Аэропоника асосида фаолият юритувчи энергия тежамкор иссиқхоналар қишлоқ хўжалигида инновацион ечим сифатида тобора оммалашмоқда. Ушбу технология ўсимликларни тупроқсиз муҳитда, махсус туманлаштирилган озуқа эритмалари орқали парваришлашни назарда тутади. Натижада сув ва ўғит сарфи камаяди, ҳосилдорлик эса сезиларли даражада ошади. Бундай иссиқхоналарда энергиядан самарали фойдаланиш орқали йил давомида экологик тоза ва барқарор маҳсулот етиштириш имкони яратилади.
AirFarm технологияси аэропоника асосида фаолият юритувчи, энергия тежамкор иссиқхона тизими бўлиб, йил давомида барқарор ҳамда юқори ҳосил олиш имконини беради.

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори ўринбосари Ойбек Омонов бошчилигидаги делегация Корея Республикасида хизмат сафарини амалга оширмоқда. Сафар давомида қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни жорий этиш, илмий-тадқиқот ишларини амалиётга татбиқ қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор учрашувлар ўтказилмоқда.

Хусусан, ташкил этилаётган мулоқотлар жараёнида Ўзбекистонда замонавий иссиқхона тизими — AirFarm технологиясини жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Қиймати 150 минг АҚШ доллари бўлган 4 та AirFarm ускунасини Ўзбекистонга беғараз тақдим этиш бўйича келишувга эришилди.

Мазкур ускуналардан бири Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказига, қолган учтаси эса Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтига ўрнатилиб, уларда салат барги, кўкатлар ҳамда маҳаллий картошка навлари етиштирилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА