзарб масалаларни тезкор ҳал этиш ва энг юқори даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши устидан самарали назоратни амалга ошириш имконини берди.
2018 йилдан буён фаол иш олиб бораётган Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми шерикликни мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишига айланди. Ушбу анжуман мамлакатларимиз ҳудудлари, тадбиркорлари ва ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот воситаси сифатида ўз самарадорлигини амалда кўрсатди.
Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда парламентлараро алоқалар ҳам муҳим ўрин тутади. 2022 йил февраль ойида Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши тузилиб, жорий йил май ойида Остона шаҳрида унинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш фаолияти нафақат қонун чиқарувчи органлар даражасида доимий сиёсий мулоқотни қўллаб-қувватлаш, балки эришилган келишувлар ва қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан парламент назоратини таъминлаш имконини ҳам бермоқда.
Кенгаш доирасида икки мамлакат депутатлари қонунчиликни уйғунлаштириш масалаларини тўғридан-тўғри муҳокама қилиш, ҳуқуқий тартибга солиш соҳасида тажриба алмашиш ва икки томонлама ҳамкорликнинг меъёрий базасини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар киритиш имкониятига эга бўлдилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари глобал ва минтақавий сиёсат масалаларида бир-бирини қўллаб-қувватлаб, минтақани жипслаштириш, шунингдек халқаро ҳамкорликнинг тобора муҳим механизмига айланиб бораётган Маслаҳат учрашувлари ва “Марказий Осиё плюс” майдонлари доирасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш тарафдоридир.
Остона ва Тошкентнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари минтақавий барқарорликни таъминлашнинг кўплаб йўналишларига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўзаро ҳамкорлигимиз нафақат миллий манфаатлар, балки Марказий Осиёдаги барча мамлакатларнинг умумий фаровонлиги устувор аҳамиятга эга бўлган прагматик ва ишончли ҳамкорлик намунаси сифатида ўзини намоён этди.
Бундан ташқари, мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Иқтисодий ҳамкорлик – Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик алоқаларнинг устуни
Сўнгги йилларда икки томонлама иқтисодий алоқалар жадал ривожланиб, юқори суръат ва янада ўсиш учун улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатмоқда.
2024 йил якунларига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4,27 миллиард доллардан ошди. Бу 2016 йилга нисбатан қарийб 2,5 баробар кўпдир. 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида мазкур кўрсаткич 3,5 миллиард долларга етиб, ўтган йилга нисбатан 15,5 фоизга ортди. Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари учталигига киради. 2030 йилга қадар товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Инвестициявий ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистонда 6 мингдан зиёд қўшма корхона самарали фаолият юритмоқда. Ҳар бир рақам ортида ишлаб чиқариш қувватлари, янги иш ўринлари, модернизация қилинган заводлар, фаол бозор ва икки мамлакат ишбилармон доираларининг интеграцияси ётибди.
Инвестициялар, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, фармацевтика, қурилиш ва бошқа соҳаларда кооперация алоқалари кенгаймоқда.
Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган қатор қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини саноат кооперациясининг энг муваффақиятли намуналари қаторига киритиш мумкин. Улар орасида Қўстанайда “Chevrolet” русумли автомобиллар ишлаб чиқариш, Туркистонда тикувчилик фабрикаси ва Чимкентда тўқимачилик корхонасини ишга тушириш лойиҳалари бор.
Саноатнинг турли тармоқларида бошқа ташаббуслар ҳам амалга оширилмоқда. Тиббий буюмлар, автоклав газобетон, “SAZ” русумли автобуслар, “HOWO” русумли юк автомобилларини ишлаб чиқариш, шунингдек “Hyundai” автомобиллари, ошхона плиталари ва сув иситгичларни йиғиш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Бу ишларга қўшимча суръат бериш мақсадида Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси марказини барпо этиш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Мажмуа майдони 100 гектар бўлиб, ҳар томондан 50 гектарда ишлаб чиқариш майдонлари, омборхоналар, транспорт инфратузилмаси объектлари жойлашади.
Марказнинг ташкил этилиши Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлиб, минтақада барқарор ишлаб чиқариш занжирларини яратиш учун мустаҳкам пойдевор яратади ва Марказий Осиёда саноат интеграцияси учун янги имкониятлар эшигини очади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон Евроосиёнинг транспорт-энергетик ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамламоқда. Қизилўрда – Учқудуқ автомобиль йўлини қуриш ва Тошкент вилоятида логистика хабини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу ҳудудлар ўртасидаги юк ташувларини сезиларли даражада тезлаштиради.
Энергетика соҳасида “Ўзбекнефтгаз” ва “ҚазМунайГаз” ўртасида углеводородларни қайта ишлашдан тортиб чизиқли алкилбензоллар ишлаб чиқаришгача бўлган йўналишларни қамраб олган стратегик ҳамкорлик ривожланмоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон энергетика тизимларини уйғунлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар Марказий Осиёнинг ягона энергетика маконини яратишга йўл очади.
Энг муҳими, рўй бераётган ўзгаришларни одамлар ўз ҳаётида ҳис қилмоқда. 2025 йилнинг саккиз ойида Ўзбекистонга 1,8 миллион нафар Қозоғистон фуқароси ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонга 956 минг марта ташриф буюрган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробарга ортган.
Мамлакатлар ўртасида рекорд даражадаги авиақатновлар, хусусан Тошкент-Олмаота ва Тошкент-Остона йўналишлари бўйича ҳафтасига 50 тагача рейс ва бошқа шаҳарларга парвозлар йўлга қўйилди. Шунингдек, Тошкент, Туркистон ва Олмаотани боғлайдиган янги темир йўл йўналишлари ишга туширилди.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам фаоллашмоқда. Икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида 280 дан ортиқ ҳамкорлик келишувлари имзоланган, қўшма факультетлар очилиб, Қозоғистонда Ўзбекистон таълим кунлари ва Ўзбекистонда Қозоғистон таълим кунлари ўтказилмоқда.
Мухтасар айтганда, бугун Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни етук иттифоқчиликнинг ёрқин намунаси, деб атасак муболаға бўлмайди. Ўзаро муносабатлар рақобат эмас, яқин шериклик ва умумий тараққиёт тамойилларига асосланган. Президент Қасим-Жомарт Тўқаевнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи нафақат дипломатик воқеа, балки икки давлатнинг барқарорлик, яхши қўшничилик ва фаровонлик ҳукм сурадиган умумий келажакни барпо этиш йўлидаги стратегик танловининг тасдиғи бўлади.
Бекзод Норматов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими.
ЎзА