Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов бошчилигидаги делегация Бухорога келди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов элчи ва у бошчилигидаги меҳмонларга кўҳна ва боқий Бухоро ва унинг бугунги куни, халқ хўжалиги тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳалар, икки давлат ўртасидаги келишувларга мувофиқ рўёбга оширилаётган хайрли ишлар хусусида атрофлича маълумот берди.
— Ташрифингиз мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик ва азалий қўшничилик алоқаларини янада яхшилаш, халқларимиз турмушини барқарорлаштиришга хизмат қилар экан, бундан бағоятда миннатдорман, – деди вилоят раҳбари. – Ўтган йиллар давомида ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига мувофиқ жадал ривожланиб бораётган халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатлари бугунги кунда янги мазмун-моҳият касб этмоқда. Ўзбек ва қозоқ халқларини азал-азалдан муштарак тарих, маданият ва қадриятларнинг умумийлиги, тил ва урф-одатларнинг яқинлиги боғлаб туради. Бухоро вилоятида 16,5 мингдан ортиқ қозоқ миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилади. Уларнинг тили, маданияти, урф-одатларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Қолаверса, бу борада Қозоқ миллий маданият маркази фаолияти муҳим аҳамиятга эга.
Бухоро тадбиркорлари томонидан Қозоғистон Республикаси компаниялари билан ҳамкорликда турли соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани натижасида бугунги кунда вилоятда 7 та қўшма ва хорижий корхона фаолият кўрсатмоқда. Савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, экспорт турларини кенгайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалалари алоҳида ўрин тутади. Шу билан бирга, Қозоғистон Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган етакчи ўнта давлат қаторига киради. Хусусан, сўнгги беш йилда қозоғистонлик ҳамкорлар билан ташқи савдо ҳажми тўрт баробарга ошган.
Вилоят раҳбари ўз сўзида икки томон ўртасида иқтисодий, ижтимоий, савдо ва сармоявий, қишлоқ хўжалиги ва аграр комплексга доир ҳамкорлик алоқалари билан бирга, маданий гуманитар, туризм йўналишларидаги шерикликка доир истиқболли таклифларини илгари сурди.
Элчи Бейбут Атамқулов самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Кўҳна Бухорога бир неча кунлик сафари мазмунли кечаётганини таъкидлади. Бу юрт салоҳиятини юқори баҳолаб, қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигига эътибор қаратди. Хусусан, “Ғиждувон” ҳамда “Бухоро Агро” эркин иқтисодий зоналарида, яна бошқа кўп тармоқли корхоналар, агрокластерларда бўлиб, улар фаолияти, ишлаб чиқариш ва инвестициявий муҳит, тадбиркорларга яратиб берилган шароитларни алоҳида эътироф этди. Қолаверса, қадим вилоятнинг сармоявий ҳамда туристик салоҳиятини юқори баҳолаб ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, томонлар ўзаро қизиқтирган масалаларда фикр алмашиб, ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.
Зариф Комилов, ЎзА