Туризм қўмитасида Қозоғистоннинг “Air Astana” авиакомпанияси вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириш, янги йўналишлар очиш ва мавжуд парвозлар сонини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш, замонавий меҳмонхоналар, маданий-кўнгилочар масканлар ва транспорт-логистика қулайликларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Ўзбекистонга ташриф буюраётган хорижий сайёҳларнинг мамлакатимизнинг маданий-тарихий меросига, жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарларига бўлган қизиқиши ортиб бораётгани таъкидланди. Авиақатновларнинг кенгайтирилиши Ўзбекистонда очилаётган янги туризм объектлари, замонавий музей-кўргазма мажмуалари, реконструкция қилинган тарихий ансамбллар ҳамда барпо этилган замонавий туристик инфратузилма билан танишиш имкониятини яратади.
Музокаралар якунида икки томонлама ҳамкорлик доирасида мулоқотни давом эттириш ва аниқ таклифларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА