Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Андалусияда
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Испаниянинг Андалусия автоном ҳудудига қарашли Кордоба провинциясида жойлашган Қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик бўйича тадқиқот ва ўқув институтида бўлди.
Ташриф давомида илмий тадқиқот, инновация технологиялари ва барқарор аграр ривожланиш масалаларига ихтисослашган мутахассислар билан учрашувлар ўтказилди. Самимий ва конструктив руҳда ўтган мулоқот чоғида соҳа самарадорлигини ошириш, ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш, уруғчилик, ўсимликлар муҳофазаси ва аграр таълим йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш мавзулари муҳокама қилинди.

Томонлар тажриба алмашиш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш ҳамда илмий марказлар ўртасидаги шерикликни ривожлантиришга келишиб олдилар.
Мазкур ташриф Ўзбекистон аграр соҳасига инновацион ёндашувларни янада кенгроқ татбиқ этишга хизмат қилиши шубҳасиз.
М.Пирматова, ЎзА