Андижон давлат техника институтининг автомобилсозлик факультетида Ўзбекистон Қизил ярим ой жамиятининг 100 йиллигига бағишланган тантанали конференция бўлиб ўтди.
1925 йили ташкил этилган Қизил ярим ой жамияти мамлакатимизда инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилиб келаётган энг кекса гуманитар ташкилотлардан бири саналади. Тўрт авлод давомида у аҳолини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоя, ёрдам кўрсатиш ва меҳр-шафқатни тарғиб этиш соҳасида мустаҳкам фаолият юритиб келмоқда.
Тадбир давлат ва нодавлат ташкилотлари, маҳаллий кенгашлар ва тиббиёт муассасалари вакиллари, жамоатчилик фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда ёш волонтёрларни бирлаштирди. Конференция Ўзбекистон давлат мадҳияси янграши билан бошланди. Шундан сўнг жамиятнинг юз йиллик тарихи ва халқаро фаолияти ҳақидаги видеохроника намойиш этилди.
[gallery-26270]
Андижон вилояти ташкилоти раиси Холидахон Мирзарахимова сўзга чиқиб, ҳудудда олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Унинг таъкидлашича, вилоятда фавқулодда вазиятларга тайёргарликни ошириш, биринчи ёрдам кўникмаларини ўргатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва якка ёлғиз фуқароларга ёрдам кўрсатиш, ёшлар билан ишлаш каби йўналишларда тизимли иш тажрибаси шаклланган. Жорий йил давомида 36 та умумтаълим мактабида ўқув-тренинглар ўтказилган, 250 нафар эҳтиёжманд шахсга моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилгани қайд этилди.
Конференция дастури доирасида жамиятнинг 100 йиллик фаолиятига бағишланган маърузалар, фавқулодда вазиятларда аҳоли хулқ-атворига оид тақдимотлар, ёшлар маркази фаоллари иштирокида ижтимоий лойиҳалар ва вилоят ҳамда туман ташкилотлари тажрибаси тақдим этилди.
Шунингдек, онкологик касалликлар билан оғриган болалар ва катталар учун хоспис хоналарини ташкил этиш бўйича амалий ташаббус ҳам маърузачилар томонидан эълон қилинди.
Ушбу конференция Қизил ярим ой жамиятининг бир асрлик тарихини ёдга олган ҳолда, келгуси йилларда инсонпарварлик соҳасида амалга ошириладиган муҳим лойиҳаларга кенг имконият яратиб беради.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари