Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Қозоғистон ҳудудлараро бизнес-форуми бўлиб ўтди
14:36 / 2022-12-21

21 декабрь куни Тошкентда икки қўшни мамлакатнинг асосий вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, Савдо-саноат палаталари, холдинг компаниялари раҳбарлари ҳамда ишбилармон доираларининг 400 дан ортиқ вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин сўзга чиқдилар. Делегациялар раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг ижобий динамикасини таъкидлар экан, бу борада ишбилармон доираларнинг фаол ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этишини қайд этишди. 

Иштирокчилар эътибори ўзаро товар айирбошлашнинг ўсиш динамикасига қаратилди, сўнгги йилларда бу кўрсаткич икки баравар кўпайиб, 5 миллиард долларга яқинлашди. Маррани 10 миллиард долларга етказиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилмоқда, бунинг учун яқин келажакда тегишли ташқи савдо инфратузилмаси яратилади. Инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси соҳасида ҳам динамик ўсиш кузатилмоқда. Охирги 5 йил ичида мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокидаги корхоналар сони 5 баробарга кўпайиб деярли 1200 тани ташкил этмоқда. 

Айни пайтда умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 дан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ишга солинмаган захира ва имкониятлардан кенг фойдаланиш асосида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида бир қатор йўналишларда бевосита ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, иккала мамлакат ҳудудида Ўзбекистон ва Қозоғистон вилоятларининг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаларини ўтказиш, автомобилсозлик, электроника ва электротехника, энергетика, фармацевтика, кимё ва тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.   

– Халқаро бозорларга маҳсулотларимизни олиб чиқиш мақсадида қиёсий устунликларимиз асосида юқори технологияли корхоналарни ташкил этиш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш алоҳида аҳамият касб этади, – деди жумладан Жамшид Ходжаев.   

Хусусан, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш учун икки мамлакат ҳам улкан салоҳиятга эгалиги таъкидланди. Зеро, мамлакатларимизда бунинг учун зарур бўлган саноат, технологик, меҳнат ресурслари ва табиий бойликлар мавжуд.  Ўзаро келишиб, ғайрат билан ҳамкорликда иш олиб борилса, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқса бўлади. 

– Ўзбекистон биз учун Марказий Осиёдаги асосий, ишончли ва истиқболли ҳамкордир. Мамлакатлар ўртасида тобора ривожланиб бораётган савдо алоқалари дўстона муносабатларимизнинг локомотивига айланди. Қозоғистон Марказий Осиё минтақасида ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Форумнинг ўтказилиши минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва жаҳон бозорида Марказий Осиё брендларини яратиш муҳимлигининг яна бир исботидир, –деди Серик Жумангарин. 

Форум давомида вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва вилоят ҳокимликлари раҳбарлари, шунингдек, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари тақдимотлар ўтказдилар. Уларда ҳамкорлик салоҳияти атрофлича очиб берилди ва ҳамкорликда амалга оширишга мўлжалланган тайёр истиқболли лойиҳалар таклиф этилди. Шунингдек, тадбир давомида бўлиб отган “Б2Б” ва “Г2Б” музокаралари чоғида ўзаро ҳамкорликнинг молиявий-техник жиҳатлари ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама қилинди.   

Тадбирлар якунида делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада кучайтириш, мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга содиқликларини билдирдилар.   

Форум якунлари бўйича Самарқанд ва Туркистон шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида Битим, қишлоқ хўжалиги соҳасига доир инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини ўзида мужассам этган алоҳида “Йўл харитаси”, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувлар имзоланди. 

 

Саидмурод РАҲИМОВ, 

ЎзА мухбири